Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 45 / Минтақавий ҳамкорлик

Янги уфқлар сари

 

Аввал хабар берганимиздек, октябрь ойида VIII йиллик Марказий Осиё савдо форуми илк бор Тошкентда бўлиб ўтди. «Савдо ва инвестицияларни ривожлантиришдаги янги уфқлар» деб номланган анжуман минтақа давлатларининг ўзаро ва халқаро савдо учун очиқлигини яна бир бор намойиш этди. Зеро, бу тамойил мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ўсиш суръатларини ошириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, савдо ва туризмни ривожлантиришга қаратилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларимизга айнан ҳамоҳанг келади.

 

 

Форум ташкилотчилари – АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги Ёшлар ижод саройида дунёнинг 27 мамлакатидан 1 100 дан ортиқ делегатни тўплади. Улар қаторида Марказий Осиё, Европа ва Америка Қўшма Штатлари, халқаро ташкилотларнинг давлат ва хусусий сектор вакиллари бор. Шуни қайд этиш керакки, форумда хорижий ҳукумат тузилмалари, бизнес-уюшмалар, дунёнинг йирик ишлаб чиқарувчилари, шунингдек, халқаро молия институти ва ташкилотлари, шу жумладан Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, ЕХТТ, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти, Жаҳон савдо ташкилоти ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари иштирок этди.

Анжуманни очар экан, USAIDнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Кристофер Эдвардс анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур форум бизнес доираларини 70 млн дан зиёд мижоз истиқомат қилаётган минтақа ривожланаётган бозорининг янги имкониятлари билан таништиришга хизмат қилишини таъкидлади.

– Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ билан тезкор суръатларда ривожланаётган конструктив муносабатларни қадрлайди, улар билан ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама алоқалар янада мустаҳкамланишини қўллаб-қувватлайди, – деди республика Бош вазири ўринбосари Нодир Отажонов. Ҳукуматимиз вакилининг сўзларига кўра, савдо соҳасидаги ҳамкорлик Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлигимизнинг асосий локомотиви ва мазмунига айланиши керак. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш, турли хил савдо тўсиқларини бартараф этиш ва Марказий Осиёда умумий очиқ бозорни яратишга қаратилган бўлиши лозим. Бу эса минтақа мамлакатларининг иқтисодий салоҳиятини янада оширади.

Марказий Осиёнинг бугунги тараққиёти, иқтисодиётларнинг бир-бирига уйғунлиги, мамлакатлар салоҳиятини бирлаштиришга бўлган эҳтиёж, муҳим масалалар бўйича тафовутларнинг йўқлиги изчил интеграциялашув жараёнлари учун асосли замин яратади.

Ўз чиқишида нотиқ ЖСТга ­аъзо бўлиб кириш – Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади. Ҳозирги вақтда республикамизда Ўзбекистоннинг мазкур халқаро ташкилотга қўшилишига доир йўл харитаси амалга оширилмоқда. Нодир Отажонов сентябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган «Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқбол ва фойдаланилмаган имкониятлар» халқаро конференцияси хусусида гапириб, мамлакатимиз минтақавий аҳамиятга эга бўлган транспорт йўлакларининг ривожланган тармоғи шаклланишидан манфаатдор эканлигини қайд этди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили Алан Мельтцер «дунё тобора мураккаблашиб ва ўзаро боғлиқ бўлиб бораётган ҳозирги шароитда тезкор ҳал этилишини кутаётган масалалар кўпайиб бормоқда» деди. Даврнинг бундай чақириқлари янги имкониятлар эшигини очаётир. Мазкур форум ушбу жараёнда ҳамкорликни йўлга қўйиш, ғоялар алмашинуви ва янги бозорларга кириш имконини берадиган масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашиш учун қулай шароит яратади.

 

Савдо салоҳияти

«Янги уфқлар: Марказий Осиёдаги янги имкониятлар» номли биринчи ялпи мажлиснинг модератори, ЎзР Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов форум ишига ишчан кайфият бахш этди. Унинг фикрича, минтақанинг қўшни давлатлар билан барча соҳаларда ўзаро мулоқотни ўнглаши ва ҳамкорликни кучайтириши мамлакатимизнинг янгиланган ташқи сиёсати, савдо сиёсати ва инвестициявий муҳитга нисбатан янгича ёндашувларида алоҳида кўзга ташланади. Марказий Осиёни ягона йирик макон сифатида кўраётган халқаро ташкилот ва институтлар, иқтисодий ва бизнес-тузилмалар бундай дадил қадамларимизни қўллаб-қувватламоқда албатта.

