Корхона (МЧЖ) экспорт контрактларини тузади. Баъзида корхона счётига буюртмачи тўлаганидан камроқ сумма келиб тушади, сабаби вакил банклар ўзларининг воситачилик ҳақини ушлаб қоладилар.
1. Вакил банкларнинг воситачилик ҳақи дебиторлик қарзи ҳисобланмайдими?
2. Уни буюртмачи қоплаши масаласини қандай тартибга солиш мумкин?
3. Вакил банкларнинг воситачилик ҳақи қандай проводкалар билан акс эттирилади?
1 |
Экспорт контрактлари бўйича тўловлар вакил банклар орқали амалга оширилган ва вакил банкнинг воситачилик ҳақи экспорт қилувчининг счётига тушувчи маблағлар ҳисобига тўланадиган ҳоллар учрайди. Банк ушлаб қолган воситачилик ҳақи харидорнинг дебиторлик қарзини камайтирмайди ва экспорт қилувчининг бошқа операцион харажатлари сифатида акс эттирилади (Низомнинг 15-банди, ВМнинг 30.09.2003 йилдаги 416-сон қарорига 1-илова).
2 |
Контрактда ҳисоб-китоб қилиш тартиби, тарафларнинг мажбуриятлари, шунингдек битимнинг бошқа муҳим шартлари назарда тутилиши керак («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси).
Контрактда битим тарафларидан қайси бири вакил банклар хизматлари ҳақини тўлашини кўрсатишни тавсия этамиз.
3 |
Экспортдан тушган тушум вакил банкларнинг воситачилик ҳақи суммасидан кам бўлса, корхона буни қуйидаги проводкалар билан акс эттиради:
Дт 5210-«Мамлакат ичидаги валюта счётлари»
Кт 4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»
(валюта счётига келиб тушган сумма акс эттирилади).
Дт 9430-«Бошқа операцион харажатлар»
Кт 4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»
(вакил банкларнинг воситачилик ҳақи суммаси акс эттирилади).
Эътибор беринг!
Вакил банкларнинг воситачилик ҳақи реализация қилишдан тушган тушумни камайтирмайди, балки корхонанинг бошқа операцион харажатларига киради.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.