Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 22 / Бухгалтерга тавсиялар

Қурилиш: пудратчида ҳисобни ташкил этиш

 

Таннархни ташкил этувчи харажатлар уларнинг иқтисодий мазмунига мувофиқ қуйидаги элементлар бўйича гуруҳланади:

● ишлаб чиқариш билан боғлиқ моддий харажатлар (қайтариладиган чиқиндилар қийматини чегирган ҳолда);

● ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари;

● ишлаб чиқаришга тегишли бўлган ижтимоий суғуртага ажратмалар;

● асосий воситалар ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар амортизацияси;

● ишлаб чиқариш тусидаги бошқа харажатлар (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Низом).

Пудратчида қурилиш ишларининг ҳақиқий ишлаб чиқариш таннархи объектлар кесимида материаллар, меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш, ижтимоий суғуртага ажратмалар ва бошқаларни ҳисобга олувчи счётлар кредитидан 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» счёти дебети бўйича шакллантирилади.

 

Материаллар

 

Умумий қоидага кўра қурилишни материаллар ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш пудратчи зиммасига юклатилади. Бироқ пудрат шартномасида бутун қурилишни ёки унинг муайян қисмини моддий таъминлаш буюртмачи томонидан амалга оширилиши назарда тутилган бўлиши мумкин (ФКнинг 672-моддаси).

Буюртмачи пудратчига материалларни уларга доир мулк ҳуқуқини берган ҳолда ёки бу ҳуқуқни бермаган ҳолда топшириши мумкин.

Буюртмачи материалларни мулк ҳуқуқини бермасдан топширганда

Пудратчи бундай материалларни қайта ишлашга қабул қилинган давал хом ашё сингари балансдан ташқари счётда ҳисобга олади. Қабул қилиш-топшириш далолатномаси ёки юкхат бошланғич ҳужжатлар ҳисобланади.

Буюртмачи берган материаллардан фойдаланганлигини пудратчи махсус ҳисоботда акс эттиради.

 

 

МИСОЛ. Пудрат шартномасига кўра буюртмачи қурилишни материаллар билан қисман таъминлайди. У берган материаллар қиймати – 10 000 минг сўм. ҚҚС тўловчи пудратчи 75 000 минг сўмлик ишларни бажарди, шу жумладан буюртмачи материаллари қиймати – 8 000 минг сўм. Фойдаланилмаган материалларни пудратчи буюртмачига қайтарди.

 

Бухгалтерия ҳисобида буюртмачининг давал материалларидан фойдаланган ҳолда бажарилган ишларни пудратчи қуйидагича акс эттиради:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма, минг сўм

 

Дебет

 

Кредит

 

Буюртмачидан қабул қилиб олинган давал материаллар кирим қилинди

 

10 000

 

003-«Қайта ишловга қабул қилинган материаллар»

 

 

Давал материаллар қийматини ҳисобга олмаган ҳолда бажарилган ишлар ҳақини тўлаш учун буюртмачига тақдим этилди (75 000 – 8 000)

 

67 000

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

 

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар»

 

Ишларни бажаришда фойдаланилган давал материаллар ҳисобдан чиқарилди

 

8 000

 

 

003-«Қайта ишловга қабул қилинган материаллар»

 

Фойдаланилмаган материаллар буюртмачига қайтарилди (10 000 – 8 000)

 

2 000

 

 

 

Ўзаро ҳисоб-китоб қилишда пудратчи буюртмачининг дебиторлик қарзини фойдаланилмаган материаллар суммасига камайтириши ва уларни балансга кирим қилиши мумкинлиги пудрат шартномасида назарда тутилиши мумкин (ФКнинг 640-моддаси). Бунда буюртмачи материалларнинг бу қисмини ҳисобварақ-фактура билан расмийлаштириши керак.

 

МИСОЛ. Пудрат шартномасига кўра ҚҚС тўламайдиган буюртмачи қурилишни материаллар билан қисман таъминлайди. У берган материаллар қиймати – 10 000 минг сўм. ҚҚС тўламайдиган пудратчи 75 000 минг сўмлик ишларни бажарди, шу жумладан буюртмачи материаллари қиймати – 8 000 минг сўм. Пудрат шартномаси шартларига кўра фойдаланилмаган материалларни пудратчи ўзида қолдиради.

