Ташкилотимиз ВМнинг 3.09.1999 йилдаги 414-сон қарорига мувофиқ маблағларни ташкилотимизни ривожлантириш жамғармасига мақсадли йўналтирадиган бюджет ташкилоти сифатида имтиёзга эга. Биз сертификатлаштириш хизматларини кўрсатамиз ва барча корхоналарга ҳисобварақ-фактураларни ҚҚС билан ёзиб берамиз.
Сертификатлаштириш бўйича хизматларимиз ҳақини грант маблағлари ҳисобига тўлаётган ташкилотга ҚҚСсиз ҳисобварақ-фактура ёзиб беришга ҳақлимизми? Қолган барчага ҳисобварақ-фактураларни ҚҚСни ажратиб кўрсатган ҳолда ёзиб берамиз.
– Ҳа, ҳисобварақ-фактура ҚҚСсиз ёзиб берилади.
Юридик шахслар грантлар ҳисобига оладиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш обороти ҚҚСдан озод этилади (Солиқ кодексининг 208-моддаси 23-банди). Бинобарин, корхонангиз грант маблағлари ҳисобига хизмат ҳақини тўлаётган харидорга ҚҚСсиз ҳисобварақ-фактура ёзиб бериши керак.
Грант – давлатлар, давлатларнинг ҳукуматлари, халқаро ва чет эл ҳукуматга қарашли ташкилотлар томонидан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилайдиган рўйхатга киритилган халқаро ва чет эл ноҳукумат ташкилотлари томонидан беғараз асосда бериладиган мол-мулк (моддий объектлар, шу жумладан пул маблағлари, қимматли қоғозлар, улушлар (пайлар, ҳиссалар) ҳамда номоддий объектлар).
Грант Ўзбекистон Республикасига, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, юридик ва жисмоний шахсларга берилиши мумкин.
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига беғараз асосда бериладиган мол-мулк ҳам грант бўлиши мумкин.
Жавобларни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.