Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 31 / Долзарб мавзу

Фуқаролар учун бюджет

 

Давлат ҳокимияти органлари умуман давлатнинг молиявий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тавсифлайдиган катта ҳажмдаги ахборотга эга. Норматив-ҳуқуқий қонун ҳужжатлари, ҳисоботлар, очиқ маълумотлар – батафсил ва долзарб бўлган ушбу барча ахборот вазирликлар ва идоралар мутахассислари, молиячилар ва бошқа профессионаллар учун фойдали бўлиши мумкин. Оддий одам учун бу тушунарсиз ҳужжатлар тўпламидек кўринади. Уни биринчи навбатда: жисмоний шахсларга солиқ солишдан олинган маблағлар қаерга сарфланаяпти; қандай ижтимоий хизматларни олиш мумкин қабилидаги саволлар қизиқтиради.

Бюджет жараёнини билмаган одам мавжуд ахборот ҳажмидан ушбу саволларга аниқ жавоб топиши қийин. ЎзР Молия вазирлиги БМТРД, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси ва «Ривожланиш стратегияси» маркази билан биргаликда ташкил этган матбуот анжуманида шу ва мамлакат Давлат бюджетига тааллуқли бошқа кўплаб мавзулар кўтарилди. У мамлакатимизда илк бор нашр этилган «Фуқаролар учун бюджет-2018» тўпламига бағишланди.

 

– У 2018 йил учун тасдиқланган Давлат бюджети асосида тузилган бўлиб, Ҳукуматнинг бюджет йилидаги режалари ва хатти-ҳаракатлари фуқароларга оддий тилда тушунтирилган унинг соддалаштирилган версиясидир. Бундан буён «Фуқаролар учун бюджет» мунтазам равишда, тахминан йилига 2 марта чиқарилади. Шу тариқа, Ўзбекистон ҳукуматлари ўз фуқароларига давлат маблағлари, Давлат бюджети маблағларини шакллантириш манбалари ва сарфлаш йўналишлари ҳақидаги ахборотни содда шаклда тақдим этадиган юздан ортиқ мамлакатлар сафига қўшилди, – дея хабар берди тадбир иштирокчиларига молия вазири ўринбосари – МВ Ғазначилик бошлиғи Дилшод Сатторов. – Фуқаролар ва бизнес улар тўлаётган солиқлар қаерга йўналтирилаётганини билишлари керак. Бу бюджет ва бюджет жараёни шаффоф бўлишини талаб этади. Молиявий соҳада ўтказилаётган ислоҳотлар ушбу вазифани ҳал этишга қаратилган. У бундай мунтазам нашрлар нафақат ўзбекистонликлар бюджетнинг устувор вазифалари ва мамлакат бюджети таркибий қисмлари ҳақидаги ахборотдан бохабар бўлишига, балки маблағлар сарфланиши устидан жамоат назоратини ўрнатиш ва оддий фуқароларнинг бошқарув ечимларига таъсир ўтказишига ҳам имкон беришини қайд этди.

 

АЙРИМ ТАФСИЛОТЛАР

Молия вазирлигининг бюджет тузиш ва ғазначилик ижроси услубияти, ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси бошлиғи Исмонжон Мамажонов ОАВ учун ўзига хос саводхонлик дарсини ўтказди. У ўз тақдимотида «Аҳоли учун бюджет» – тайёрланмаган оммага мўлжалланган ахборот-таҳлилий материал, шу сабабли содда ва тушунарли, тушунтиришлар ва шарҳлар бериб тайёрланганини маълум қилди. Оддий фуқаролар учун энг муҳим ва фойдали ахборотни ўз ичига олган ҳажмдор тўплам 6 бўлимдан ташкил топган. Нашрда барча бюджет маълумотлари очиб берилган, қулай навигация, рақамли кўрсаткичлар инфографика тарзида берилган, махсус атамалардан иложи борича кам фойдаланган ҳолда оддий тилда баён этилган. Яқин пайтгача бюджет тўғрисида жуда чекланган маълумотлар кенг оммага маълум қилинган, бунда тақдим этилган ахборот формати фақат тор доирадаги шахсларга тушунарли бўлган.

Унинг таъкидлашича, аҳолининг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ишончини ошириш учун асосий молиявий ҳужжатни тайёрлаш жараёнига фуқароларни фаол жалб этиш режалаштирилмоқда. Давлат бюджети айнан шундай ҳужжат ҳисобланади, зеро унда барча пуллик даромад ва харажатлар қайд этилган. Бунда бюджетга беғараз ва қайтарилмайдиган пул маблағлари тушуми даромадларга киради. Харажатларга – давлат вазифалари ва функцияларининг молиявий таъминотига йўналтириладиган пул маблағлари. Давлат бюджети даромадларининг асосий қисми солиқлар ҳисобига шаклланади. Давлатнинг айрим вазифалари эса давлат мақсадли ва бюджетдан ташқари жамғармалар орқали молиялаштирилади. Ушбу жамғармалар Давлат бюджетидан ташқарида ташкил этилган, уларнинг ҳар бири ўз бюджетига эга. Улар орқали, мисол учун, пенсия таъминоти ва аҳоли бандлиги, автойўллар қуриш ва бошқа соҳалар молиялаштирилади.

