Ижарага олинган ускунанинг ижара ҳақини белгилаш регламенти мавжудми? Мисол учун, ускуна умумий қийматининг 5%и.
Ёки ижара ҳақи тарафларнинг келишувига кўра белгиланадими?
– Ижара ҳақини шакллантириш бўйича махсус регламент мавжуд эмас.
Ижара муносабатлари ФКнинг 34-«Мулк ижараси» боби, «Ижара тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солинади.
Ижара ҳақи тарафларнинг ўзаро келишувига кўра ижара шартномаси билан белгиланади (ФКнинг 544-моддаси; Қонуннинг 12-моддаси).
Ижара қиймати Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ белгиланади. У хизматлар таннархи, қўшимча харажатлар ва режали жамғармаларни ўз ичига олади.
Ижара бўйича хизматлар таннархига ускуна амортизацияси, режали техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, сарфлаш материаллари қиймати, хизмат кўрсатувчи ходимларнинг иш ҳақи, уларнинг МҲТФдан ЯИТ ва бошқа бевосита харажатларни киритинг.
Қўшимча харажатлар – маъмурий ва бошқа харажатлар.
Режали жамғармалар – ускуна ижарасидан олишни режалаштираётган фойдангиз суммаси.
Ижара ҳақи суммасини белгилаш чоғида таннархидан паст баҳода хизматлар кўрсатилганда солиқларни (ЯСТ, фойда, ҚҚС) ҳисоблаб чиқариш мақсадида таннархга солиқ солинишини инобатга олиш лозим (Солиқ кодексининг 130, 204, 355-моддалари).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.