 

Бухгалтерия ҳисобида буюртмачининг давал материалларидан фойдаланган ҳолда бажарилган ишлар, шунингдек буюртмачининг фойдаланилмаган материалларини ҳисобга қабул қилишни пудратчи қуйидагича акс эттиради:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма, минг сўм

 

Дебет

 

Кредит

 

Буюртмачидан қабул қилиб олинган давал материаллар кирим қилинди

 

10 000

 

003-«Қайта ишловга қабул қилинган материаллар»

 

 

Давал материаллар қийматини ҳисобга олмаган ҳолда бажарилган ишлар ҳақини тўлаш учун буюртмачига тақдим этилди (75 000 – 8 000)

 

67 000

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

 

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар»

 

Ишларни бажаришда фойдаланилган давал материаллар ҳисобдан чиқарилди

 

8 000

 

 

003-«Қайта ишловга қабул қилинган материаллар»

 

Буюртмачининг фойдаланилмаган материаллари ҳисобдан чиқарилди (10 000 – 8 000)

 

2 000

 

Буюртмачининг фойдаланилмаган материаллари балансга кирим қилинди

 

2 000

 

1000-«Материаллар»

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

Қарзлар ўзаро ҳисобга киритилди

 

2 000

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

 

 

 

Буюртмачи материалларни мулк ҳуқуқини берган ҳолда топширганда

Пудратчи ушбу материалларни етказиб берувчидан сотиб олинган деб ҳисобга олади, сўнгра уларни нормаларга мувофиқ бажарилган ишлар таннархига ҳисобдан чиқаради. Олди-сотди шартномаси ва ҳисобварақ-фактура материалларни ҳисобга қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Буюртмачининг бундай фаолиятига лицензия бўлишини талаб этувчи улгуржи савдо сифатида қаралади. Буюртмачи билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиш чоғида пудратчи материаллар учун кредиторлик қарзини бажарилган ишлар учун дебиторлик қарзи ҳисобига киритишга ҳақли (ФКнинг 346-моддаси).

Ёрдамчи пудратчи бош пудратчидан олинган материалларни худди шундай тартибда ҳисобга олади.

 

МЕҲНАТГА ҲАҚ ТЎЛАШ

Қурувчиларга, одатда, ишбай тизим бўйича иш ҳақи ҳисобланади. Бошқарув ходимлари (масалан, усталар, участка бошлиқлари, прораблар) меҳнатига асосан вақтбай ҳақ тўланади. Иккала меҳнатга ҳақ тўлаш тизими турлари, бошланғич ҳужжатлар ва ҳисоб-китобга мисоллар «Меҳнатга ҳақ тўлаш: қайси тизимни танлаймиз» материалида келтирилган («СБХ»нинг 10.04.2018 йилдаги 15 (1235)-сони).

Кўпинча қурилиш майдончаси (қурилиш объекти) қурилиш ташкилотидан анча узоқда жойлашган бўлади. Шу сабабли ходимлар:

√ ҳар куни уйга қайтиш имконига эга бўлмай, қурилиш майдончаси яқинида яшашга (ҳаракатланувчи тусдаги иш);

√ ишдан ташқари вақтини ташкилот жойлашган жойдан объектгача бориш ва ундан қайтиш учун сарфлашга (қатнов тусидаги иш);

√ вахта усулида ишлашга мажбур.

Бундай қатнаш хизмат сафари деб ҳисобланмайди.

Ишларнинг бундай тусга эгалиги сабабли ходимлар сарфлайдиган қўшимча харажатлар устамалар тўлаш билан компенсацияланади. Ҳаракатланувчи ва қатнов тусидаги ишлар учун устамалар тўлаш тартиби махсус Низом (Меҳнат вазирлигининг 17.11.1992 йилдаги 11/30-сон қарори билан тасдиқланган) билан белгиланган.

Ҳаракатланувчи ва қатнов тусидаги ишлар учун устамалар корхона билан меҳнат муносабатлари ўрнатган ходимларга тўланади. Таътил пули, ишдан бўшатиш ва ижтимоий нафақаларни тўлаш учун ўртача иш ҳақини ҳисоблашда улар инобатга олинмайди.

Ҳаракатланувчи тусдаги иш учун устама

Ушбу устама олисдаги объектларда ишланган календарь кунлари ҳамда корхона жойлашган жойдан иш жойигача бориш ва ундан қайтиш учун ҳақиқатда йўлда бўлган кунлар учун тўланади. Йўлда бўлган кунлар учун корхонада белгиланган нормал иш куни давомийлиги ҳисобидан келиб чиқиб кунлик тариф ставкаси (маош) тўланади.

Олисдаги объектда касал бўлган кунлар учун ҳам меҳнатга лаёқатсизлик варақаси мавжуд бўлганда устама тўланади.

Ҳаракатланувчи тусдаги иш учун устама миқдори тариф ставкалари ёки маошларнинг 30%игача миқдорни ташкил этиши мумкин (коэффициентлар ва қўшимча тўловларни ҳисобга олмаганда). Унинг аниқ миқдори жамоа (ёки меҳнат) шартномасида белгиланади. Бироқ у ойига 1 ЭКИҲдан ошмаслиги керак. Раҳбарият ўз молиявий аҳволидан келиб чиқиб кўпроқ миқдорни ҳам белгилаши мумкин. Бироқ бу ҳолда унга бошқача тарзда солиқ солинади ва бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади.

