Мен Ўзбекистон фуқаросиман, Алматида яшайман, яқинда Тошкентга сариқ рақамли ўз автомобилимда келмоқчиман. Қозоғистонда яшашга рухсатномам бор.
Ўз машинамда (транспорт менинг номимга расмийлаштирилган) чегара орқали мени ўтказадиларми?
Т.Муродов.
– Фақат чет эллик жисмоний шахслар учун божхона тўловларини тўлашдан озод этган ҳолда транспорт воситаларини нотижорат мақсадларда Ўзбекистон божхона ҳудудига вақтинча олиб киришга йўл қўйилади. Бунда автомобиль чет давлат ҳудудида рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак (БКнинг 158-моддаси).
ЎзР қонунчилигида иккита давлат фуқароси бўлишга йўл қўйилмайди. Сизда яшаш гувоҳномасининг мавжудлиги Қозоғистон фуқароси эканлигингиз ҳақида гувоҳлик бермайди. Тегишинча, сиз чет эллик фуқаро ҳисобланмайсиз. Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари томонидан олиб кириладиган автотранспорт воситалари эса вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилмайди (БКнинг 62-моддаси).
Шу сабабли Ўзбекистонга олиб кириладиган автомобилингизни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштиришга ҳақли эмассиз. Автомобилда кириб келаётганингизда зарур барча божхона тўловларини тўлашингизга тўғри келади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.