Таҳририятга ўқувчиларнинг ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини олишга доир корхона харажатларини ҳисобда акс эттириш билан боғлиқ саволлари келиб тушди.
Молия вазирлигига расмий тушунтириш беришни сўраб мурожаат қилдик ва жавоб олдик.
? Корхоналар ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг қийматини молиявий ҳисоботда акс эттиришлари шартми?
– Бухгалтерия ҳисоби мақсадларида объектларни номоддий актив сифатида тан олиш тартиби 7-сон БҲМС «Номоддий активлар»да (АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1485-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган. 7-сон БҲМСнинг 10-бандига мувофиқ, ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи 7-сон БҲМСнинг 6-бандида келтирилган барча шартларга риоя этилганда НМАга киритилиши мумкин. 7-сон БҲМСнинг 12-параграфида НМА тўғрисидаги ахборотни молиявий ҳисоботда очиб беришга доир талаблар белгиланган. Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш қоидаларида (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган) уларни тўлдириш тартиби батафсил баён этилган.
Шу тариқа, ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи уни НМА сифатида тан олиш учун барча шартларга жавоб берса, унинг қиймати 0440-«Ер ва табиат ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқлари» счётида ва молиявий ҳисоботда умумбелгиланган тартибда акс эттирилади.
7-сон БҲМСнинг 8-параграфига мувофиқ, НМА ҳуқуқ эгаси ва фойдаланувчи ўртасида тузилган шартнома асосида, мутлақ ҳуқуқни бермасдан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича олинган бўлса, объект қиймати фойдаланувчида балансдан ташқари 016-«Фойдаланиш ҳуқуқи бўйича олинган номоддий активлар» счётида ҳисобга олинади ва молиявий ҳисоботда акс эттирилади.
? Ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқининг қийматини молиявий ҳисоботда акс эттирмаслик барча оқибатларни юзага келтирган ҳолда унинг ишончсиз деб тан олинишига олиб келадими? Бунинг учун қандай санкциялар қўлланиши мумкин?
– Бухгалтерия ҳисоби субъектининг раҳбари бухгалтерия ҳисоби тўлиқ ва ишончли юритилишини, молиявий ҳисоботнинг тайёрланишини таъминлаши шарт («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси). Мазкур Қонуннинг 32-моддасида белгиланишича, бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузиш мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади (МЖТКнинг 175-1-моддаси).
? ДСИ ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқининг қиймати акс эттирилмаган молиявий ҳисоботларни ишончсиз деб тан олиш ва уларни хўжалик юритувчи субъектга қайтаришга ҳақлими?
– Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тўғрисида низомнинг (ВМнинг 28.08.2017 йилдаги 677-сон қарорига 1-илова) 9-бандига мувофиқ, ДСҚ ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
● белгиланган тартибда солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилган молия ва солиқ ҳисоботларини, шунингдек солиқ тўловчиларнинг фаолияти тўғрисида солиқ органлари ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасида йиғилган бошқа ҳужжатларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида камерал назоратни амалга оширади;
● солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) жараёнида ҳисоботдаги маълумотларнинг ишончлилиги ва тўғрилигини аниқлаш, солиқ органларига тақдим этилган молиявий ҳисоботлар ва солиқ ҳисоб-китобларида фактларнинг бузиб кўрсатилишини аниқлаш ва уларни бартараф этиш учун бухгалтерия ҳисобларини ва молиявий ҳисоботларни текширади.
Бунда Низомнинг 18-бандига мувофиқ, жисмоний ва юридик шахслар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ёки қарорлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат солиқ қўмитаси раҳбариятига ёхуд бевосита судга шикоятлар билан мурожаат қилишга ҳақлидирлар.
? Фермер хўжаликлари молиявий ҳисоботларида уларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ажратилган ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг қийматини акс эттиришлари керакми?
– «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ, фермер хўжаликлари юритиш учун ер участкалари очиқ танлов асосида ижарага 50 йилгача бўлган, лекин 30 йилдан кам бўлмаган муддатга берилади. Тегишинча, фермер хўжаликларига ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг қиймати уларнинг бухгалтерия ҳисобида НМА сифатида ҳисобга олинмайди. 6-сон БҲМС «Ижара ҳисоби» (АВ томонидан 24.04.2009 йилда 1946-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ва Бухгалтерия ҳисобида ижара операцияларини акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 1.06.2009 йилда 1961-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ижара операциялари бухгалтерия ҳисобини юритишнинг ягона услубий асослари белгиланган.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.