 

МИСОЛ. Ходим билан тузилган меҳнат шартномасида олисдаги объектларда ишлаганда унга ҳаракатланувчи тусдаги иш учун ойига 2 ЭКИҲдан келиб чиққан ҳолда устама тўланиши назарда тутилган. 2018 йил апрелда 30 календарь кунидан 19 кунида у ҳар куни доимий яшаш жойига қайтиш имконига эга бўлмаган ҳолда олисдаги объектда бўлди, ана шу объектга 1 кунда етиб борди.

ЭКИҲ 172 240 сўм бўлганда кундалик устама миқдори 11 482,67 сўмни (172 240 х 2 / 30), 20 календарь куни учун эса – 229 653,33 сўмни (11 482,67 х 20) ташкил этади. Ушбу суммадан фақат ярми – 114 826,67 сўм норма доирасида тўланади, қолган қисми нормадан ортиқ бўлади.

 

Бухгалтерия ҳисобида устама ҳисобланиши қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма, сўм

 

Дебет

 

Кредит

 

Ҳаракатланувчи тусдаги ишлар учун устама ҳисобланди:

норма доирасида

нормадан ортиқ

 

 

114 826,7

114 826,7

Харажатларни ҳисобга олувчи счётлар

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»;

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»

 

 

Қатнов тусидаги иш учун устама

Бир кунда корхона жойлашган жойдан объектга бориш ва ундан қайтиш учун ишламайдиган вақтда йўлга:

● камида 3 соат сарфланса – ойлик тариф ставкасининг (маошнинг) 20%игача;

● камида 2 соат сарфланса – ойлик тариф ставкасининг (маошнинг) 5%игача миқдорда ушбу устама тўланади.

Устаманинг аниқ миқдори жамоа (ёки меҳнат) шартномаси билан белгиланади.

Устама иш жойига борган ва ундан қайтган кунларнинг амалдаги сонига мутаносиб равишда тўланади.

Устама миқдори бир ой ҳисобида 1 ЭКИҲдан ошмаслиги керак. Раҳбарият молиявий имконияти бўлганда устаманинг каттароқ миқдорини ҳам белгилаши мумкин. Бу ҳолда унга солиқ солиш ва бухгалтерия ҳисобида акс эттириш нормативдагидан фарқланади.

Ходим қатнов тусидаги иш учун устама олса, унга суткалик харажатлар тўланмайди.

Қуйидагиларни оладиган ходимларга қатнов тусидаги иш учун устама тўланмайди:

√ дала таъминоти;

√ ҳаракатланиш тусидаги иш учун устамалар;

√ бепул овқатланиш ёки унинг ўрнига пул таъминоти.

 

МИСОЛ. Ходим билан тузилган меҳнат шартномасида қатнов тусидаги иш учун маошнинг 20%и миқдорида устама олиши назарда тутилган, сабаби бир кунда корхона жойлашган жойдан объектга бориш ва ундан қайтиш учун ишдан ташқари вақтда йўлга 3 соат 30 дақиқа сарфланмоқда. 2018 йил апрелда ходим бутун ой (25 иш куни) олисдаги объектда банд бўлди. Ходимнинг маоши 1 500 000 сўмни ташкил этади, ЭКИҲ – 172 240 сўм.

Апрель учун устама миқдори 300 000 сўмни (1 500 000 х 20%) ташкил этади, шу жумладан нормативдан ортиқ – 127 760 сўм (300 000 – 172 240).

Бухгалтерия ҳисобида ушбу устама ҳаракатланувчи тусдаги ишдаги сингари акс эттирилади.

 

Вахта усулидаги иш учун устама

Ишларни ташкил этишнинг бундай усулида сменадаги (вахтадаги) ходимлар белгиланган жадваллар асосида ташкилот жойлашган жойдан анча олисдаги объектларга мунтазам равишда етказилади. Бу ерда ходимлар махсус ташкил этилган вахта посёлкаларида яшаб, алоҳида иш ва дам олиш режимлари бўйича ишлайдилар.

Ходимларнинг доимий яшаш жойига кундалик равишда қайтиши мақсадга мувофиқ бўлмаган ҳолларда, шунингдек ҳеч ким яшамайдиган ва маҳаллий меҳнат ресурслари билан таъминланмаган олис туманлардаги объектлар ҳамда ўта муҳим объектларнинг қурилиш муддатларини қисқартириш учун ушбу усул қўлланилади.

Вахта режимида ишлаш тартиби махсус Низом (АВ томонидан 28.11.1998 йилда 551-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган.

Вахта усулида ишлаш билан боғлиқ қўшимча харажатлар объект қурилишининг шартномавий нархи таркибида ҳисобга олиниши лозим. Бунда вахта усулида ишловчи жамоаларга хизмат кўрсатиш учун ижтимоий-маиший йўналишдаги корхонанинг қўшимча харажатларини қоплаш учун маблағлар назарда тутилади.

