«Айни вақтда қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан тўғри амалга ошириш механизмларига эга экани ҳақида сўз юритганда, бу борада ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини таъкидлаш зарур».
Ш.Мирзиёев.
Маълумки, маъмурий ҳуқуқбузарлик билан жиноят бир-биридан ижтимоий хавфлилик даражасига кўра фарқ қилади. Шу сабабли маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс билан, жиноят ишлари бўйича жавобгарлик эса Жиноят кодекси билан тартибга солинади. Бундан ташқари бизда Жиноят-процессуал кодекси ҳам қабул қилинган бўлиб, у жиноят ишларини юритиш жараёнини тартибга солади.
Бир қарашда ҳуқуқнинг мазкур соҳаларидаги ҳар бир элемент, асосий тушунча, объект ва субъектлар алоҳида бўлиши ва маъмурий ҳуқуқда ҳам, жиноят-процессуал ҳуқуқда ҳам барча ҳолатларни инобатга олган ҳолда алоҳида таърифланиши, акс эттирилиши лозим. Масалан, маъмурий ишларда қўлланиладиган тушунча ва атамаларни жиноят процессида қўллаш ва аксинча, жиноят процессида қўлланилган тушунча ва атамалардан маъмурий ишларда фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлмайди.
Биламизки, божхона органларининг мансабдор шахслари ўз иш фаолиятида мунтазам равишда Божхона кодексига ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини юритиш юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мурожаат қилишади. Сабаби, божхонага оид қонунбузарликлар учун жавобгарлик нормалари айнан шу Кодекс билан белгиланган. Қолаверса, божхонага оид қонун ҳужжатларини бузган шахсларга нисбатан юритиладиган маъмурий ишлар жараёни ҳам, яъни баённомалар расмийлаштириш, ҳуқуқбузарни ушлаб туриш, қарор чиқариш тартиблари айнан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс билан тартибга солинади. Божхона органларининг иш фаолиятини белгилайдиган, уни тартибга соладиган ҳуқуқий асослардан яна бири 2016 йилда амалга киритилган Божхона кодексидир. Аммо бу Кодексга замон талаби ва амалиётдаги жараёнлардан келиб чиққан ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурияти туғилмоқда.
Хусусан, божхона органи мансабдор шахслари ўз иш фаолиятида божхона назорати шаклларининг баъзиларини қўллаш жараёнида кўп маротаба холисларга мурожаат қилишади. Хусусан, божхона кўригининг баъзи ҳолларда 2 нафар холис иштирокида ўтказилиши (Божхона кодексининг 195-моддаси), шахсий кўрик божхона органи мансабдор шахси томонидан шахсий кўрикдан ўтказилаётган шахс жинсидаги 2 нафар холис ҳозирлигида ўтказилиши (Божхона кодексининг 196-моддаси) белгилаб қўйилган. Аммо на Божхона кодексида, на Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда холисларга таъриф берилган, кимлар холис бўлиши мумкинлиги, холисларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари келтирилмаган. Фақат Жиноят-процессуал кодексининг 73-моддасида холислар тушунчасига таъриф берилган:
● Холислар суриштирувчи, терговчи, прокурор томонидан тергов ёки бошқа ҳаракатлар ўтказилганини, уни ўтказиш жараёни ва натижаларини тасдиқлаш учун ушбу Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган ҳолларда чақирилади.
● Тергов ҳаракатларини юритишда иштирок этиш учун ишнинг оқибатидан манфаатдор бўлмаган, камида икки нафар вояга етган фуқаро чақирилиши лозим. Тергов ҳаракатини бошлашдан олдин суриштирувчи, терговчи ёки прокурор холисларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради.
Лекин, Жиноят-процессуал кодексининг 73-моддаси таърифида келтирилган холислар жиноят процессида иштирок этувчи шахслар сифатида қаралади ва бевосита тергов ҳаракатларини юритишда иштирок этиш учун суриштирувчи, терговчи, прокурор томонидан чақирилади. Божхона органлари мансабдор шахслари томонидан иш фаолиятида жалб этилаётган холислар-чи?
Божхона назоратининг шакли бўлмиш божхона кўриги, шахсий кўрик ҳеч қандай терговга оид ҳаракат эмас. Буни инобатга олиш лозим. Ҳозирги вақтда амалиётда холис неча ёшда бўлиши керак, фақат Ўзбекистон фуқароси холис бўладими ёки чет эл фуқароси ҳам холис бўла оладими, киши неча мартагача холис бўла олади, холисларга қўйиладиган талаблар қандай, холисларнинг қандай ҳуқуқлари бор, холисларга қандай мажбуриятлар юкланади деган саволлар ҳамон очиқ қолмоқда.
Ушбу масалани ҳал қилиш учун қуйидаги таклифни киритамиз: божхона органларининг иш фаолиятини белгилайдиган ҳуқуқий асос бўлмиш Божхона кодекси ёки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга холислар тўғрисида алоҳига модда киритилиши мақсадга мувофиқдир. Хусусан, ушбу киритилажак моддада холисларга тўлиқ таъриф берилган бўлиши, уларга қўйиладиган талаблар, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ-равшан акс эттирилган бўлиши лозим.
Ишончимиз комилки, мазкур модданинг иккала кодексдан бирига киритилиши холислар ва уларнинг жалб қилиниши билан боғлиқ юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга, маъмурий ишлар юритилишида холисликни янада таъминлашга хизмат қилади.
Файзулло ҚАРШИБОЕВ,
Юридик фанлар кафедраси катта ўқитувчиси,
Шаҳбоз ЮСУПОВ,
Олий ҳарбий божхона институти тингловчиси.