Қишлоқ хўжалиги ускуналарини импорт қилишга имтиёзлар берилганми?
П.Пеелова.
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатида (АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган) қишлоқ хўжалиги ускуналари тоифасига киритиш мумкин бўлган бир қатор товарлар қайд этилган. Сиз у билан танишиб чиқиб, импорт қилинаётган ускуна ушбу Рўйхатга кириш-кирмаслигини ТИФ ТН коди бўйича текширишингиз зарур.
Шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 12.04.2016 йилдаги 110-сон қарори 1-банди билан қуйидагилар тасдиқланган:
● «Ўззооветтаъминотхизмат» давлат корхонаси, наслдор чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари субъектлари, комбикорм ва қўшимча ем, ветеринария вакциналари ва препаратлари ишлаб чиқарувчи субъектларни 2021 йил 1 январгача божхона тўловларини тўлашдан озод қилган ҳолда (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) улар томонидан олиб кирилаётган наслли маҳсулотлар, технологик ва ёрдамчи асбоб-ускуналар, комбикорм ва қўшимча ем ишлаб чиқариш учун компонентлар рўйхати (ВМнинг 110-сон қарорига 1-илова);
● фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотларни 2021 йил 1 январгача божхона тўловларини тўлашдан озод қилган ҳолда (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) улар томонидан олиб кирилаётган пайвандтаг, кўчатлар ҳамда томчилатиб, ёмғир орқали ва бошқа суғориш турлари учун асбоб-ускуналар рўйхати (ВМнинг 110-сон қарорига 2-илова).
Улар 2015 йил 29 декабрдан амал қилади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.