Касаначилар уйда корхона учун фильтр-енглар тикадилар, бунда электр энергияси кўринишидаги харажатлар юзага келади.
Касаначининг ушбу харажатларини компенсациялаш зарурми?
Электр энергияси учун компенсация тўловларига ЖШДС, ШЖБПҲ, ЯИТ, суғурта бадаллари солинадими?
О.Ловзова.
– Меҳнат кодексида ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ қўшимча харажатлар иш берувчи томонидан қопланиши назарда тутилган (170-модда).
Компенсация (қоплаш нормаси) ҳисоб-китоби Касаначининг уйида ёки ўзига тегишли бошқа жойларда ишлаб чиқариш топшириғини бажариши билан боғлиқ харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 1.07.2008 йилдаги 146-сон қарорига 4-илова) белгиланган.
Электр энергияси харажатларини қоплаш миқдори қуйидагилардан келиб чиққан ҳолда аниқланади:
● меҳнат фаолияти жараёнида касаначи томонидан фойдаланиладиган асбоб-ускунанинг энергия сарф қилиши (қуввати)дан;
● маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш учун) ушбу асбоб-ускунадан фойдаланишнинг норматив вақтидан;
● касаначининг меҳнат фаолияти амалга ошириладиган жойда аҳоли учун электр энергиясига белгиланган тарифлардан.
Маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш учун электр энергиясига харажатларини қоплаш миқдори қуйидаги формула бўйича аниқланади:
В (сўм) = Σ (М i(кВт/с) х ВР i (норма) х Тариф (сўм), бунда:
В (сўм) – ишлаб чиқарилган маҳсулот бирлиги (кўрсатилган хизматлар) учун қоплаш миқдори;
Σ – электр энергиясига харажатларни қоплаш миқдорини аниқлашда маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш) учун зарур бўлган, электр истеъмол қиладиган асбоб-ускунанинг қуввати ва ундан фойдаланиш норматив вақтининг алоҳида-алоҳида ҳисобга олинишини кўрсатувчи сумма белгиси;
М i(кВт/с) – маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган электр энергияси истеъмол қилувчи асбоб-ускунанинг қуввати;
ВР i(норма) – электр энергияси истеъмол қилувчи асбоб-ускунадан фойдаланишнинг норматив вақти;
Тариф (сўм) – электр энергияси учун тўловнинг аҳоли учун белгиланган тарифи.
Касаначининг иш жойини ёритиш учун фойдаланиладиган электр энергияси тўлови учун харажатлари ҳам қопланиши керак.
Қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва нормалар доирасида тўланадиган компенсация тўловларига жисмоний шахснинг даромади сифатида қаралмайди (Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисми 8-банди).
Шу тариқа, белгиланган нормалар доирасида фойдаланилган электр энергияси суммасининг қопланиши жисмоний шахснинг даромади ҳисобланмайди ва унга ЖШДС солинмайди.
Белгиланган нормадан ортиқ электр энергиясининг қопланиши жисмоний шахснинг ЖШДС солинадиган моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 1-банди). Моддий нафга суғурта бадаллари ва ЯИТ солинмайди (Солиқ кодексининг 306-моддаси).
Жавобларни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.