Норезидент юридик шахслар Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Бунда улар мустақил солиқ тўловчилар бўладиган айрим юридик шахсларни ташкил этишда иштирок этишлари, шунингдек уларни ташкил этмасдан фаолият юритиб, ўз фаолиятларидан даромад олишлари мумкин. Кейинги ҳолатда норезидентнинг бюджет билан ҳисоблашиш тартибини белгилаш учун, яъни фақат солиқ мақсадларида «доимий муассаса» атамаси қўлланилади.
Доимий муассасани белгилашнинг бундай тартиби 2018 йил охиригача амал қилишини қайд этиб ўтамиз. 2019 йилдан янги Солиқ кодекси қабул қилиниши муносабати билан у ўзгариши мумкин.
НОРЕЗИДЕНТНИНГ ДОИМИЙ МУАССАСАСИ ДЕГАНДА НИМА ТУШУНИЛАДИ
Республикамизда рўйхатдан ўтказилмаган шахс Ўзбекистон норезиденти деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 19-моддаси).
Ўзбекистонда тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган норезидент республика қонунчилигига мувофиқ мустақил тадбиркорлик субъектини ташкил этиши мумкин. Бу ҳолда у ташкил этган корхона Ўзбекистон норезидентига айланади. Бироқ норезидент бундай резидент субъектни рўйхатдан ўтказмай, республикамизда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши мумкин. Бунда унинг фаолияти доимий муассаса (ДМ) аломатларига эга бўлади ёки бундай аломатларга эга бўлмайди. Буни фарқлаш муҳим аҳамиятга эга, сабаби бундай фаолиятнинг солиқ оқибатлари турлича бўлади.
«Доимий муассаса» атамаси фақат солиқ мақсадларида, яъни норезидент бюджет билан ҳисоблашиши тартибини аниқлаш учун қўлланилади. Яъни ДМ норезидентнинг ташкилий-ҳуқуқий мақоми ҳисобланмайди.
Норезидентнинг Ўзбекистондаги доимий муассасаси – у республика ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган (шу жумладан ваколатли шахс орқали) ҳар қандай жой. Норезидентнинг доимий муассасаси деганда Ўзбекистонда ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ойлик давр ичида 183 календарь кунидан ортиқ давом этадиган тадбиркорлик фаолиятининг амалга оширилиши ҳам эътироф этилади (Солиқ кодексининг 20-моддаси).
Солиқ кодексига мувофиқ, «доимий муассаса» тушунчаси қуйидагиларни ўз ичига олади:
1) товарларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, бутлаш, қадоқлаш, ўраш-жойлаш, реализация қилиш билан боғлиқ фаолият амалга ошириладиган ҳар қандай жойни. Агар норезидент ходимларни меҳнат шартномалари бўйича ёлласа ва (ёки) резидент ёки норезидент юридик ва (ёки) жисмоний шахслар билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларни тузса ҳамда улар ушбу шартномаларга мувофиқ кўрсатилган фаолият билан шуғуллансалар, солиқ-ҳуқуқий оқибатлар нуқтаи назаридан норезидентнинг ушбу фаолияти ДМ юзага келишига олиб келади;
2) ҳар қандай бошқарув жойи, ваколатхона, филиал, бўлим, бюро, идора, офис, хона, агентлик, фабрика, устахона, цех, лаборатория, дўкон, омборни. Агар норезидент белгиланган тартибда резидент юридик шахсни рўйхатдан ўтказмай, ўз фаолиятини кўрсатилган шаклларда амалга оширса, у ДМ аломатларига эга бўлади. Бундай фаолиятга мисоллар – норезидентнинг тегишли шартнома бўйича резидент корхонани бошқариши; тобе шахс томонидан норезидент учун вакиллик функцияларининг амалга оширилиши; товарлар ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун фабрика, цех, дўкон сотиб олиниши ёки ижарага олиниши ва ҳ.к.;
3) табиий ресурсларни қазиб олиш билан боғлиқ фаолият амалга ошириладиган ҳар қандай жойни: шахта, кон, нефть ва (ёки) газ қудуғини, карьерни. Табиий ресурсларни қазиб олиш фаолияти лицензияланадиган фаолият ҳисобланади (7.06.2007 йилдаги ПҚ-649-сон қарор билан тасдиқланган Низом). Норезидентнинг шахта, кон, нефть ва газ қудуқлари, карьерларда табиий ресурсларни қазиб олиш фаолияти ДМ аломатларига эга, унинг маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимлар (МТБ) доирасида амалга оширилиши бундан мустасно;
