Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 51 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Суд-иқтисодий экспертиза: бухгалтерия ҳисоботидаги одатий хатолар

 

Иқтисодий жиноятҳар қандай давлат иқтисодиёти учун катта муаммо, чунки у жуда йирик моддий зарар келтиради. Ички ишлар органлари иқтисодий жиноятларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш чора-тадбирларини кўриб боради. Бироқ жиноят ишини қўзғатиш пайтида қилмишни тўғри баҳолашга доир қийинчиликлар юзага келади.

 

Иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни бартараф этишда жиноий фаолиятни тергов қилиш жараёнида ҳужжатлаштиришни лозим даражада ташкил этиш муҳим роль ўйнайди. Бундай ҳужжатлаштиришни амалга ошириш чоғида солиқ ва бошқа назорат қилиш органлари, шунингдек суд экспертизаси муассасалари мутахассисларининг иштирокисиз иш битмайди. Мазкур муассаса ходимлари эгаллаган махсус билим ва маҳоратлар иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларнинг келиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш ва уларни малакали тадқиқ қилиш учун холисона асосни ташкил этади. Кўрсатилган жиноятларни аниқлашда суд-иқтисодий экспертизанинг турли усулларидан кенг фойдаланилади.

Экспертиза ўтказиш жараёнида хўжалик юритувчи субъектлар ишидаги суиистеъмолчиликларни фош этиш имконини берадиган бухгалтерия ҳисоби ҳужжатлари ва маълумотларини ўрганишнинг усул ва йўлларидан фойдаланилади. Мисол учун, ҳужжатли текшириш усули арифметик усул, норматив текшириш, солиштириш, муқобил текшириш, назорат солиштируви, муфассал ҳисоб-китобдан иборат.

Иқтисодий жиноятни аниқлаш учун суд-иқтисодий экспертизанинг усул ва йўлларидан комплекс тарзда фойдаланилади. Улар алоҳида долзарблик касб этади, чунки бозор муносабатларини шакллантириш жараёнида молиялаштириш, нарх белгилаш, тадбиркорлик, банк, ташқи иқтисодий фаолият ва солиқ солиш соҳасида суиистеъмолчиликлар анча кенг тарқалган.

Суд-иқтисодий экспертизаси асосий мақсади – ҳақиқатни аниқлашга эришиш имкониятини таъминлаши керак экан, буни фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий соҳаларда суд ишини юритишда ҳам, жиноий ишларни тергов қилиш, судда кўриб чиқишда ҳам амалга оширади.

Ҳозирги иқтисодий экспертиза олдига: нафақат камомад, қўшиб ёзиш ва зарарларнинг миқдорий ва қиймат баҳоси, балки хўжалик операциясини (ёки умуман фаолиятни) асосланганлик, самарадорлик, ­меъёрий-ҳуқуқий қонун ҳужжатларига мувофиқлиги мезонлари бўйича баҳолашдек мураккаб вазифалар қўйилмоқда. Жиноятни тергов қилиш, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд ишини юритиш доирасида фойдаланиладиган суд-иқтисодий экспертизаси ёрдамида янги фактик маълумотлар аниқланмоқда. Суд экспертизаси ёрдамида иқтисодий ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисида олинган хулосадан фақат тадбиркорлик фаолиятининг муайян ҳолатини аниқлаш учунгина эмас, балки иқтисодий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун ҳам фойдаланиш керак.

Эксперт амалиётининг таҳлили хом ашё, материаллар, пул ва бошқа қимматликларни талон-торож қилиш мақсадида фойдаланиладиган ҳисоб маълумотларини бузиб кўрсатишнинг асосий усулларини аниқлаш имконини беради. Экспертлар кўпроқ қандай ҳуқуқбузарликларга тўқнаш келадилар? Булар:

√ зарур реквизитларнинг йўқлиги ва бирламчи ҳужжатлардаги тузатишлар;

√ бирламчи ҳужжатлар ва ҳужжатларнинг бошқа нусхаларидаги, шунингдек бухгалтерия ҳисоби регистрларидаги маълумотларнинг мос тушмаслиги;

√ якуний дебет ва кредит оборотларининг мувофиқ келмаслиги;

√ бухгалтерия ҳисоби ҳужжатларида (бошланғич, шу жумладан чиқим ҳужжатларида) ташкилот муҳрлари (штамплари)нинг йўқлиги (уларнинг бўлиши мажбурий бўлган ҳолларда).

Ана шу ҳуқуқбузарликларнинг ҳаммаси «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун, Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низом, бошқа қонуности ҳужжатларининг талабларига зиддир.

Эксперт амалиёти инвентарлашни ўтказишда йўл қўйиладиган ҳуқуқбузарликларни ҳам очиб ташлайди.

Инвентарлаш нафақат бухгалтерия ҳисоби маълумотларининг ҳаққонийлигини оширишда муҳим роль ўйнайди, балки корхоналарнинг мол-мулки сақланишини назорат қилишда аҳамиятли дастакдир.

Чунончи, хўжалик юритувчи субъектлар ўтказадиган инвентарлаш чоғида энг кўп содир этиладиган суиистеъмолчиликларга экспертлар қуйидагиларни киритадилар:

√ ишлаб чиқариш мутахассисларини инвентарлаш комиссияларининг ишига жалб этмаслик, бу эса инвентарлаш сифатини пасайтиради;

√ инвентарлаш жараёнида қимматликларни асоссиз равишда қабул қилиш ва бериш;

√ инвентарлаш қайдномаларида етишмайдиган материалларни қўшиб ёзиш;

√ илгари ҳисобга олинган материалларни инвентарлаш комиссиясига топшириш;

√ бошқа ташкилотлардан қарзга олинган қимматликларни тақдим этиш;

√ бошқа ташкилотларга қимматликларни беришга товарсиз юкхатларни тақдим этиш.

Агар ўзаро боғланган бир нечта моддий жавобгар шахсларда умумий инвентарлаш ўтказилса, ҳисоб даври бошланиши ва охирида бир хил номдаги материаллар қолдиқлари тўғрисидаги ёзувлар, шунингдек бир тавсифнинг турли нусхалари солиштирилса, тилга олинган қўшиб ёзишларни аниқлаш мумкин.

Саналган аломатлардан ташқари, қуйидаги суиистеъмолчиликлар бўлиши мумкин:

√ саҳифаларда саналган қимматликлар миқдорининг комиссия томонидан якунда кўрсатилган миқдорга мувофиқ келмаслиги;

√ инвентарлаш рўйхатларида моддий жавобгар шахсларнинг барча ҳужжатлар комиссияга тақдим этилганлиги тўғрисида имзоларининг бўлмаслиги;

√ моддий қимматликлар уларга топширилганлиги тўғрисида шахсларнинг имзолари йўқлиги.

Кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун, шунингдек 19-сон Бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш» талабларига, иқтисодий соҳани тартибга соладиган бошқа қонуности ҳужжатларига зиддир.

 

Кўп учрайдиган бундай хато ва ҳуқуқбузарликларнинг рўйхатини эксперт ўзининг эксперт иши тажрибасидан келиб чиқиб, мустақил равишда кенгайтириши мумкин.

 

Насиба Мўминова,

ЎзР Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси маркази Суд-иқтисодий экспертизаси бўлимининг катта эксперти.

Прочитано: 1798 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика