Хусусий корхона бир неча йилдан буён қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ёзда тожикистонлик тадбиркорлар билан Тошкентда учрашганда уларни ўз маҳсулотларимиз билан меҳмон қилдик, уларга ёқди. Уни экспорт қилишни таклиф этдилар. Ҳозир Хўжанддаги бир тадбиркор билан келишувга эришганмиз.
Бир неча йил аввал ўз маҳсулотларимизни Қозоғистонга сотмоқчи бўлганимизда нон-булка ва қандолат маҳсулотларини республика ташқарисига сотиш мумкин эмас дейишган эди.
Ҳозир бундай тақиқ ёки чекловлар борми?
Агар қандолат маҳсулотларини экспорт қилишга рухсат берилган бўлса, буни қандай шартларда амалга ошириш мумкин?
Божхонага қандай ҳужжатларни тақдим этиш керак, расмийлаштириш қанчага тушади?
Хорижий шахс билан шартнома қандай форматда тузилган бўлиши лозим?
Т.Рамзина.
– Нон-булка маҳсулотлари (ТИФ ТН коди – 1905) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Президентининг қарорларига асосан экспорт қилинадиган буюмлар ва маҳсулотлар рўйхатига (15.12.2017 йилдаги ПФ-5286-сон Фармонга 1-илова) киритилган. Бироқ мазкур қоида ундан тайёрланган қандолатчилик маҳсулотлари, пирожний, печенье, сухари, қовурилган бурда нон ва шунга ўхшаш ўзи ишлаб чиқарган қовурилган маҳсулотларга нисбатан татбиқ этилмайди. Шу тариқа, корхонангиз экспорт қилмоқчи бўлган маҳсулот санаб ўтилган маҳсулотлардан таркиб топган бўлса, уларни бемалол экспорт қилишингиз мумкин.
Экспортга доир ҳужжатлар
«Экспорт» божхона режимида олиб чиқиладиган товарларни божхонада расмийлаштиришда божхона органларига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
1) контракт (шартнома, битим), тегишли ваколатли органларда рўйхатдан ўтказилган биржа контрактлари бундан мустасно;
2) БЮД, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш йўли билан товарларни декларациялаш ва электрон тижорат орқали 3 000 АҚШ долларигача бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш ҳоллари бундан мустасно;
3) товарга илова қилинадиган ҳужжатлар (ВМнинг 20.07.2015 йилдаги 197-сон қарори билан тасдиқланган Рўйхат).
2018 йил 1 июлдан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан БЮДни Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон Фармоннинг 4-банди).
Товарларни божхонада расмийлаштиришда электрон декларациялаш тартиб-таомили Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 31.07.2018 йилдаги 605-сон қарорига 1-илова) билан белгиланган.
Маълумот учун. Электрон декларацияни расмийлаштириш жараёнида номувофиқликлар (тафовутлар) ёхуд божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланса, божхона органи ходими 3 соат ичида декларацияловчи шахсга бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар рўйхатини ўз ичига олган электрон хабарнома жўнатади ёки тақдим этилаётган ҳужжатларни қоғоз манбаларда талаб қилади. Қоғоз манбалардаги ҳужжатларни ўрганиш натижасида божхона қонунчилиги бузилиши мавжуд бўлмаган ҳолатда божхона органи ходими тақдим этилган ҳужжатларни тўлиқ миқдорда тақдим этган шахсга қайтаради.
Божхона органлари бошқа ваколатли органларда мавжуд зарур ҳужжатлар ва маълумотларни электрон шаклда ахборот алмашинуви йўли билан мустақил равишда олади.
Божхона тўловлари
Ўзбекистонда экспорт божхона божлари 1997 йилдан буён қўлланилмаяпти.
2017 йил 16 декабрдан буён барча турдаги товарларга экспорт божхона божлари ва товарлар экспортини лицензиялаш бекор қилинди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган махсус турдаги товарлар бундан мустасно (ПФ-5286-сон Фармоннинг 2-банди). 2017 йил 1 декабрдан тадбиркорлик субъектларига товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини олдиндан тўлов, очилган аккредитив, расмийлаштирилган банк кафолати ва экспорт контрактини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш бўйича полис мавжуд бўлмасдан хорижий валютага экспорт қилиш ҳуқуқи берилади, янги узилган мева-сабзавот маҳсулотлари ва Президентнинг 3.11.2017 йилдаги ПҚ-3351-сон қарорига иловада кўрсатилган товарлар бундан мустасно*.
Бунда экспортга божхона расмийлаштируви, Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотномасиз амалга оширилади.
Товарлар, ишлар ва хизматлар экспорти фақат олдин амалга оширилган экспорт операциялари бўйича тадбиркорлик субъектида муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик мавжуд бўлмаганда кўрсатилган шартларга мувофиқ амалга оширилиши мумкин (ПҚ-3351-сон қарорнинг 1-банди «б» кичик банди).
Товарлар Ўзбекистондан экспорт қилинганда қуйидаги божхона йиғимлари тўланади:
● «Экспорт» божхона режимида божхонада расмийлаштирганлик учун – божхона қийматининг 0,1%и, бироқ ЭКИҲнинг 50%идан кам эмас (материал эълон қилинган санада – 92 150 сўм (184 300 / 2));
● ходим томонидан «Экспорт» божхона режимига жойлаштирилаётган товарни белгиланган жойдан ташқарида божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун, битта ходимнинг 1 соатлик иши ҳисобидан – ЭКИҲнинг 10%и (ВМнинг 30.04.1999 йилдаги 204-сон қарори билан тасдиқланган Ставкалар).
Контракт ёки инвойсга қўйиладиган талаблар
Экспорт қилувчилар – юридик шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар, – товарлар, ишлар ва хизматлар экспортига мамлакатимиз норезидентлари билан экспорт ва бартер контрактларини тузган Ўзбекистон Республикаси резидентлари.
Экспорт контракти – товарлар, ишлар ва хизматлар экспортига ЎзР резиденти билан норезиденти ўртасида тузилган хўжалик шартномаси, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ экспорт контрактларига тенглаштирилган контрактлар (бартер контрактларидан ташқари) (Низом, ВМнинг 30.09.2003 йилдаги 416-сон қарорига 1-илова).
Ташқи савдо контрактларига қўйиладиган энг кам талаблар Низомнинг II бўлимида белгиланган. Унда божхона расмийлаштируви мақсадлари учун экспорт қилувчининг имзоси ва муҳри (мавжуд бўлганда) билан тасдиқланадиган инвойсда қандай асосий маълумотлар кўрсатилиши ҳам қайд этилган.
*Президентнинг «Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (17.10.2018 йилдаги ПҚ-3978-сон) биноан юридик шахслар – мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлдилар.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.