4) қувур, газ қувури, табиий ресурсларни қидириш ва (ёки) ишлатиш, асбоб-ускуналарни ўрнатиш, монтаж қилиш, йиғиш, созлаш, ишга тушириш ва (ёки) уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолият (шу жумладан назорат ёки кузатув фаолияти) амалга ошириладиган ҳар қандай жойни. Табиий ресурсларни қидириш, ишлатиш, қазиб олиш, қайта ишлаш, шунингдек қидириш, ишлатиш, қазиб олиш, қайта ишлаш учун фойдаланиладиган асбоб-ускуналарни ўрнатиш, ишга тушириш-созлаш ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган норезидентнинг ҳар қандай тадбиркорлик фаолияти (шу жумладан назорат ёки кузатув) ДМ аломатларига эга. Норезидентларнинг МТБ доирасидаги фаолияти бундан мустасно;
5) ўйин автоматлари (шу жумладан приставкалар), компьютер тармоқлари ва алоқа каналлари, аттракционлар, транспорт ёки бошқа инфратузилмадан фойдаланиш билан боғлиқ фаолият амалга ошириладиган ҳар қандай жойни;
6) қурилиш майдонини (қурилиш, монтаж қилиш ёки йиғиш объектини), шунингдек ушбу объектларда ишларнинг бажарилишини кузатиб бориш билан боғлиқ хизматларни. Ҳар бир қурилиш майдони ишлар бошланган кундан эътиборан алоҳида ДМни ташкил этувчи сифатида қаралади. Агар ёрдамчи пудратчилар Ўзбекистоннинг бошқа норезидентлари бўлса, уларнинг фаолияти ҳам шу қурилиш майдонида ишлар бошланган кундан эътиборан ёрдамчи пудратчиларнинг алоҳида ДМ сифатида қаралади. Қурилиш майдонида ишларни бажариш билан боғлиқ бўлган норезидентнинг ҳар қандай тадбиркорлик фаолияти ДМ аломатларига эга. Бунда норезидент (у ёллаган контрагентлар – жисмоний ва (ёки) юридик шахслар) ишлайдиган ҳар бир қурилиш майдони унинг алоҳида ДМни ташкил этади;
7) норезидент билан шартнома муносабатлари асосида республикамизда унинг манфаатларини ифода этувчи, шу жумладан:
● Ўзбекистон ҳудудида ушбу норезидент номидан фаолият кўрсатувчи;
● шу норезидент номидан контрактлар тузиш ваколатига эга бўлган ва ундан мунтазам фойдаланувчи шахс орқали фаолиятни амалга оширишни.
Бу ҳолда норезидентнинг тижорат вакили функцияларини амалга оширувчи ваколатли шахс ҳақида сўз бормоқда (ФКнинг 133-моддаси). Норезидент билан шартнома тузган, норезидент номидан контрактларни тузиш ваколатларини ушбу шахсга берган ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахс норезидентнинг манфаатларини ифодаловчи шахс бўлиши мумкин. Агар ушбу ваколатлар шартноманинг ўзида қайд этилмаган бўлса, улар норезидент берган, унинг номидан контрактларни тузиш ҳуқуқига ишончнома билан тасдиқланади. Бироқ фақат бундай шартноманинг мавжудлиги ҳали ДМ юзага келишига олиб келмайди. Ушбу ваколатлардан мунтазам (яъни бир неча бор) фойдаланиш ҳам зарурий шарт ҳисобланади;
МИСОЛ. Хорижий компания ўз товарларини реализация қилиш мақсадида ушбу компания номидан контрактлар тузиш учун Ўзбекистонда жисмоний шахсни ёллайди. Ушбу хорижий компаниянинг мазкур жисмоний шахс орқали амалга ошириладиган фаолияти Ўзбекистон ҳудудида ДМни юзага келтиради.
8) Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ва норезидентга тегишли бўлган, у томонидан ижарага олинаётган ёки бошқача тарзда фойдаланилаётган омборлардан (шу жумладан божхона омборларидан) товарларни реализация қилишни. Агар товарларни Ўзбекистонга экспорт қилаётган норезидент уларни олиб кирган ва ўзига тегишли ёки ижарага олинаётган омборларга (шу жумладан божхона омборларига) жойлаштирган ёки ушбу товарларни етиштирган ёхуд Ўзбекистонда сотиб олган бўлса, уларни реализация қилиш фаолияти ДМ аломатларига эга ҳисобланади. Бунда божхона қонунчилиги нуқтаи назаридан «Ўзбекистон товарлари» (яъни Ўзбекистондан келиб чиққан товарлар, ёхуд Ўзбекистон ҳудудида эркин муомалага чиқарилган товарлар) ҳисобланадиган товарларнинг, шунингдек ҳали божхонадан ўтказилмаган, норезидент томонидан божхона омборларида сақланаётган товарларнинг норезидент томонидан реализация қилиниши ҳисобга олинади;
9) бошқа ишларни амалга оширишни, ўзга хизматлар кўрсатишни, бошқа фаолиятни олиб боришни, Солиқ кодексига мувофиқ ДМни ўз ичига олмайдиган фаолият бундан мустасно.
Солиқ кодексига мувофиқ, «доимий муассаса» тушунчаси қуйидагиларни ўз ичига олмайди:
1) тайёргарлик ва ёрдамчи хусусиятга эга бўлган фаолиятни амалга оширишни:
● норезидентга тегишли товарларни реализация қилиш бошлангунига қадар бинолардан фақат мазкур товарларни сақлаш, намойиш этиш ва (ёки) етказиб бериш мақсадларида фойдаланиш;
МИСОЛ. Хорижий юридик шахс Ўзбекистонда товар омборини ижарага олади, у орқали ўз маҳсулотларини реализация қилади. Шу тариқа, етказиб бериш ва сақлашдан ташқари, омбордан реализация қилиш учун ҳам фойдаланилади. Шу сабабли товар омбори хорижий юридик шахснинг ДМ ҳисобланади.
● норезидентга тегишли товарлар захираларини товарлар реализация қилингунига қадар мазкур захираларни фақат сақлаш, намойиш этиш ва (ёки) етказиб бериш мақсадида сақлаб туриш;
МИСОЛ. Хорижий корхона Ўзбекистонда ўз товарлари кўргазмасини ташкил этади. Кўргазма ўтказиш учун майдондан фойдаланиш, шунингдек ушбу кўргазманинг ўзи хорижий корхонанинг Ўзбекистондаги ДМни ташкил этмайди.
● доимий фаолият жойини фақат норезидент томонидан товарларни харид қилиш мақсадлари учун сақлаб туриш;
● доимий фаолият жойини фақат ахборот тўплаш, уларга ишлов бериш ва (ёки) тарқатиш (сотиш ҳуқуқисиз), норезидентнинг товарлари (ишлари, хизматлари) маркетингини олиб бориш, уларни реклама қилиш ёки уларнинг бозорини ўрганиш учун, агар бундай фаолият норезидентнинг асосий фаолияти бўлмаса, сақлаб туриш;
МИСОЛ. Хорижий ишлаб чиқариш корхонаси Ўзбекистонда маркетинг тадқиқотларини ўтказмоқда. Маркетинг хизматлари унинг асосий фаолияти ҳисобланмаслиги боис Ўзбекистондаги фаолият жойига ДМ сифатида қаралмайди.
● доимий фаолият жойини фақат ушбу бандда санаб ўтилган фаолият турларининг ҳар қандай комбинациясини амалга ошириш учун, бундай комбинация натижасида вужудга келган фаолият мажмуи тайёргарлик ёки ёрдамчи хусусиятга эга бўлиши шарти билан сақлаб туриш;
2) мустақил воситачи: брокер, воситачи, ишончли вакил, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси ёки воситачилик (топшириқ) шартномаси ёки шунга ўхшаш бошқа шартнома асосида фаолият кўрсатувчи ва норезидент номидан контрактларга имзо қўйиш ваколати берилмаган ҳар қандай бошқа шахс орқали фаолиятни амалга оширишни. Мустақил воситачи деганда ўзининг одатий (асосий) фаолияти доирасида иш олиб борадиган ҳамда норезидентдан юридик ва иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлган шахс тушунилади;
МИСОЛ. Хорижий корхона Ўзбекистонда қимматли қоғозлар билан битимни амалга оширади. Бунинг учун Ўзбекистондаги ихтисослаштирилган брокерлик компанияси жалб этилади. Ушбу компания хорижий корхона учун ДМ ташкил этмайди, сабаби у мустақил мақомга эга агент ҳисобланади ва ўзининг одатий фаолияти доирасида иш юритади.
МИСОЛ. Ваколатли агент хорижий компания маҳсулотларини Ўзбекистонда ўз номидан реализация қилибгина қолмай, ушбу компаниянинг контрактлар тузишга ваколатли бўлган доимий агенти сифатида ҳам иш юритади. Бу ҳолда ушбу алоҳида фаолияти юзасидан ваколатли агентга мазкур хорижий корхонанинг ДМ сифатида қаралади, сабаби у ўзининг одатий бизнеси доирасидан ташқарида иш юритмоқда.
3) товарларни Ўзбекистонга олиб кириш ёки Ўзбекистондан олиб чиқиш операцияларини, шу жумладан фақат норезидент номидан тузиладиган ва Ўзбекистонда товарларни харид қилиш, шунингдек товарларни Ўзбекистонга экспорт қилиш бўйича операциялар билан боғлиқ ташқи савдо контрактлари доирасида операцияларни амалга оширишни;
4) норезидент томонидан қимматли қоғозларга, юридик шахслар – Ўзбекистон резидентлари устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларга, республика ҳудудидаги бошқа мол-мулкка эгалик қилишни. Агар норезидент бундай юридик шахс зиммасига вакиллик вазифаларини ҳам юкласа (тайёргарлик ёки ёрдамчи хусусиятга эга бўлган вазифалар бундан мустасно), бундай юридик шахс мустақил солиқ тўловчи бўлиши билан бирга бир вақтнинг ўзида норезидентнинг ДМ сифатида ҳам қаралади;
5) юқорида кўрсатилган ДМнинг белгилари мавжуд бўлмаган тақдирда, норезидент томонидан Ўзбекистон ҳудудида ишлаш учун юридик шахс – резидентга ёки республикамизда ДМ орқали фаолиятини амалга оширувчи бошқа норезидентга ходимлар ажратишни, агар бундай ходимлар фақат улар ўзлари юборилган ташкилот номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб иш кўрсалар.
Ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш бошланган кунни қатъий белгилаш мумкин бўлса, ДМ шу кунда ташкил этилган деб ҳисобланади. Агар бундай кунни қатъий белгилаш мумкин бўлмаса, қуйида келтирилаётган кунлардан бири ДМ ташкил этилган кун деб ҳисобланади:
● ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш бошланадиган, контрактда кўрсатилган кун;
● агар лицензия муайян контракт бўйича бирон бир ишни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш мақсадида олинган бўлса, лицензиянинг амал қилиши бошланадиган кун.
Қурилиш майдони (қурилиш, монтаж қилиш ёки йиғиш объекти) пудратчига майдонни топшириш тўғрисидаги далолатнома имзоланган пайтдан эътиборан норезидентнинг ДМни ташкил этади.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ДМни белгилашнинг бошқа нормалари назарда тутилган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади (Солиқ кодексининг 4-моддаси).
ИККИЁҚЛАМА СОЛИҚ СОЛИШНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ТЎҒРИСИДА
БИТИМЛАР ЁКИ КОНВЕНЦИЯЛАР ТУЗИЛГАН МАМЛАКАТЛАР
РЎЙХАТИ
(2018 йил 15 сентябрдаги ҳолатга кўра)
Давлат
|
Имзоланган сана
|
Кучга кирган сана
|
1. Австрия
|
14.06.2000 йил
|
1.08.2001 йил
|
2.Озарбайжон
|
27.05.1996 йил
|
2.11.1996 йил
|
3. Баҳрайн
|
5.06.2009 йил
|
14.10.2010 йил
|
4. Беларусь
|
22.12.1994 йил
|
11.01.1997 йил
|
5. Бельгия
|
14.11.1996 йил
|
8.07.1999 йил
|
6. Болгария
|
24.11.2003 йил
|
21.10.2004 йил
|
7. Венгрия
|
17.04.2008 йил
|
29.01.2009 йил
|
8. Вьетнам
|
28.03.1996 йил
|
16.08.1996 йил
|
9. Германия
|
7.09.1999 йил
|
14.12.2001 йил
|
10. Греция
|
1.04.1997 йил
|
15.01.1999 йил
|
11. Грузия
|
28.05.1996 йил
|
20.10.1997 йил
|
12. Исроил
|
15.09.1998 йил
|
9.03.1999 йил
|
13. Ҳиндистон
|
29.07.1993 йил
|
25.01.1994 йил
|
14. Индонезия
|
27.08.1996 йил
|
11.11.1998 йил
|
15. Иордания
|
22.11.2010 йил
|
13.07.2011 йил
|
16. Эрон
|
28.04.2002 йил
|
18.01.2005 йил
|
17. Ирландия
|
11.07.2012 йил
|
17.04.2013 йил
|
18. Испания
|
8.07.2013 йил
|
19.09.2015 йил
|
19. Италия
|
21.11.2000 йил
|
26.05.2004 йил
|
20. Қозоғистон
|
12.06.1996 йил
|
21.04.1997 йил
|
21. Канада
|
17.06.1999 йил
|
14.09.2000 йил
|
22. Хитой
|
3.07.1996 йил
|
3.07.1996 йил
|
23. Корея
|
2.02.1998 йил
|
25.12.1998 йил
|
24. Қувайт
|
19.01.2004 йил
|
3.05.2006 йил
|
25. Қирғизистон
|
24.12.1996 йил
|
17.03.2000 йил
|
26. Латвия
|
3.07.1998 йил
|
23.10.1998 йил
|
27. Литва
|
18.02.2002 йил
|
11.11.2002 йил
|
28. Люксембург
|
2.07.1997 йил
|
2.09.2000 йил
|
29. Малайзия
|
6.10.1997 йил
|
10.08.1999 йил
|
30. Молдова
|
30.03.1995 йил
|
28.11.1995 йил
|
31. Нидерландия
|
18.10.2001 йил
|
27.05.2002 йил
|
32. БАА
|
26.10.2007 йил
|
25.02.2011 йил
|
33. Покистон
|
22.05.1995 йил
|
12.09.1996 йил
|
34. Польша
|
11.01.1995 йил
|
29.04.1995 йил
|
35. Португалия
|
11.09.2001 йил
|
Кучга кирмаган
|
36. Россия Федерацияси
|
2.03.1994 йил
|
27.07.1995 йил
|
37. Руминия
|
6.06.1996 йил
|
17.10.1997 йил
|
38. Саудия Арабистони
|
18.11.2008 йил
|
1.11.2010 йил
|
39. Сингапур
|
24.07.2008 йил
|
28.11.2008 йил
|
40. Словакия
|
6.03.2003 йил
|
20.10.2003 йил
|
41. Словения
|
11.02.2013 йил
|
8.11.2013 йил
|
42. Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги
|
15.10.1993 йил
|
10.06.1995 йил
|
43. Уммон Султонлиги
|
30.03.2009 йил
|
20.06.2009 йил
|
44. Таиланд
|
23.04.1999 йил
|
21.07.1999 йил
|
45. Туркманистон
|
16.01.1996 йил
|
27.11.1996 йил
|
46. Туркия
|
8.05.1996 йил
|
30.09.1997 йил
|
47. Украина
|
10.11.1994 йил
|
13.07.1995 йил
|
48. Финляндия
|
9.04.1998 йил
|
7.02.1999 йил
|
49. Франция
|
22.04.1996 йил
|
1.10.2003 йил
|
50. Чехия
|
2.03.2000 йил
|
15.01.2001 йил
|
51. Швейцария
|
3.04.2002 йил
|
15.08.2003 йил
|
52. Эстония
|
28.09.2012 йил
|
23.12.2013 йил
|
53. Япония
|
18.01.1986 йил
|
27.11.1986 йил
|
МИСОЛ. Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида даромаддан ва мулкдан олинадиган солиқларнинг иккиёқлама қўлланилишига йўл қўймаслик тўғрисида битимда (Москва, 2.03.1994 йил, ЎзР ОСнинг 6.05.1994 йилдаги 1075-XII-сон қарори билан ратификацияланган, 27.07.1995 йилдан кучга кирган) «доимий ваколатхона» атамаси қўлланилади. Битимда белгиланган, қурилиш майдонида унинг юзага келишига олиб келадиган муддат 12 ойни ташкил этади. Демак, РФ резидентининг қурилиш билан боғлиқ Ўзбекистондаги фаолияти пудратчига майдонни топшириш тўғрисидаги далолатнома имзоланган пайтдан эътиборан эмас, балки 12 ойдан ортиқ муддат давомида амалга оширилса, ДМ (ёки доимий ваколатхона) юзага келишига олиб келади.
ДМни СОЛИҚ ОРГАНЛАРИДА ҲИСОБГА ҚЎЙИШ
Ўзбекистонда фаолиятни ДМ орқали амалга ошираётган норезидент ДМнинг жойлашган еридаги ва (ёки) фаолиятни амалга ошираётган жойидаги солиқ органида ҳисобга қўйилиши керак (Солиқ кодексининг 79-моддаси). Агар фаолият олиб бориладиган жой мунтазам ўзгариб турса (масалан, йўллар қурилиши ёки фойдали қазилмаларни қидириш чоғида), бутун лойиҳа унинг кўчма хусусиятидан қатъи назар, ДМ сифатида қаралади (Солиқ кодексининг 20-моддаси). Амалиётда ДМ лойиҳа бошланган пункт жойлашган жойдаги ёки лойиҳа буюртмачиси рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ органларида ҳам рўйхатдан ўтказилади.
МИСОЛ. Тошкентда норезидентнинг ваколатхонаси бор. У контракт бўйича ишларни (қувур ётқизиш) Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида амалга оширади. Норезидентнинг ДМ Тошкентда ҳисобга қўйилиши ва ишлар амалга ошириладиган барча вилоятларда рўйхатдан ўтмаслиги мумкин, сабаби улар битта лойиҳа (контракт) доирасида бажарилади.
Норезидент учун солиқ оқибатлари нуқтаи назаридан фақат у солиқ органларида ҳисобга қўйилгандан кейин ДМ ташкил этилган ҳисобланади. Бунда, ҳисобга қўйилган санасидан қатъи назар, фаолият (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) бошланган кун ДМ ташкил этилган кун ҳисобланади.
МИСОЛ. Норезидент ДМ аломатлари бўлган ишларни 1 январда бажаришга киришди, солиқ органида эса 30 июнда ҳисобга қўйилди.
Бу ҳолда норезидентга солиқ солиш тартиби фарқланади:
● у 30 июнгача олган даромадларга норезидент харажатларини чегириб ташламаган ҳолда тўлов манбаида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 155-моддаси);
● ташкил этилган (фаолият бошлаган) кундан бошлаб ДМ ҳисобга қўйилгандан кейин норезидентнинг даромадлари ҳисобланади, тегишли харажатлар чегирилади, фойда ва фойда солиғи суммаси ҳисобланади, илгари тўлов манбаида ушлаб қолинган солиқ эса норезидентнинг солиқ мажбуриятларини қоплаш ҳисобига ҳисобга олинади (Солиқ кодексининг 154-моддаси).
Бинобарин, резидент норезидент билан ҳамкорлик қилишда ва ўзининг солиқ мажбуриятларини аниқлашда фақат норезидентнинг ДМ Ўзбекистонда солиқ ҳисобига қўйилганлиги далилига қараб иш тутади.
Норезидент фаолиятни амалга ошириш бошлаган кундан эътиборан 183 кун ичида солиқ органига ДМ сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани тақдим этиши шарт. Унга қуйидагилар илова қилинади:
● шартнома ёки норезидент юридик шахс номидан Ўзбекистонда иш юритиш учун берилган ишончнома;
● мажбуриятларининг бажарилиши ДМ ташкил топишига олиб келадиган шартнома (агар мавжуд бўлса).
Нафақат резидент ёки норезидент билан контракт тузганда, балки берилган ишончнома ёки фаолият юритиш жойи (масалан, норезидент ташкил этган, ундаги товари реализация қилинаётган филиал, цех ёки омбор) асосида ДМ ташкил этилиши мумкин. Бу ҳолда шартнома бўлмаганда ишончнома илова қилинади.
Норезидент ҳисобга қўйиш чоғида муҳр эскизини ҳам тақдим этиши (22.12.2009 йилдаги ПҚ-1245-сон қарорнинг 6-банди), солиқ органи эса уни тасдиқлаши керак.
Солиқ органи ДМни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар асосида:
● норезидентнинг ДМга солиқ тўловчининг идентификация рақамини (СТИР) беради;
● у ҳақидаги ҳисобга қўйиш маълумотларини ЎзР солиқ тўловчиларининг ягона реестрига киритади;
● ариза берилган кундан эътиборан 3 кун ичида унга солиқ тўловчи ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳнома беради (АВ томонидан 10.07.2014 йилда 2600-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга 6-илова).
Агар норезидент юридик шахс Ўзбекистонда бир нечта ДМга эга бўлса, у ҳар бири бўйича ҳисобга туриши шарт. Битта норезидент юридик шахснинг бир нечта ДМ бўйича солиқ ҳисоботини жамлашга йўл қўйилмайди (Солиқ кодексининг 80-моддаси). Ҳар битта ДМга солиқ мақомига эга бўлган, яъни ўз солиқ мажбуриятларини мустақил равишда бажарувчи мустақил солиқ тўловчи сифатида қаралади.
ҲИСОБГА ҚЎЙИШ ТАРТИБИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК
Норезидент юридик шахс ДМни солиқ органларида ўз вақтида ҳисобга қўймаса, унга жарима санкциялари солинади (Солиқ кодексининг 113-моддаси). Жарима миқдори ДМ фаолият бошлаганидан эътиборан солиқ текшируви натижасида ҳисобга қўйилмаганлиги далили аниқлангунга қадар ўтган муддатга қараб белгиланади:
● агар солиқ ҳисобига қўйилмаган фаолият кўпи билан 30 кун амалга оширилган бўлса, жарима миқдори ЭКИҲнинг 50 бараварини, бироқ бундай фаолият натижасида олинган соф тушумнинг 10%идан кам бўлмаган миқдорни ташкил этади;
● агар солиқ ҳисобига қўйилмаган фаолият 30 кундан ортиқ амалга оширилган бўлса, жарима миқдори ЭКИҲнинг 100 бараварини, бироқ бундай фаолият натижасида олинган соф тушумнинг 50%идан кам бўлмаган миқдорни ташкил этади.
ДМнинг БАНКДАГИ СЧЁТИНИ ОЧИШ
ДМга СТИР берилгандан кейин Ўзбекистондаги фаолиятини у орқали амалга ошираётган норезидент республиканинг тижорат банкида талаб қилиб олинадиган депозит счётини очиши керак (ПҚ-1245-сон қарорнинг 6-банди). Миллий ва хорижий валютадаги счётлар очилиши мумкин. Фақат миллий валютадаги асосий счёт очилгандан кейин банк валюта счётини очади.
Счёт очиш учун банкка қуйидагилар тақдим этилади (АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 16-банди):
● счёт очиш тўғрисида ариза (1948-сон Йўриқномага 2-илова);
● солиқ органлари томонидан СТИР берилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
● имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган 2 дона варақча (1948-сон Йўриқномага 4-илова);
● норезидент номидан пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларини имзолаш ваколатига эга шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки уни ўрнини босадиган ҳужжат). Шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг асли кўрсатилгандан сўнг, банк томонидан ундан нусха олинади.
