Самарқанд вилояти божхона бошқармасида вилоятда фаолият кўрсатаётган божхона омбори эгалари иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбатида соҳага доир қонунчиликдаги янгиликлар ва сўнгги ўзгаришлар мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Қодиров вилоят божхона бошқармаси ҳудудидаги божхона омборларида божхона назорати остида сақланган товарлар ҳажми ва улар айланишининг динамикаси тўғрисида ахборот берди.
Хусусан, 2018 йил 1 июль ҳолатига Самарқанд вилояти ҳудудида жами 32 та божхона омбори лицензия асосида фаолият олиб бораётган бўлса, шундан 22 таси «очиқ» турдаги ва 10 таси «ёпиқ» турдаги божхона омборларидир. Жорий йилнинг 6 ой давомида вазни 170 076,87 тонналик товарлар ушбу омборларга жойлаштирилган.
Бу давр орасида 4 та хўжалик юритувчи субъектга («Unimax Nurafshon Savdo» МЧЖ, «Standard Samarkand Business» МЧЖларга «очиқ» турдаги, «Sam-Ferre» хусусий корхонаси ва «Jomboy Agro Eksport» МЧЖларга «ёпиқ» турдаги) божхона омбори фаолияти билан шуғулланишга лицензиялар расмийлаштирилди. 7 та хўжалик юритувчи субъектнинг («Pulsar Group Brevery» МЧЖ, «Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси» хорижий корхонаси, «Яшам Эркаплан Карпет» МЧЖ, НКМКнинг Жанубий кон бошқармаси, «Самарқанд автомобиль заводи» МЧЖ ва «Ургаз Карпет» МЧЖга тегишли 2 та) божхона омборларига берилган лицензияларнинг амал қилиш муддати узайтирилди.
Учрашув давомида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, божхона омборида божхона назорати остида сақланаётган товарлар устидан назорат қилиш ҳамда божхона омбори фаолиятини лицензиялаш билан боғлиқ амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилгани таъкидланди.
Жумладан, Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон) билан 2018 йил 1 июлдан бошлаб божхона омборларида 3 йилдан ортиқ сақланиб келинаётган мол-мулклар божхона органлари томонидан ушлаб қолиниши ва улар 3 ой давомида талаб этиб олинмаган тақдирда, суд қарори асосида давлат фойдасига мусодара қилиниши белгиланди.
Шунингдек, Фармонга мувофиқ «божхона омбори», «бож олинмайдиган савдо дўкони» ҳамда «эркин омбор» фаолияти билан шуғулланиш учун бериладиган лицензиялар амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда бериладиган бўлди. Авваллари «божхона омбори», «бож олинмайдиган савдо дўкони» ҳамда «эркин омбор» фаолияти билан шуғулланиш учун лицензиялар божхона органи томонидан чекланган муддатга, яъни 5 йил муддатга берилар эди.
Бундан ташқари агар лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати давомида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, лицензия даъвогари кўрсатилган муддат ўтгандан сўнг лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда аризада кўрсатилган фаолият турини амалга оширишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилди. Бунда, лицензияловчи орган лицензия даъвогарининг ёзма хабарномаси олингандан кейин 5 иш куни ичида унга лицензия бериши шарт. Авваллари тадбиркорларга бундай имкониятлар яратилмаган, яъни агар мурожаатчига рад этиш тўғрисида жавоб хати етиб бормаса, у қайтадан мурожаат қилишига тўғри келар эди.
Қолаверса, бож олинмайдиган савдо дўкони, эркин омбор ва божхона омбори фаолиятини лицензиялаш марказлаштирилган тартибда Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати томонидан амалга ошириладиган бўлди. Йиғилишда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида божхона омбори вакилларига нисбатан божхона омборининг видеокузатув қурилмалари ишламаётганлиги, ёнғинга қарши огоҳлантириш сигнализациялари носоз ҳолда эканлиги ва божхона омборининг санитария аҳволи қониқарсиз даражада эканлиги бўйича 5 маротаба божхона қонунбузилиш ҳолати расмийлаштирилганлиги таъкидланди.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.