Вахта усулида бажариш учун ишларнинг аниқ ҳажмлари ва турлари пудратчи ва буюртмачи томонидан қурилиш пудрати шартномаларини тузиш чоғида белгиланади.

Корхона жойлашган жойдан иш жойига бориш ва ундан қайтиш учун ходимларнинг ҳар куни 3 соатдан ортиқ вақт сарфлашига тўғри келадиган ҳолларда корхоналар раҳбарлари ишларнинг вахта усулида бажарилишини, у иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлганда, ташкил этишга ҳақли бўладилар.

Вахта усулидаги ишлар учун амалдаги харажатлар ҳисоб-китобдаги кўрсаткичлардан ошган ҳолларда уларнинг қийматидаги тафовут бош пудрат ташкилоти ҳисобига қопланади.

Ходимни вахтага йўллаш хизмат сафари ҳисобланмайди. Вахта муддати 1 календарь ойдан ошмаслиги керак. Вахта ходимлари корхона штатидаги ҳамда контрактлар бўйича вақтинча жалб этиладиган, тиббий жиҳатдан қарши кўрсатмаларга эга бўлмаган ходимлардан ташкил топади.

18 ёшга тўлмаган ишчи ва хизматчилар, ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар жалб этилиши мумкин эмас. Ишлар, одатда, комплекс йириклаштирилган бригадалар томонидан ишни ташкил этиш ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг пудрат принципларини қўллаган ҳолда бажарилиши лозим. Вахта ходимлари бир-бирининг ўрнини босиши ва моддий қимматликларнинг сақланиши таъминланган бўлиши керак.

Вахта усулида иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш қўлланилади. Ой, чорак ёки ундан узоқроқ бўлган, бироқ бир йилдан ошмаган давр ҳисоб даври бўлиши мумкин. Ҳисоб даври қуйидагиларни қамраб олади:

● иш вақти. Унинг ҳисоб давридаги давомийлиги қонун ҳужжатларида белгиланган бир ҳафтадаги иш соатлари сонидан ошмаслиги керак. Кундалик иш давомийлиги 12 соатдан ошмаслиги керак;

● корхона жойлашган жойдан ёки йиғилиш пунктидан иш жойига бориш ва ундан қайтишгача йўлда бўлган вақт;

● объект жойлашган жойда мазкур вақтнинг календарь қисмига тўғри келадиган сменалар ўртасидаги дам олиш вақти.

Ишбай нархлар, тариф ставкалари, маошлар бўйича иш вахта пайтида бажарилганлиги учун ҳисобланган иш ҳақи билан бир қаторда вахтачиларга қуйидагилар тўланади:

● вахтада ишлаган давр учун ҳисобланадиган мукофотлар;

● коэффициентлар (туман, баланд тоғли, чўл, сувсиз ва б.) бўйича қўшимча тўловлар;

● қонун ҳужжатларига мувофиқ иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига ҳақ тўлаш (МКнинг 157-моддаси) – ҳисоб даври ўтгач амалга оширилади;

● вахталар орасида дам олиш кунларига ҳақ тўлаш;

● вахта усули учун устамалар – вахтада бўлган ҳар бир календарь кун учун, шунингдек корхона жойлашган жойдан иш жойига бориш ва ундан қайтиш учун ҳақиқатда йўлда бўлган кунлар учун.

Устама миқдори жамоа (ёки меҳнат) шартномаси билан белгиланади, бироқ у 1 ЭКИҲдан кам бўлиши керак эмас. Бунда ҳаракатланиш ва қатнов тусидаги иш учун компенсацияларнинг бошқа турлари тўланмайди;

● ходимларнинг об-ҳаво шароитларига кўра, транспорт ташкилотларининг айби билан ёки бошқа кўзда тутилмаган ҳолатлар сабабли йўлда кечиккан кунлари учун компенсациялар аввалги ой учун ҳисобланган иш ҳақи асосида белгиланадиган ўртача кунлик ставка бўйича тўланади. Бундай ҳолларда ходимларнинг турар жойни ижарага олиш харажатлари хизмат сафари нормалари бўйича қопланади;

● ходим узрли сабабларга кўра вахта ходимлари тўпланадиган пунктга ўз вақтида етиб келмаган ва иш бажариладиган объектга мустақил равишда етиб борган ҳолларда транспорт харажатлари хизмат сафари нормалари бўйича қопланади;

● меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ёки жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа қўшимча тўловлар.

Вахта усулида ишлаганлик учун устама ходимларнинг ҳақиқатда вахтада бўлган вақтидан келиб чиқиб ҳисобланади:

√ меҳнатга вақтбай ҳақ тўлаганда – ходимнинг ойлик маоши ойдаги календарь кунлар сонига бўлинади. Олинган кунлик ставка ҳақиқатда вахтада ишлаган ва йўлда бўлган кунлар сонига кўпайтирилади ҳамда ушбу суммадан белгиланган миқдордаги устама аниқланади;

√ меҳнатга ишбай ҳақ тўланганда – ҳақиқатда бажарилган иш ҳажми учун ҳисобланган ходимнинг ойлик иш ҳақи ойдаги календарь кунлар сонига бўлинади. Кейинги ҳисоб-китоб вақтбай ходимларда бўлган тартибдагидек амалга оширилади.

 

МИСОЛ. Меҳнат шартномасига кўра қурилиш устасига маош – 2 000 000 сўм ҳамда вахтадаги иш учун устама – иш ҳақининг 30%и белгиланган. Иш вақтини ҳисобга олиш табелига кўра у 2018 йил апрелда (30 календарь кун) бутун ой вахтада ишлаган. ЭКИҲ – 172 240 сўм.

Вахта усулида ишлаганлик учун устама 600 000 сўмни (2 000 000 х 30%) ташкил этади.

 

Бухгалтерия ҳисобида устама ҳисобланиши қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма, сўм

 

Дебет

 

Кредит

 

Вахта усулидаги иш учун устама ҳисобланди:

норма доирасида

нормадан ортиқ (600 000 – 172 240)

 

 

172 240

427 760

Харажатларни ҳисобга олувчи счётлар

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»;

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»

 

 

Машина ва механизмлардан фойдаланиш харажатлари

Қурилиш техникасини (ўзининг, хизмат кўрсатувчи ходимлар билан ёки уларсиз ижарага олинган) жалб этиш шартларига қараб унинг мазмуни бўйича харажатлар ҳам турлича ҳисобга олинади.

Қурилиш машиналари ва механизмларидан фойдаланиш харажатлари 2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари» счётида ҳисобга олинади. Ҳар ойда ушбу счётда жамланган харажатлар қурилиш объектлари бўйича тақсимланади ва асосий ишлаб чиқариш харажатларига ҳисобдан чиқарилади (2010-счёт дебетига).

Ташкилот ушбу харажатларни тақсимлаш учун базани мустақил равишда танлайди ва ўз танловини ҳисоб сиёсатида қайд этади. Одатда, машиналардан фойдаланиш вақти ёки бажарилган ишлар ҳажми базавий кўрсаткич сифатида қабул қилинади.

 

МИСОЛ. Қурилиш ташкилоти ҳисобот ойида 2 та объектда ишларни бажариш чоғида автомобиль кранидан фойдаланди. Ҳисоб сиёсатида машина ва механизмлардан фойдаланиш харажатлари ишланган вақтга мутаносиб равишда тақсимланиши белгиланган. 1-сон объектда – 24 машина-соат, 2-сон объектда 16 машина-соат ишланган. Кранни сақлаш бўйича умумий харажатлар 4 540 минг сўмни ташкил этди.

Кранни сақлаш харажатлари 1-сон объектга 2 724 минг сўмлик (4 540 х 24 / 40) суммада, 2-сон объектга – 1 816 минг сўмлик (4 540 х 16 / 40) суммада ҳисобдан чиқарилади.

 

ВАҚТИНЧАЛИК (НОТИТУЛ) ИНШООТЛАРГА ХАРАЖАТЛАР

Пудратчи объектда ишларни бажариш вақтида қурилиш майдончасида ўрнатадиган бино ва иншоотлар вақтинчалик дейилади. Улар қурилишнинг титул рўйхатига (Низомнинг 5-банди, ВМнинг 12.09.2003 йилдаги 395-сон қарорига 2-илова) киритилмаслиги сабабли нотитул деб аталади. Яъни улар лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олинмаган бўлиб, пудратчи маблағлари ҳисобига барпо этилади. Қурилиш якунлангандан кейин бундай иншоотлар бузиб ташланади (қисмларга ажратилади). Уларга қуйидагилар киради:

● прораб ва усталарнинг объект олдидаги конторалари, омборхона ва бостирмалар, душхоналар, канализация ўрнатилмаган ҳожатхоналар ва ишчиларнинг исиниш хоналари;

● тўшамалар, пиллапоялар, ўтиш учун кўприкчалар, техника хавфсизлиги бўйича мосламалар;

● кўтарма кажава, минора, майдончалар, ҳавозалар ва ҳ.к. туридаги воситалар, девор ва тўсиқлар (махсус ва архитектура жиҳатидан безалганларидан ташқари), муҳофаза қилувчи соябонлар ва б.

Хизмат муддати ва қийматидан қатъи назар, вақтинчалик (нотитул) иншоотлар, мосламалар ва қурилмалар асосий воситалар таркибига киритилмайди (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган 5-сон БҲМСнинг 4-банди).

Барпо этилган вақтинчалик иншоот ваколатли шахслар (қурилиш прораби, участка бошлиғи) имзолаган ва бухгалтерия тасдиқлаган далолатнома асосида фойдаланишга топширилади. Уни бузиб ташлаётганда қисмларга ажратилганлиги тўғрисида далолатнома тузилади.

 

Бухгалтерия ҳисобида вақтинчалик (нотитул) иншоотлар қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Вақтинчалик (нотитул) иншоотларни барпо этиш харажатлари акс эттирилди

 

2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш»

 

1000-«Материаллар»;

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»;

6710-«Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»;

6520-«Давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар» ва б.

Барпо этилган вақтинчалик (нотитул) иншоотлар ҳисобга қабул қилинди

 

1080-«Инвентарь ва хўжалик анжомлари»

 

2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш»

 

Барпо этилган вақтинчалик (нотитул) иншоотлар фойдаланишга топширилди

 

2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари»;

014-«Фойдаланишдаги инвентарь ва хўжалик анжомлари»

1080-«Инвентарь ва хўжалик анжомлари»

 

Вақтинчалик (нотитул) иншоотларни демонтаж қилиш харажатлари акс эттирилди

 

2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари»

 

1000-«Материаллар»;

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»;

6710-«Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»;

6520-«Давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар» ва б.

 

 

Махсус кийимга харажатлар

Қурилиш ташкилотларининг ишчилари, раҳбарлари, мутахассислари ва ходимлари иш тури ва хатар даражасини ҳисобга олган ҳолда махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлиши керак (3.01.02-00 КМКнинг 1.11-банди).

Тасдиқланган Қурилиш, қурилиш-монтаж ва таъмирлаш-қурилиш корхоналари ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва якка тартибда ҳимояланишнинг бошқа воситаларини бепул беришнинг намунавий нормалари (АВ томонидан 10.05.2011 йилда 2224-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мавжуд. Яъни тузилган жамоа шартномасига асосан махсус кийим ушбу нормалардан кам бўлмаган ёки ушбу нормалардан кўп миқдорда берилади. Махсус кийим берилиши махсус карточкада ҳисобга олинади.

Хизмат муддати ва қийматидан қатъи назар, махсус кийим инвентарь ва хўжалик анжомлари (1080-счёт) таркибига киритилади (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМСнинг 6-банди). Фойдаланишга топширилаётганда унинг қиймати асосий ишлаб чиқариш харажатларига бир йўла киритилади ёхуд аввал кечиктирилган харажатларга (3290-счёт) киритилиб, сўнг ишлаб чиқариш харажатларига ҳисобдан чиқарилади. Қиймати бир бирлик (комплект) учун харид қилиш пайтида 10 ЭКИҲдан ортиқ бўлган инвентарь ва хўжалик анжомлари кечиктирилган харажатларга ҳисобдан чиқарилиши мумкин.

Инвентарь ва хўжалик анжомлари қийматини кечиктирилган харажатларга ҳисобдан чиқаришда кечиктирилган харажатларни корхона харажатларига – тенг меъёрли тарзда ёхуд бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда киритиш усулини танлашни тавсия этамиз (4-сон БҲМСнинг 60-банди).

Ҳар қандай ҳолатда инвентарь ва хўжалик анжомлари қийматини ҳисобдан чиқариш тартиби ва харажатларга киритиш усули албатта ҳисоб сиёсатида акс эттирилади.

 

Бош пудрат хизматлари

Бош пудрат хизматлари тушунчаси қонун ҳужжатлари билан белгиланмаган. Моҳиятан олганда, булар қурилишни ташкил этиш ва унга хизмат кўрсатиш муносабати билан бош пудратчи ёрдамчи пудратчига кўрсатадиган хизматлар – ишларни бажариш учун зарур бўлган бино ва иншоотларни фойдаланишга бериш, ёрдамчи пудратчининг манзилига юкларни ташиб бериш, вақтинчалик электр таъминоти тармоқлари, сув ва буғ қувурларини ўтказиш ва б. (ФКнинг 675-моддаси).

Ушбу хизматлар миқдори ёрдамчи пудратчи бажарган ишлар ҳажмидан фоиз сифатида аниқланади. Одатда у 5–10% атрофида бўлади. Бош пудрат хизматлари тўғрисидаги шарт пудрат шартномасига албатта киритилган бўлиши шарт.

Бош пудратчи учун бош пудрат хизматлари – даромад, ёрдамчи пудратчи учун эса – харажат. Бош пудратчи уларнинг суммасига алоҳида ҳисобварақ-фактура ёзади.

Одатда бош пудратчи бош пудрат хизматлари бўйича қарзни бажарилган ишлар учун ёрдамчи пудратчи олдидаги ўз қарзи ҳисобига ўтказиб, ёрдамчи пудратчига ушбу суммалар ўртасидаги фарқни тўлайди.

Бухгалтерия ҳисобида бош пудрат хизматлари қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Бош пудратчида

 

Ёрдамчи пудратчида

 

дебет

 

кредит

 

дебет

 

кредит

 

Бош пудратчи томонидан ёрдамчи пудратчига бош пудрат хизматлари қиймати тақдим этилди

 

4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари»

 

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар»

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

Бош пудрат хизматлари бажарилган иш ҳақини тўлаш ҳисобига ҳисобга олинди

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари»

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

 

 

 

Қурилиш таннархини шакллантириш

Бевосита ишлаб чиқариш харажатларидан (материаллар, меҳнатга ҳақ тўлаш, ижтимоий суғуртага ажратмалар ва б.) ташқари 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» счётида қуйидагилар ҳам акс эттирилади:

1) 2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» счётидан ёрдамчи ишлаб чиқариш харажатлари. Қурилишда бундай ишлаб чиқаришларга қум ва шағал қазиб олиш конлари, таъмирлаш-механика устахоналари, қурилишни ҳар хил энергия турлари билан таъминловчи подстанциялар, генераторлар, қозонхоналар ва бошқаларни киритиш мумкин;

2) 2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари» счётидан билвосита харажатлар. Улар таркибида қуйидагилар ҳисобга олинади:

а) машина ва ускуналарни сақлаш ва улардан фойдаланиш харажатлари;

б) ишлаб чиқаришга тааллуқли бўлган асосий воситалар ва номоддий активларнинг амортизация ажратмалари;

в) ишлаб чиқаришга тааллуқли бўлган АВни таъмирлаш харажатлари;

г) ишлаб чиқаришдаги мол-мулкнинг суғурта харажатлари;

д) ишлаб чиқариш биноларини иситиш, ёритиш ва сақлаш харажатлари;

е) ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ишлаб чиқариш бинолари, машина ва ускуналар, бошқа ижарага олинган воситалар учун ижара тўловлари;

ж) ишлаб чиқаришга хизмат кўрсатишда банд бўлган ишлаб чиқариш ходимларининг меҳнат ҳақи;

з) ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган бошқа харажатлар;

3) 2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар» счётидан яроқсиз маҳсулотдан кўрилган йўқотишлар. Бошқалар қатори уларга қуйидагилар киради:

а) сифати бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари, техник шартлар, қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ келмайдиган қурилиш-монтаж ишлари;

б) ишларнинг кейинги босқичини бажариш чоғида илгари барпо этилган объектларнинг қисмлари ва конструкцияларининг шикастланиши;

в) сифатсиз бажарилган бошқа ишлар.

Аниқланган яроқсиз маҳсулот, шунингдек уни тузатиш харажатлари С-11-сон шаклдаги далолатнома билан расмийлаштирилади.

Бажарилган ва буюртмачи (бош пудратчи) томонидан қабул қилинган ишларнинг ҳақиқий таннархи суммаси 2010-счёт кредитидан 9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи» счёти дебетига ҳисобдан чиқарилади. Ой охирида 2010-счёт бўйича қолдиқ тугалланмаган қурилиш таннархини кўрсатади.

Қурилишда ёрдамчи ишлаб чиқаришлар харажатлари ­(2310-счёт) ва умумишлаб чиқариш харажатлари (2510-счёт) 21-сон БҲМС «Хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолияти бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлар режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқнома»га (АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ ҳисобга олинади.

Ёрдамчи ишлаб чиқариш корхонанинг турли бўлинмалари ва объектлар учун, шунингдек четга ишларни бажариши мумкин. Шу муносабат билан харажатларни тақсимлаш зарурати юзага келади. Тақсимлаш учун база сифатида қабул қилинган кўрсаткич (масалан, бевосита харажатлар суммаси) албатта ҳисоб сиёсатида қайд этилади.

Ой охирида 2310-счётдаги қолдиқ тугалланмаган ёрдамчи ишлаб чиқариш қийматини кўрсатади.

Умумишлаб чиқариш харажатлари ҳам объектлар ўртасида тақсимланади. Тақсимлаш учун базавий кўрсаткич (масалан, бевосита харажатлар суммаси ёки қурилишдаги ишчиларнинг иш ҳақи) ҳисоб сиёсатида акс эттирилади.

Ҳисобот даври (ой) охирида 2510-счётда қолдиқ қолмаслиги керак.

 

Ёрдамчи пудрат ишлари ҳисоби 

Ёрдамчи пудратчилар бажарган ишларни, улар буюртмачига топширилгунга қадар, бош пудратчи 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» счётида тугалланмаган қурилиш ишлаб чиқариши таркибида акс эттиради. Буюртмачи ишларни қабул қилгандан кейин уларнинг умумий таннархи (бош пудратчининг ўзи бажарганларини ҳисобга олган ҳолда) 2010-счётдан 9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи» счёти дебетига ҳисобдан чиқарилади.

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Бош пудратчи қабул қилинган ёрдамчи пудрат ишлари қийматини акс эттирди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

Бош пудратчи ёрдамчи пудратчилар тақдим этган ҚҚСни акс эттирди (бош пудратчи ва ёрдамчи пудратчилар – ҚҚС тўловчиси бўлса)

 

4410-«Бюджетга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича бўнак тўловлари (ҚҚС)»

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

Бош пудратчи ёрдамчи пудрат ишлари бўйича ҚҚСни ҳисобга қабул қилди (бош пудратчи ва ёрдамчи пудратчилар – ҚҚС тўловчиси бўлса)

 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (ҚҚС)»

 

4410-«Бюджетга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича бўнак тўловлари (ҚҚС)»

 

Бош пудратчи тугалланган ва буюртмачи қабул қилган ишлар босқичлари бўйича харажатлар суммасини ҳисобдан чиқарди

 

9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи»

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

 

 

Бажарилган ишларни реализация қилишдан олинган даромадлар ҳисоби

Бажарилган ишларни реализация қилишдан олинган тушум 9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар» счёти кредити бўйича акс эттирилади. Бунда бош пудратчининг ўз кучи билан бажарилган ҳамда жалб этилган ёрдамчи пудратчиларнинг кучи билан бажарилган ишларнинг умумий қиймати акс эттирилади. Бажарилган ишлар қиймати тўғрисидаги Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура тушумни акс эттириш учун асос бўлади.

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Бажарилган ишлар (ишлар босқичи) буюртмачи томонидан қабул қилинди

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

 

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар»

 

Бажарилган ишлар реализация қилинаётганда ҚҚС ҳисобланди (бош пудратчи – ҚҚС тўловчиси бўлса)

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (ҚҚС)»

 

 

 

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани ишлаб чиқариш-техник бўлим ходимлари расмийлаштирадилар. Пудратчининг бош бухгалтери фақат мажбурий реквизитлар қисмида унинг тўлдирилишини назорат қилади. У қуйидагиларни текширади:

● кўчирманинг тартиб рақами ва санаси;

● пудрат шартномасининг рақами ва санаси;

● буюртмачи ва пудратчининг (ёки бош пудратчи ва ёрдамчи пудратчининг) реквизитлари;

● ҚҚС ставкаси ва суммаси, агар пудратчи уни тўласа, ёки «ҚҚСсиз» белгиси;

● зарур имзоларнинг мавжудлиги.

Объект қурилиши «фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш» усулида амалга оширилаётган бўлса, Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани бош пудратчи (ёрдамчи пудратчи) ҳар ойда эмас, балки қурилиш якунлангандан кейин тўлдиради. Бироқ қурилишнинг боришини ва ажратилаётган (аванс тариқасида берилаётган) маблағлардан фойдаланилаётганини назорат қилиш мақсадида пудратчилар Объектни «фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш» усулида қуришда сарфланган харажатлар қиймати тўғрисидаги маълумотномани (Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура шаклида) тўлдирадилар ва уни ҳар ойда 27-санага қадар буюртмачига (бош пудратчига) тақдим этадилар.

Бош пудратчи (ёрдамчи пудратчи) буюртмачининг (бош пудратчининг) материалларидан фойдаланганда уларнинг қиймати бажарилган ишлар ҳажмига киритилади ва унга пудратчининг бошқа харажатлари фоизи ҳисобланади. Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришда якуний суммадан буюртмачининг фойдаланилган материаллари қиймати чегирилади.

 

МИСОЛ. ҚҚС тўловчи ёрдамчи пудратчи ёрдамчи пудрат шартномасига кўра қурилиш учун материалларни қисман бош пудратчидан олади. У Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришда бажарилган ишлар қийматига киритадиган харажатлар қуйидагича:

ёрдамчи пудратчининг ўзи харид қилган қурилиш материаллари – 22 400 минг сўм;

бош пудратчидан олинган қурилиш материаллари – 30 800 минг сўм;

ижтимоий суғуртага ажратмалар ҳисобга олинган иш ҳақи – 40 860 минг сўм;

машина ва механизмлардан фойдаланиш – 3 870 минг сўм.

Бажарилган ишлар қиймати ҚҚСсиз (пудратчининг 22% даражасидаги бошқа харажатларини инобатга олган ҳолда) 97 930 минг сўмга ((22 400 + 30 800 + 40 860 + 3 870) х 1,22) тенг.

Бажарилган ишлар қийматидан ҚҚС суммаси, унга бош пудратчининг материаллари қиймати киритилмаганда (Солиқ кодексининг 204-моддаси) 13 426 минг сўмни ((97 930 – 30 800) х 20%) ташкил этади.

Бош пудратчи ёрдамчи пудратчига тўлайдиган сумма – 80 556 минг сўм (97 930 + 13 426 – 30 800).

 

Ирина АХМЕТОВА, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 2113 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика