Бугун Хоразм вилоятининг марказий ҳудудларида жойлашган 50 та чакана савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларида тажриба-синов тариқасида онлайн назорат-касса машиналари (НКМ) ўрнатила бошланди. Бу билан эндиликда НКМ орқали харидорларга берилган чеклар ҳақидаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, тушум суммасини камайтириш, рўйхатдан ўтмаган НКМдан фойдаланиш, аппаратни бузиш ёки иккиламчи бухгалтерия юритиш каби салбий ҳолатларга узил-кесил чек қўйилади.
Хусусий бизнесни ривожлантириш учун кўплаб қулай шарт-шароитлар яратилаётганига қарамай, тан олиш керакки, тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳисобланадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини камайтириш, нақд пул тушумини банк кассаларига топширмасдан яшириш мақсадида харидорларга НКМ чекини бермаслик, уни носоз ҳолатга келтириш, фискал хотирадаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, НКМни йўқотиш орқали бажарилган товар айланмалари тўғрисидаги маълумотларни сохталаштириш каби ҳолатлар кузатилади. Қолаверса, йирик савдо тармоқларида товарлар ҳисобини юритиш, харидорларга НКМдан чек бериш ягона компьютер тизими орқали амалга оширилиши сабабли улардаги нақд пул тушуми тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилиги ҳам кафолатланмайди.
Бинобарин, нақд пул тушумининг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари жуда кўп вақт талаб этиладиган хронометраж тадбирларига мунтазам равишда жалб қилинади. Шу боис давлатимиз раҳбарининг «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (18.07.2017 йилдаги ПФ-5116-сон) билан солиқ тизимини ислоҳ этишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий қилиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш белгиланди.
Ушбу вазифалар, шунингдек, Фармон билан тасдиқланган Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш мақсадида Президентнинг «Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (29.09.2017 йилдаги ПҚ-3300-сон) қабул қилинди. Мазкур қарорга биноан, ўтган йилдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида 500 тадан 1 000 тагача бўлган онлайн НКМ тажриба-синов тариқасида амалиётга жорий этилди. 2018 йилнинг 1 июлидан эса ушбу ҳудудлардаги юридик шахслар, 2018 йилнинг 1 декабридан бошлаб мамлакатимиздаги ҳамма юридик ва жисмоний шахслар товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ҳамда хизматлар кўрсатишда аҳоли билан нақд пулдаги ҳисоб-китобларни мажбурий тарзда фақат онлайн НКМни қўллаган ҳолда амалга оширишга босқичма-босқич ўтиши режалаштирилган.
Онлайн НКМдан келиб тушадиган фискал маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва Давлат солиқ қўмитасига узатиш фискал маълумотлар оператори томонидан амалга оширилади.
– Бугунги кунда вилоятимиз бўйича 9 мингга яқин чакана савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларига 9 122 мингта НКМ ўрнатилган, – дейди Хоразм вилояти ДСБ Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида хуқуқбузарликларни профилактика қилиш бўлими бошлиғи Сардор Ҳайитбоев. – Касса чекидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига автоматик тарзда онлайн узатиб бориш тизимини йўлга қўйиш орқали марказлашган тарзда электрон маълумотлар базаси яратилади. Ваҳоланки, бундай база шу пайтгача мавжуд эмас эди.
Ушбу маълумотлардан ҳар бир савдо шо[обчаси кесимида кунлик, ойлик сотилган товарлар суммасини таҳлил қилиш имконияти вужудга келади.
Мазкур тизимнинг яратилиши билан НКМдан фойдаланмаётган савдо шохобчалари онлайн аниқланиб, тезкор чоралар кўриш, субъектлар томонидан топширилаётган тушумларни таҳлил ҳамда назорат қилиш, нақд пулнинг банкдан ташқари айланмага чиқиб кетишини қисқартиришга эришилади. Солиқлар тўлашдан қасддан бўйин товлашнинг олди олинади. Натижада бюджетга солиқ тушумлари кўпаяди.
Дарҳақиқат, янги кўринишдаги НКМнинг бир қанча қулай жиҳатлари бор:
● касса чекларидаги рақамлар уникал (такрорланмайдиган) бўлганлиги сабабли уларни сохталаштиришнинг иложи йўқ;
● тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатилиб, аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш жараёнига замонавий ахборот технологияларини татбиқ этишнинг янги босқичга кўтарилиши таъминланади;
● тадбиркорлик субъектларининг нақд пул тушуми билан боғлиқ фаолиятига аралашиш ҳамда турли назорат тадбирлари ўтказилиши камаяди.
Бундай янгиланишлар иқтисодиётимиз барқарорлиги, аҳоли турмуш фаровонлиги ва манфаатлари ҳимояланишига хизмат қилади.
Хоразм вилояти ДСБ
Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими.