Корхона давлат корхонаси ҳисобланади (давлат улуши – 100%), бироқ бюджет маблағларини сарфламай, ўзини ўзи таъминлайди. Биз қиймати 100 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган импорт контрактларини ЛБМАда рўйхатдан ўтказишимиз зарурми?
Э.Икромов.
– Устав жамғармасининг 50%и ва ундан ортиқ миқдордаги давлат улушига эга юридик шахслар билан тузиладиган, эквиваленти 100 минг АҚШ долларига тенг бўлган миқдордан ортиқ бўлган суммадаги импорт контрактлари рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Корхонангиз давлат корхонаси ҳисобланади, сиз амалга оширадиган харидлар давлат харидларига киради.
Давлат харидларини амалга оширишда тузиладиган, эквиваленти 100 минг АҚШ долларига тенг бўлган миқдордан ортиқ бўлган суммадаги импорт контрактлари экспертиза қилиниши ва рўйхатдан ўтказилиши лозим (Низомнинг 6-банди «в» кичик банди, 20.02.2018 йилдаги ПҚ-3550-сон қарорга 3-илова).
Давлат хариди – давлат буюртмачилари томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақ эвазига сотиб олиниши.
Буюртмачилар – устав жамғармасининг (капиталининг) 50%и ва ундан ортиқ миқдордаги давлат улушига эга давлат корхоналари, юридик шахслар (Низомнинг 2-банди).
Устав жамғармасининг 50%и ва ундан ортиқ миқдордаги давлат улушига эга юридик шахслар билан тузиладиган, эквиваленти 100 минг АҚШ долларига тенг бўлган миқдордан ортиқ бўлган суммадаги импорт контрактлари «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКда рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Жавобларни «Norma» экспертлари тайёрладилар.