 

 

Ана шу руҳдаги суҳбатни давом эттирар экан, АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиёдаги савдо ишлари бўйича раҳбарнинг ўринбосари Марк Линскотт Ўзбекистон инвестициявий муҳитининг ижобий ўсиш суръатлари, иқтисодий салоҳият ва республика савдо майдонининг ҳуқуқий асосларидаги катта истиқболни эътироф этди.

Ўзбекистондаги GM ваколатхонасининг директори ва GM Powertrain Uzbekistan корхонасининг бош директори Женнифер Бигелоунинг тақдимномаси ҳам қизиқарли бўлди. У автомобиль моторларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган минтақамиздаги ягона заводнинг фаолияти хусусида гапириб берди. Бундай ўзига хос ва мукаммал корхона дунёнинг саноқли мамлакатларида учрайди. Йирик ҚК жиҳозланиши, технологик жараёнларни назорат қилиш тизими, эргономик ва экологик самарадорлиги жиҳатидан ўта замонавий ҳисобланади. Ўрнатилган қайта ишлаш тизими ишлаб чиқаришни ёпиқ жараёнда олиб боришга имкон беради. Бизнес-вумен мазкур жараёнларнинг минтақа мамлакатлари савдо салоҳиятига таъсирини гапириб берди.

 

Маълумот учун.

Форум доирасида 13 та ялпи ва панелли мажлислар, 4 та ўқув семинари, бизнес-тренинглар, В2В форматидаги учрашувлар, шунингдек, сиёсий арбоблар, халқаро экспертлар, тадбиркорлар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида корпоратив тақдимотлар бўлиб ўтди. Тадбир ранг-баранг мавзулар бўйича фикр алмашиш учун қулай майдончага айланди.

 

Марказий Осиёда туризмни ривожлантириш

Туризмни жонлантириш ва туризм тармоғида тўловларни ўтказиш тартиб-таомилларини соддалаштириш учун ижтимоий медиа– ва рақамли инфратузилмалар аҳамиятини муҳокама қилиш мазкур панелли сессиянинг эътибор марказида бўлди. Маърузачилардан бири, «Air Commerce» компаниясининг тижорат директори Грэм Чалмерснинг таъкидлашича, туристлар нақд пулни кўпинча «ёқтиришмайди». Мутахассис туризм соҳасида 16 йиллик иш тажрибасига эга. Travelport компаниясининг Европа, Россия ва МДҲдаги тижорат битимларини бошқаришга масъул бўлар экан, «Travelport Commerce» платформасининг маҳсулот ва хизматлари мижозлар учун харидорбоп бўлиши учун Грэм авиакомпанияларнинг унчалик қиммат бўлмаган, минтақавий, аралаш ҳаво йўли парвозларига ихтисослашишга ҳаракат қилади. У жамоатчиликка «Travelport» тижорат компанияларининг маҳсулот ва хизматларини янада кенгроқ тақдим этиш, авиакомпанияга янги мижозларни жалб этиш учун ўз ишини қандай йўлга қўйганини гапириб берди. Ахборот олиш ва чипталарни бронлаш мақсадида веб-сайтлардан фойдаланадиган турист – мустақил саёҳатчилар йил сайин кўпайиб бормоқда. Улар қулай тўлов воситаларидан фойдаланишни хоҳлашади албатта.

Мазкур сессия маърузачиларининг фикри бир жойдан чиқди – рақамли инфратузилма туризм учун глобал аҳамиятга эга бўлиб бораётир. Аксарият ҳолда уяли телефонлар орқали чипталар харид қилинмоқда, меҳмонхоналар бронланмоқда, шунинг учун мобил иловаларни иложи борича қулайлаштириш керак.

