2016 йил июлда коллеж битирувчиси илк бор бизга ишга кирди. У коллежни 2016 йил июнда тугатган. Унинг иш ҳақи – 600 000 сўм. Президентнинг 5.07.2017 йилдаги ПФ-5106-сон Фармонига мувофиқ, таълим муассасасини тамомлаганига 3 йил бўлмаган, биринчи марта ишга қабул қилинган ёшлардан даромад солиғи биринчи йил учун 50%, иккинчи ва учинчи йиллар учун эса 25%га камайтирилади.
ШЖБПҲ қандай ҳисобланади?
В.Игнатьева.
– Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни қўшиш ва тўлаш тартиби Низом (АВ томонидан 6.10.2005 йилда 1515-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган.
2018 йилда ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 2% миқдорида ҳисоблаб ёзилади. Улар ходимнинг солиқ солинадиган иш ҳақи (даромади) суммасидан ҳисоблаб чиқарилади, ушбу сумма жисмоний шахсларнинг даромадига қонунга мувофиқ ҳисоблаб ёзилган солиқ суммасидан тегишинча чегирилади (Низомнинг 3-банди).
Президентнинг 5.07.2017 йилдаги ПФ-5106-сон Фармони билан ёш ходимлар учун ЖШДС ставкаси ўзгартирилади. Солиқ солинадиган суммага тузатиш киритилмайди ва оддий тартибда ҳисобланади: ШЖБПҲга ойлик бадаллар ЖШДС солинадиган даромадларнинг 2%и миқдорида, ноль даражали ставкада солиқ солинадиган даромадни (1 ЭКИҲ – 172 240 сўм) чегирган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади (29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорга 8-иловага 3-изоҳ).
МИСОЛ. Ходимнинг 2018 йил январь ойи учун иш ҳақи – 600 000 сўм.
ЖШДС бўйича солиқ солинадиган база – 427 760 сўм (600 000 – 172 240).
ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 8 555,2 сўмни (427 760 х 2%) ташкил этади.
Ноила МУҚМИНОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.