Ўзбекистондаги фаолиятини ДМ орқали амалга оширадиган норезидентларнинг миллий ва хорижий валютадаги счётларини тижорат банклари томонидан юритиш тартиби Марказий банк томонидан тасдиқланган.
МИЛЛИЙ ВАЛЮТАДАГИ СЧЁТЛАР
Мазкур счётларга қуйидаги маблағлар киритилиши мумкин (АВ томонидан 22.10.1998 йилда 510-сон билан рўйхатдан ўтказилган Тартибнинг 5.2-банди):
● товарларни реализация қилиш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш)дан ва ДМнинг Ўзбекистон ҳудудида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа фаолият юритишдан олган маблағлари;
● ДМнинг Ўзбекистоннинг бошқа банкларида очилган счётларидан ўтказилган суммалар;
● тижорат банкларига чет эл валютасини сотишдан олинган суммалар;
● ДМни ташкил қилган норезидентнинг товар-хом ашё биржалари ҳисоб-китоб-клиринг палаталаридаги счётларидан маблағлар.
Мазкур счётларда ҳисобда турган маблағлар счёт эгасининг ихтиёрига биноан (510-сон Тартибнинг 5.3-банди):
● солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашга ишлатилиши;
● счёт эгасининг республиканинг бошқа банкларида очилган счётларига ўтказилиши;
● хорижий валютани сотиб олишга ишлатилиши;
● жорий харажатларни тўлашга ишлатилиши (масалан, ижара, коммунал ва бошқа шунга ўхшаш хизматлар, жорий фаолиятни таъминлаш учун товар-моддий бойликлар, алоқа хизматлари, юкларни, почта жўнатмалари ва даврий нашрларни жўнатиш ва етказиб бериш, меҳнат шартномаси бўйича ишлайдиган ходимларга иш ҳақи ва бошқа тўловларни, ходимларнинг хизмат сафари харажатларини, мажбурий ва ихтиёрий суғурта турлари бўйича суғурта бадалларини, бахтсиз ҳодисалар ва касаллик сабабли ходимларни даволаш ва бошқа харажатларни тўлаш);
● қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин.
ХОРИЖИЙ ВАЛЮТАДАГИ СЧЁТЛАР
Мазкур счётларга қуйидаги маблағлар киритилиши мумкин (АВ томонидан 22.10.1998 йилда 511-сон билан рўйхатдан ўтказилган Тартибнинг 5.2-банди):
● ДМ ташкил этган норезидентнинг чет элдаги счётидан ўтказилган чет эл валютаси;
● ДМнинг республиканинг бошқа банкларида очилган счётларидан ўтказилган чет эл валютаси;
● ички валюта бозорида сотиб олинган чет эл валютаси.
Мазкур счётларда ҳисобда турган суммалар счёт эгасининг ихтиёрига биноан (511-сон Тартибнинг 5.3-банди):
● Ўзбекистон ҳудудидаги тижорат банклари орқали сотиш учун ишлатилиши;
● ходимларнинг Ўзбекистондан ташқарига хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатларни белгиланган тартибга мувофиқ тўлашга (шу жумладан нақд пул шаклида) ишлатилиши (АВ томонидан 19.11.2015 йилда 2730-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом);
● счёт эгасининг республиканинг бошқа банкларида очилган счётларига ўтказилиши;
● амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин.
ДМ ФАОЛИЯТИНИНГ АЙРИМ ҲУҚУҚИЙ ЖИҲАТЛАРИ
БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ ВА ҲИСОБОТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ
ДМ бухгалтерия ҳисоби субъектлари ҳисобланмайди («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси).
Бироқ Ўзбекистон қонунчилигига кўра ДМ бир қатор умумбелгиланган солиқлар тўловчиси ҳисобланиши боис у солиқ тўловчи сифатида (Солиқ кодексининг 34-моддаси):
● солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни аниқлаши ҳамда уларнинг ҳисобини юритиши;
● молиявий ва солиқ ҳисоботини тузиши ҳамда уни солиқ органларига тақдим этиши;
● солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ миқдорда тўлаши шарт.
ДМ молиявий ҳисоботни Молия вазирлиги тасдиқлаган ва қолган солиқ тўловчилар топширадиган кўринишда тақдим этиши шарт эмас (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қоидаларнинг 1-банди). Бироқ юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи билан бирга ДМ Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятининг хусусияти ҳақидаги ҳисоботни тақдим этиши шарт. У эркин шаклда тузилади ва ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартидан кечиктирмай ДСИга тақдим этилади. ДМ фаолияти календарь йил тугашидан аввал тугатилган тақдирда, бу ҳужжатлар фаолият тугатилганидан кейин бир ойдан кечиктирмасдан тақдим этилиши шарт (Солиқ кодексининг 163-моддаси).
ДМнинг ШАРТНОМАВИЙ МУНОСАБАТЛАРИ
Юридик шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар) хўжалик шартномаларининг субъектлари (тарафлари) бўлади («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси). Фуқаролик кодексида ҳам фуқаролар ва юридик шахслар битим иштирокчилари бўлиши мумкинлиги белгиланган (ФКнинг 101-моддаси).
ДМ юридик шахс ҳисобланмайди, балки норезидент Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жойдан иборат бўлади.
Шу тариқа, ДМда муҳр ва ҳисоб-китоб счёти албатта мавжуд бўлишига қарамай, унинг фаолияти учун масъул шахс ДМ номидан шартномаларни имзолай олмайди. Улар расмийлаштирилган бўлса, низоли вазиятлар юзага келганда суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бу турдаги шартномаларни фақат норезидент номидан унинг муҳридан фойдаланган ҳолда тузишга йўл қўйилади.
ДМ ВА БОЖХОНА
Божхона кодексида белгиланишича, қуйидагилар ваколатли шахс ҳисобланади (БКнинг 7-моддаси):
● товарнинг ва (ёки) транспорт воситасининг эгаси;
● товарга ва (ёки) транспорт воситасига нисбатан божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатларга эга бўлган шахс;
● товарнинг ва (ёки) транспорт воситасининг эгаси номидан тегишли шартнома ёки ишончнома асосида иш кўрувчи шахс.
Божхона кодексида чет давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган чет эл ташкилоти юридик шахс деб белгиланган (БКнинг 8-моддаси). ДМ юридик шахс мақомига эга эмас ва 2015 йилгача келиб тушаётган юкларни мустақил равишда божхонада тозалаш ҳуқуқига эга бўлмаган. 2015 йил 1 январдан солиқ органларида ҳисобга қўйилган ДМни ташкил этиб, улар орқали Ўзбекистонда фаолият юритаётган норезидент юридик шахсларга тузилган шартномаларни амалга ошириш доирасида товарлар олиб кириш ҳуқуқи берилди (4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон қарорнинг 24-банди).
ДМ – ИШ БЕРУВЧИ
Ўзбекистонда қуйидагилар иш берувчилар бўлиши мумкин (МКнинг 15-моддаси):
● корхоналар, шу жумладан, уларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ўз раҳбарлари тимсолида;
● мулкдорнинг ўзи айни бир вақтда раҳбар бўлган хусусий корхоналар;
● 18 ёшга тўлган айрим шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда;
● белгиланган тартибда ходимлар ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар.
Чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга тўлиқ ёки қисман тегишли бўлган ва Ўзбекистон ҳудудида жойлашган корхоналар ҳам иш берувчилар бўлиши мумкин (МКнинг 12-моддаси).
Норезидент юридик шахснинг ДМ фақат солиқ мақомига эга ва корхона ҳисобланмайди, шу сабабли иш берувчи сифатида чиқа олмайди. Бундай ҳолларда ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузадиган хорижий компания-норезидент иш берувчи бўлиб чиқади.
Меҳнат дафтарчаларини юритиш юзасидан ҳам худди шундай нормалар белгиланган – улар иш берувчи томонидан тўлдирилади. Ишгa қабул қилиниши, бошқа доимий ишга ўтказилиши каби барча турдаги ёзувлар унинг томонидан буйруқ берилгандан сўнг киритилади (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 2.1, 2.2-бандлари).
ДМ ФАОЛИЯТИНИ ТУГАТИШ
ДМ у орқали норезидент олиб бораётган фаолият тугатилган пайтдан эътиборан тугатилган ҳисобланади. Агар мазкур пайтни қатъий аниқлаб бўлмаса, қуйида келтирилаётган кунларнинг энг кейингиси ДМнинг фаолияти тугатилган кун деб ҳисобланади (Солиқ кодексининг 20-моддаси):
● бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар далолатномаси имзоланган кун;
● норезидентнинг ДМ томонидан бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш учун охирги ҳисобварақ берилган кун;
● юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг якуний ҳисоб-китоби солиқ органларига амалда тақдим этилган кун.
Бироқ фаолиятнинг тугатилиши солиқ ҳисобидан олишни англатмайди. Норезидентлар уларнинг Солиқ тўловчиларнинг ягона реестрига киритилишини белгилаган ҳолатлар бекор бўлган, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти тўлиқ узилган тақдирда ундан чиқарилади (Солиқ кодексининг 83-моддаси).
ДМ фаолияти тугатилган бўлса, фақат унинг Солиқ тўловчилар реестрига киритилишини белгилаган ҳолатлар бекор бўлиши ҳақида сўз юритиш мумкин. Солиқларни тўлаш мажбуриятлари тўлиқ узилганлиги далили эса ДМнинг солиқ ҳисоботида акс эттирилган, ҳисобланган ва тўланган солиқ мажбуриятларини солиштириш йўли билан аниқланади.
Ирина АХМЕТОВА, «Norma» МЧЖ эксперти.