 

Аёллар ва замонавий технологиялар

Форумда технология ва ижод соҳасида аёлларнинг ўз бизнесини очиши имкониятлари илк бор муҳокама қилинди. Аёллар тадбиркорлиги бўйича сессияда «нафосат эгалари» одатдаги тўсиқлар, дастак ва технологиялар хусусида фикр алмашишди. Шахсий муваффақиятлари билан ўртоқлашишди. Америкада Авлоний мусиқа академияси, Лафайетдаги Ломаринда мусиқа ва санъат академиясининг асосчиси ҳамда директори, «eBibelot» корпорациясининг (Сан-Хосе, Калифорния) ҳаммуассиси Умида Авлоний қилган суҳбат ҳам қизиқарли бўлди. Айни вақтда ватандошимиз eBibelot жамоаси билан ҳамкорликда music.iLuv мусиқий дастури устида ишлаб, анъанавий педагогик ёндашувни етакчи технология ва инновациялар билан уйғунлаштирмоқчи. music.iLuv лойиҳасидан кўзланган мақсад – талабаларда мусиқани ўрганишга интилишни ошириш, уларнинг ижодий кўникмаларини ривожлантириш ва мусиқадан ҳузур олишга ўргатишдан иборат.

Сессияда «Technovation» танловларида иштирок этган бир гуруҳ ёш аёллар чиқиш қилишди, улар ўз лойиҳавий ғоя ва концепцияларини тақдим этди. Уларнинг орасида ҳам ватандошларимиз бор.

«Green Business Innovation» компанияси атроф-муҳит ўзгариши, яшил технологиялар, барқарор энергетика, энергиянинг қайта тикланадиган манбалари, ахборот технологиялари ва инновациялар масалалари бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатади. Унинг асосчиси ва бош директори Саида Юсупова яшил технологиялар, бизнес-имкониятлар соҳалари, технологик ҳамда ижтимоий тадбиркорлик лойиҳаларида аёлларнинг иштирокига доир семинар ва анжуманларда кўп қатнашган. Бу аёл илмий-техник ва ижтимоий фанлар бўйича хотин-қизларнинг таълим олиши тарафдори ва Technovation дастурининг Ўзбекистондаги минтақавий элчиси ҳисобланади.

 

Инвестициявий муҳитнинг ўзгариши

Сессияларнинг яна бирида инвестицияларни жалб этиш жараёнида интеллектуал мулкни ҳимоялаш муҳимлиги тўғрисида сўз борди. Модератор – «Legalmax» юридик фирмасининг (ЎзР) шерик бошқарувчиси Муҳаммадали Маҳмудов суд ишида қўлдан бой берилган фойдани ундиришнинг имкони йўқлигини афсус-надомат билан қайд этди. Бу аччиқ ҳақиқатни хизматлари нақ Chambers Global ва The Legal 500 томонидан халқаро рейтинг баҳосини олган патентланган профессионал вакил эътироф этди. У Товар белгилари халқаро уюшмасининг аъзоси бўлиб, ўзи миллий, хорижий ва трансмиллий компаниялар билан ишлаш тажрибасига эга. Унинг амалий фаолияти интеллектуал мулк ҳуқуқи, носоғлом рақобат тўғрисидаги қонунчилик ва миллий ҳамда халқаро арбитраж судларида етакчи суд жараёнларини қамраб олади.

Муҳаммадали Маҳмудов контрафакт товар тайёрловчи нафақат қонуний ишлаб чиқарувчи, балки давлат олдида ҳам жавобгар бўлиши керак, деди. Амалиётда эса фақат фармацевтика бизнесида қатъий тартибга солиш кузатилади. Бошқа экспертлар ҳам интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш мамлакатимизда етарли даражада эмаслигини қайд этдилар. Хусусан, қонуний ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун курашадиган муайян идора, контрафакт маҳсулот ишлаб чиқарганлик учун юридик шахсларга белгиланадиган жазо, товар белгисидан ноқонуний фойдаланганлик учун қатъий жазо чоралари мавжуд эмас. Ана шунинг учун «бировнинг ашуласини айтиш» бозорбоп иш бўлиб қолди. Лекин бунда нафақат бюджет йўқотишлари, балки истеъмолчилар хавфсизлиги масаласи ҳам кўндаланг туради.