Устувор инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, иқтисодиётнинг базавий соҳаларини модернизациялаш ва техник қайта қуроллантириш учун маблағларни жамлайдиган Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармаси алоҳида мақомга эга.

Давлат бюджети бир йилга қабул қилинади. Бюджетни тайёрлашдан бошлаб уни ижро этиш тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлашгача бўлган бутун жараён бюджет жараёни деб номланади.

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари лойиҳалари ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор вазифалари, молия йили учун макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари асосида тузилади.

У шакллантирилган ва ижро этилаётган иқтисодий шароитлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларини акс эттиради, И.Мамажонов улар билан бизни яқиндан таништирди. Унинг таъкидлашича, бу йил капитал қўйилмалар, саноат ишлаб чиқариши кенгайиши, қишлоқ хўжалиги, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги ривожланиши, шунингдек чакана савдо ошиши ҳисобига ЯИМ ўсиш суръати ошиши кутилмоқда. Нархлар ошиши юқорилигича қолмоқда, бу асосан 2017 йилда бошланган валюта сиёсатининг либераллаштирилиши, товар ва хизматлар нархларини шакллантиришнинг бозор усулларига ўтиш билан боғлиқ.

Қайд этилганидек, Давлат бюджети ўз ижтимоий йўналишини сақлаб қолган ва кутилаётган ЯИМ ўсиши, шунингдек валюта бозори либераллашиши, жаҳондаги нархлар ўзгариши конъюнктураси, прогноз қилинаётган ташқи савдо сиёсати кўрсаткичлари ва республикадаги инвестиция муҳити таъсирини ҳисобга олган ҳолда режалаштирилган. 2018 йилга ЯИМнинг 0,02%и ёки 59 млрд сўм миқдоридаги профицити билан режалаштирилган, бу кутилаётган даромадлар давлатнинг режалаштирилган харажатларидан ошишини англатади. 62 170 млрд сўм миқдоридаги харажатлар Олий Мажлис томонидан қабул қилиниб, Президент томонидан тасдиқланди. Ижтимоий мақсадларга йўналтирилган харажатлар Давлат бюджети харажатларининг асосий қисмини ташкил этади. Булар аввало таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ижтимоий қўллаб-қувватлашга харажатлардир. 2018 йилда ижтимоий соҳа ва аҳолининг ижтимоий ҳимояланишига бюджет харажатларининг ярмидан ортиғи йўналтирилади.

Исмонжон Мамажонов солиқ-бюджет сиёсатининг устувор вазифалари ҳақида ҳам сўзлаб берди. Бу йил солиқ юкини босқичма-босқич камайтириш, солиқлар ва йиғимлар тўланишини соддалаштириш ишлари давом эттирилди. Маҳаллий ҳокимият органларига катта молиявий ваколатлар бериш орқали минтақаларнинг молиявий ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат бюджетининг даромад базаси солиқ сиёсатининг кейинги йўналишлари: солиқ солишни соддалаштириш; солиқ юкини янада камайтириш; маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини мустаҳкамлаш; давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини бажариш; бюджет соҳаси ходимларининг меҳнат ҳақини ошириш; бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш; Давлат бюджети мувозанатини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда шакллантирилган.

2018 йилда бюджет сиёсатининг асосий тамойиллари – бюджет маблағларининг манзиллилиги ва улардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни кучайтириш, уларнинг самарадорлигини ошириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мустақиллигини кучайтириш ва маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини мустаҳкамлаш, бюджет харажатларини молиялаштиришнинг солиқларга боғлиқ бўлмаган манбаларини кенгайтириш.

Нашрда нафақат иқтисодий истиқболлар ва вазифалар, бюджетнинг ўзи нималиги, маблағлар, инвестициялар, фондлар қайси секторлар бўйича қандай тақсимланиши ҳақида сўз юритилибгина қолмай, балки бюджетлараро муносабатлар ва минтақаларни молиявий қўллаб-қувватлаш моҳияти ҳам очиб берилган. Давлат қарзининг ўзи нималиги, давлат мақсадли ва бюджетдан ташқари жамғармалар ҳақида аниқ тушунтиришлар берилган.

Бир сўз билан айтганда, у кенг доирадаги фойдаланувчиларга мўлжалланган бўлиб, талабалар, педагоглар, шифокорлар, ёш оилалар учун ҳам, пенсионерлар, аҳолининг бошқа тоифалари учун ҳам қизиқарли ва фойдали бўлади, зеро мамлакат бюджети унинг ҳар бир фуқароси манфаатларига дахл этади. Фуқаролар – ҳам солиқ тўловчилар, ҳам ижтимоий қулайликларнинг истеъмолчилари давлат тасарруфига бераётган маблағларидан очиқ ва самарали фойдаланилаётгани, умуман жамият учун ҳам, ҳар бир оила, ҳар бир киши учун ҳам аниқ самара бераётганига ишонч ҳосил қилишлари керак.

 

ФИСКАЛ ШАФФОФЛИК: ЯНГИ ТАШАББУСЛАР ВА ИСТИҚБОЛЛАР

Матбуот анжуманида жорий этилаётган инновацион ечимларга алоҳида эътибор қаратилди, улар фуқароларнинг бюджет муҳокамаси ва режалаштирилишида, бюджет маблағларини сарфлаш йўналишларини белгилашда қатнашишига имкон беради. Хусусан, партисипатор бюджетлаштиришда, Молия вазирлигининг Давлат бюджети Бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Султонов ана шулар ҳақида сўзлаб берди.

Унинг сўзларига қараганда, фуқароларнинг фаол иштироки, устувор йўналишларни мустақил белгилаш, улар амалга оширилишига эришиш ва режалаштирилган ишларнинг боришини кузатиш имконияти – давлат ҳокимияти органларининг ишига таъсир ўтказиш ва бюджет маблағлари сарфланишини назорат қилишнинг энг муҳим дастакларидан бири. Бироқ аҳолини бюджет жараёнига жалб этиш учун махсус, чуқур ишлаб чиқилган услубиятлар бўлиши зарур. Синовдан ўтган ва ўзини кўрсатган услубиятлардан бири – партисипатор бюджетлаштириш. Содда қилиб айтганда, ташаббусли бюджетлаштириш. Мақсад – бюджет жараёни шаффофлигини таъминлаш, бунда фуқаролар бюджет маблағлари сарфланиши керак бўлган лойиҳаларни танлашда иштирок этадилар. Яъни уларни сарфлаш устуворликларини белгилайдилар. Шундан сўнг лойиҳа ҳужжатларининг ўзини тузиш, лойиҳаларни амалга ошириш ва кейинчалик уларнинг амалга оширилишини назорат қилишда қатнашадилар. Партисипатор бюджетлаштириш деганда шу тушунилади.

Бу турдаги дастурлар дунёнинг турли минтақа ва мамлакатлари: Лотин Америкаси, Ғарбий ва Шарқий Европа, АҚШ, Россия ва ҳатто Хитойда ўттиз йилдан буён ишлайди. Дунёдаги кўп мамлакатлар у ёки бу шаклда бундай лойиҳаларга жалб этилган.

Фуқароларни демократик жараёнларга жалб этиш соҳасида тармоқ коммуникациялари ва электрон жиҳозлар кўпайиши шаротида партисипатор бюджетлаштириш ҳукумат ва фуқаролар ўртасидаги мулоқот канали сифатида Интернетдан кўпроқ фойдаланмоқда. Сўнгги йигирма йил давомида уяли алоқа телефонларидан фойдаланиш имконининг жадал ошиши кишиларни партисипатор бюджетлаштиришда иштирок этишга жалб этишда уларни қўллашнинг янги истиқболларини очмоқда. Д.Султонов бунга эътибор қаратиб, мамлакатимизда партисипатор бюджетлаштириш ва бюджетнинг очиқлиги сиёсатини ривожлантиришга доир ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Хусусан, фуқароларга бюджет жараёнининг фаол иштирокчилари сифатида қараш лозимлигини айтди.

 

* * *

«Фуқаролар учун бюджет-2018» тақдимотига қўшимча равишда 2018 йилнинг биринчи ярмидаги Давлат бюджети ижроси тақдимоти ўтказилди. Чунончи, I ярим йилликда ижтимоий соҳани молиялаштиришга барча харажатларнинг 55,7%и йўналтирилган. Бунда ижтимоий харажатлар орасида таълим соҳасига харажатлар салмоқли ўрин эгаллаган. Молия вазирлиги вакиллари II чорак якунлари бўйича маҳаллий бюджетларнинг мустақиллигини ошириш чора-тадбирлари қисмида маҳаллий бюджетларнинг 842 млрд сўм миқдоридаги даромадлари прогноз параметрлари ортиғи билан бажарилганлигини ҳам қайд этдилар.

Матбуот анжумани якунида Молия вазирлиги 2019–2021 йиллар режадаги даврида «Фуқаролар учун бюджет» лойиҳасини тайёрлашга киришгани маълум қилинди. У ҳам жамоат муҳокамасига тақдим этилади.

Шуни қайд этиш лозимки, фуқаролар учун Давлат бюджетини тайёрлаш ва нашр этиш концепцияси – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва БМТ Ривожланиш дастурининг «Ўзбекистонда давлат маблағларини бошқариш ислоҳотига кўмаклашиш» қўшма лойиҳаси.

Гулнора АБДУНАЗАРОВА, махсус мухбиримиз.

 

Прочитано: 1606 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика