МЧЖ битта иштирокчи – муассисга (жисмоний шахс – ЎзР резиденти) эга. Сўнгги 4 йилда жамиятда 100 млн сўмлик тақсимланмаган фойда тўпланиб қолди. 2018 йил 1 апрелда муассис жамият устав фондидаги улушнинг 25%ини янги иштирокчи – муассисга (жисмоний шахс – ЎзР резиденти) номинал қиймати бўйича сотди.
2018 йил 1 июлда фойдани тақсимлашда жамиятнинг янги иштирокчиси 2013 йилдан 2018 йил 30 июнгача бўлган даврда жамғарилган фойдани олишга ҳақли бўладими? Ёки у фақат жамият 2018 йилнинг 1 апрелидан 30 июнигача олган фойдасига даъвогарлик қила оладими?
– Жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушни (улушнинг бир қисмини) олувчига жамият иштирокчисининг мазкур улушдан (улушнинг бир қисмидан) воз кечишига қадар юзага келган барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ўтади («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддаси 11-қисми).
Янги муассис 2013 йилдан 2018 йил 30 июнгача бўлган давр учун тақсимланмаган фойданинг бир қисмини (25%) дивидендлар сифатида олишга ҳақли. Бунда у олинган дивидендлардан солиқ тўлайди.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.