«А» муассиси муассислар таркибидан чиқаётганда улушининг ҳақиқий қийматини худди шу қийматдаги мол-мулк кўринишида натура ҳолида, аниқроғи – автотранспорт кўринишида олиш истагини билдирди.
Автотранспортнинг қолдиқ қиймати (ҳар йили ўтказилган қайта баҳолашларни ҳисобга олганда) – 77 433 минг сўм.
Автотранспортнинг баҳолаш қиймати – 77 500 минг сўм.
Чиқиб кетиш пайтидаги ҳақиқий қиймати – 77 500 минг сўм.
Муассис бадали – 77 500 минг сўм.
Автотранспортни балансдан ҳисобдан чиқаришдан олинган фойда – 40 189 минг сўм.
Ягона солиқ тўлови – 2 009 минг сўм (40 189 х 5%).
Автотранспортни корхона балансидан ҳисобдан чиқариш, уни муассис бадалига тенг бўлган баҳолаш қийматида муассисга бериш чоғида олинган фойдага ягона солиқ тўлови (5%) солинадими?
МЧЖ директори.
– Ҳа, айрим ҳоллардан ташқари, асосий восита чиқиб кетишидан олинган фойдага ЯСТ солинади.
Сизнинг ҳолатда қайта баҳолаш сальдоси ҳисобига фойда юзага келган. Сизда АВ тугатилмаётганлиги сабабли фойда ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базага киритилади.
Чиқиб кетаётган муассисга АВни беришдан кўрилган фойда (зарар) қуйидаги формула бўйича аниқланади:
ФР = Қ – Оққ + Қс, бунда:
ФР – АВни сотишдан фойда ёки зарар;
Қ – берилаётган АВ қиймати;
Оққ – АВнинг бошланғич (тиклаш) қиймати билан ҳисобланган амортизация ўртасидаги фарқ сифатида белгиланадиган объектнинг қолдиқ (баланс) қиймати;
Қс – 8510-счёт кредити бўйича ҳисобга олинадиган, берилаётган АВни қайта баҳолаш сальдоси.
Чиқиб кетаётган муассисга АВни беришдан олинган фойда корхонанинг бошқа даромади ҳисобланади ва ЯСТни ҳисоблашда солиқ солинадиган базага киритилади (Солиқ кодексининг 355-моддаси). Солиқ асосий фаолият тури ставкасида ҳисобланади.
Чиқиб кетаётган муассис олдидаги қарзни сўндириш ҳисобига берилаётган АВ қиймати муассис билан келишилади.
Автотранспорт воситаларини бериш чоғида Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 7.03.2006 йилдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган) белгиланган тартибда берилганлиги давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин улар балансдан ҳисобдан чиқарилишини инобатга олиш лозим.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.