 

 

«ЖСТга киришнинг зарар ва фойдалари» номли сессияда экспертлар глобал савдо тизимини муҳокама қилишди ҳамда ташкилотга аъзо бўлган мамлакатларнинг тажрибаси билан ўртоқлашишди.

Марказий Осиёнинг инвестициявий муҳити муҳокамаси чоғида Ўзбекистон ва минтақа бошқа мамлакатларининг иқтисодий ислоҳотлари, уларнинг инвестиция ва савдога кўрсатиши мумкин бўлган таъсирлари ўрганилди.

Шу билан бирга транспорт ва логистика соҳасидаги инвестициявий имконият ва тамойиллар муҳокама қилинди, минтақанинг логистика хизматлари жабҳасидаги инвестициявий муҳит ўзгаришлари кўриб чиқилди. Музлатгич омборхоналар ва мультимодал логистик марказларни кенгайтириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.

Бир вақтнинг ўзида бошқа майдонларда органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, Марказий Осиёда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатдошлигини оширишда халқаро стандартларнинг (G.A.P., БМТнинг ЕИК, ISO ва бошқалар) аҳамияти, маҳсулотларни дунё бозорига олиб чиқиш масалаларига бағишланган сессиялар бўлиб ўтди. Сертификациялашнинг турли жиҳатлари ҳамда хусусий сектор учун бундай хизматлардан фойдалана олиш имкониятлари муҳокама этилди.

Сессияларнинг расмий қисми кичик корхоналар учун экспортни жонлантириш бўйича маҳорат дарслари билан якунланди, бунда улар учун алоҳида тавсиялар ишлаб чиқилди. Канадалик савдо ва инвестицияларни ривожлантириш бўйича эксперт Карлос А. Вульгар Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатларининг импортга қўядиган талаблари, маркетингнинг самарали халқаро стратегиялари, ташқи бозорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг мавсумий юқори нархланишидаги афзалликлар, маҳсулот ва бозорларни диверсификациялаш дастаклари хусусида батафсил тўхталди.

Анъанага кўра, форумнинг иккинчи куни ISO халқаро стандартлари бўйича тренинг бўлиб ўтди. Бу сафар «Cert Academy» компанияси янгиланган ахборот билан таништирди ва ISO 22000: 2018 (HACCP) ҳамда ISO 9001:2015 стандартлари бўйича ўқув ўтказди. Унинг якунлари бўйича иштирокчиларга тегишли сертификатлар топширилди.

 

Танлов ғолиблари

Форумнинг биринчи иш кунида компанияларнинг улар маҳсулоти ва хизматларига қўшилган қийматни ошириш учун илғор услубиятлар ва инновацион технологияларни ёхуд жараёнларни қўллашда ютуқларини эътироф этувчи танлов ғолиблари тантанали тақдирланди. Танловда мева-сабзавотчилик, транспорт-логистика ва туризм секторлари вакиллари иштирок этди. Ғолиблар ҳам аниқланди: «Turksib Magistral» компанияси (Ўзбекистон) – транспорт ва логистика соҳасидаги катта ютуқлари учун – 2018, «Berad Agro» компанияси (Ўзбекистон) – мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлашдаги катта ютуқлари учун – 2018, «Kyrgyz Pamir Tours» туристик-транспорт компанияси (Қирғизистон) – туризмни ривожлантиришдаги катта ютуқлари учун – 2018.

 

Якунлар

VIII Марказий Осиё савдо форуми савдо ва инвестицияларни ривожлантиришдаги муайян ютуқлар билан бирга, минтақада бир қатор муаммолар ҳам борлигини кўрсатди. Уларни муҳокама қилиш ва ўзаро мулоқотларни йўлга қўйган ҳолда ҳамкорликда ҳал этиш лозим бўлади. Давлат органлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар ва бизнеснинг кўп сонли намояндалари шу тўхтамга келишди. Уларнинг фикрича, бу каби анжуманлар ниҳоятда зарур, уларда мулоҳаза учун кўп билим берилади, маълумотлар олинади. Форум аллақандай ўткинчи тадбир эмас, балки янгидан-янги ғоя ва лойиҳаларни амалга оширишнинг мақбул майдонидир.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

ўз мухбиримиз.

Прочитано: 1213 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика