Муассис устав фондини тўлдириш учун ҳисса сифатида хона ўсимликлари экилган тувакларни (кўп йиллик ўсимликлар – дарахтлар) киритди. Ҳар бирининг қиймати – 10 000 000 сўм.
Ҳисоб сиёсатида белгиланишича, ЭКИҲнинг 20 бараваридан ортиқ қийматли активлар АВ сифатида тан олинади.
Катта туваклардаги қимматбаҳо хона ўсимликларини қандай ҳисобга олиш мумкин?
У.Мачанова.
– Қонун ҳужжатларида қимматбаҳо кўп йиллик хона ўсимликлари, масалан, товар деб эмас, балки интерьер буюми сифатида берилса, уларни асосий воситаларга киритишга тақиқ белгиланмаган.
Ҳисоб сиёсатингизга мувофиқ фойдаланиш муддати 1 йилдан ортиқ ва қиймати 20 ЭКИҲдан ортиқ бўлган моддий активлар асосий воситалар деб тан олинади. Улар корхонада фойдаланиш учун, шу жумладан маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга ошириш мақсадида тутиб турилади (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган 5-сон БҲМСнинг 3, 4-бандлари).
Офисдаги кўп йиллик хона ўсимликлари ташкилотнинг ижобий имижини яратишга, шунингдек нормал меҳнат шароити таъминланишига, ходимлар саломатлиги муҳофаза қилинишига хизмат қилади.
Муассис киритган хона ўсимликлари – туваклардаги дарахтлар кўп йиллик бўлгани ва қиймати асосий восита деб тан олиш мезонларига мувофиқ келиши сабабли ҳисобни 0180-«Кўп йиллик ўсимликлар» счётида юритиш мумкин. Ушбу счётда кўкаламзорлаштирувчи, манзарали, мева-реза мева берувчи дарахт ва кўчатлар, ўсимликлардан ҳосил бўлган иҳоталар ва бошқа кўп йиллик ўсимликлар ҳисобга олинади.
Жавобларни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.