Norma.uz

Семинарда кўрсатилган саволлар

 

«Norma» профессионал ривожланиш марказида меҳнатга ҳақ тўлаш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутахассиси Наталья Клевцова иштирок этди. Энг қизиқарли ва кўп бериладиган саволлар материалимизда келтирилган. Уни тайёрлаш чоғида «Ходимлар билан ҳисоблашиш», «Амалий бухгалтерия» ЭМТдаги айрим тушунтиришлар ва мисоллардан фойдаланилди.

 

 

Ходим Давлат бошқаруви академиясида қайта тайёрловдан ўтмоқда. Президентнинг 8.08.2017 йилдаги ПФ-5139-сон Фармони кучга киргандан кейин ўртача ойлик иш ҳақи қандай ҳисоблаб чиқарилади? Ўртача ойликни ҳисоблаш учун қайси даврдаги иш ҳақи олинади? Ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китобига чораклик ва йиллик мукофотлар киритиладими? Агар киритилса, ҳисоб-китобларда улар қандай ҳисобга олиниши лозим?

Т.Р.

 

– Ходим Давлат бошқаруви академиясида (ДБА) қайта тайёрловдан ўтаётган вақтида асосий иш жойида эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади (МКнинг ­165-моддаси; 8.08.2017 йилдаги ­ПФ-5139-сон Фармоннинг 3-банди).

Бу ҳолда Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 6-илова) 5-бандига мувофиқ, ўртача иш ҳақи кейинги 2 календарь ойидаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб белгиланади. Яъни ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланадиган олдинги даврдаги 2 календарь ой ўртача иш ҳақини аниқлаш учун ҳисоб даври ҳисобланади. Бунда тегишли ойнинг 1-санасидан 30 (31)-санасигача (февралда – 28 (29)-санасигача) бўлган давр календарь ой деб ҳисобланади. Масалан, ходим 2017 йил 10 августдан қайта тайёрлаш курсларига юборилди. Ҳисоб даври июль ва июнь ҳисобланади. Тегишинча, ўртача иш ҳақи ушбу 2 ойдаги тўловларга қараб ҳисоблаб чиқарилади.

Ўртача иш ҳақини ҳисоблаш учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киритиладиган (Солиқ кодексининг 172–175-моддалари) ва суғурта бадаллари ундириладиган тўловлар ҳисобга олинади.

Ўртача иш ҳақи ҳисоб-китобига моддий наф тарзидаги, мулкий ва бошқа даромадларнинг тўланиши (Солиқ кодексининг 176–178-моддалари), шунингдек ходимнинг даромадлари деб тан олинмайдиган корхона харажатлари (Солиқ кодексининг 171-моддаси ­2-қисми) киритилмайди.

Ҳисоб даврида тўланган ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондига киритилган мукофотлар, устамалар, қўшимча тўловлар, ҳақлар ҳам ўртача иш ҳақини аниқлашда ҳисобга олиниши лозим. Бироқ кўрсатилган тўловларнинг ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китобига киритилиши тартибига доир аниқ, қонуний жиҳатдан белгиланган тавсиялар мавжуд эмас. Шу сабабли ҳуқуқни қўллаш амалиётида Ўзбекистоннинг тегишли қонун ҳужжатлари қабул қилингунга қадар собиқ ССР Иттифоқи ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунчилигига зид бўлмаган қисмидаги нормалари қўлланилади (ОМнинг 21.12.1995 йилдаги 162-I-сон қарори 6-банди; ВМнинг 29.04.1992 йилдаги 210-сон қарори 1-банди). Хусусан, ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқаришда ССР Иттифоқи Министрлар Кенгашининг Меҳнат ва иш ҳақи масалалари бўйича давлат қўмитаси, ССР Иттифоқи Молия вазирлиги ва ССР Иттифоқи Министрлар Кенгаши ҳузуридаги Марказий статистика бошқармасининг 27.04.1973 йилдаги «Саноат ва қурилишда меҳнат ва иш ҳақи ҳисобини юритишга доир асосий қоидалар тўғрисида»ги хати ана шундай ҳужжат ҳисобланади. Хатнинг 56 ва 59-бандларига мувофиқ, ўртача иш ҳақи ишланган кейинги 2 календарь ой ҳисобидан келиб чиқиб аниқланади. Ходимларнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқаришда инобатга олинадиган тўловлар (корхонанинг йиллик иш якунларига кўра тўланадиган, амалиётда «13-маош» деб аталадиган ҳақлардан ташқари) иш ҳақи ҳисоб-китоби қайдномасига кўра ушбу тўловлар тўғри келадиган (ҳисобланган) ойдаги иш ҳақига киритилади. Айни шу сабабли мукофотларнинг ўртача иш ҳақи ҳисоб-китобига киритилиши юзасидан барча кейинги тушунтиришлар қуйидаги хулосага келиб тақалган: ойлик мукофотлар тегишли ой ҳисоб-китобига киритилади. Давр учун мукофот, масалан, чораклик бўлса, агар 1 ойга тўғри келса – унинг 1/3 қисми ёки 2 ойга тўғри келса – унинг миқдорининг 2/3 қисми ҳисоб-китоб учун олинади. ­«13-маош» (йиллик иш якунларига кўра тўланадиган ҳақ) ҳисоб давридаги жами иш ҳақида, ҳар бир ой учун 1/12 қисми миқдорида ҳисобга олинади. Ўртача иш ҳақини ҳисоблашда мукофотлар, ҳақлар ва бошқа тўловларни ҳисобга олишнинг келтирилган тартиби меҳнат муносабатлари бўйича расмий органларнинг тушунтиришларига ҳам мувофиқ келади.

 

1-МИСОЛ. Ходим 2 кунга – 2017 йил 1 ва 2 февралда семинарга юборилган. Корхона ҳафтасига 5 кун ишлайди. Январда ходимга 650 минг сўм миқдорида лавозим маоши ва 2016 йил IV чораги учун 975 минг сўм миқдорида чораклик мукофот ҳисобланган. Ходим 21 иш куни ишлаган.

Декабрда ходимга 600 минг сўм миқдорида лавозим маоши ҳисобланган. Ходим 21 иш куни ишлаган.

Чораклик мукофот ҳар ой учун 1/3 қисмда ҳисобга олинади. Ҳисоб даври 2 ойни ташкил этиши сабабли чораклик мукофотнинг 2/3 қисми – 650 000 сўм (975 000 / 3 х 2) ҳисоб-китобга киритилади.

Кейинги 2 календарь ойдаги ўртача кунлик иш ҳақи 45 238 сўмни ((650 000 + 650 000 + 600 000) / 42) ташкил этади.  

Семинарда бўлган вақт учун ходимга ҳисобланган сумма 90 476 сўмни (45 238 х 2) ташкил этади.

 

2-МИСОЛ. Ходим 2017 йил 16–20 январда малака ошириш курсларига юборилган. 2016 йил 17 ноябрдан 12 декабргача у 21 кун таътилда бўлган. Ходимнинг лавозим маоши – 600 минг сўм.

2016 йил декабрда ходимга қуйидагилар ҳисобланган: лавозим маоши – 400 минг сўм, III чорак учун мукофот – 150 минг сўм, бир йўла тўланадиган мукофот – 200 минг сўм. Декабрда жадвал бўйича 21 иш куни, ходим 14 кун ишлаган.

Ноябрда ходимга қуйидагилар ҳисобланган: лавозим маоши – 327,273 минг сўм, таътил пули (асосий ва қўшимча таътиллар) – 578,74 минг сўм, таътилга қўшимча тўлов – 250 минг сўм, оила қургани муносабати билан моддий ёрдам – 500 минг сўм. Ноябрда жадвал бўйича 22 иш куни, ходим 12 кун ишлаган.

Ходим никоҳдан ўтиши муносабати билан тўланган моддий ёрдам бошқа даромадларга киради (Солиқ кодексининг 178-моддаси 16-банди), унга суғурта бадаллари солинмайди ва ўртача иш ҳақини ҳисоблашда инобатга олинмайди. Ҳисоб даврида ходимга тўланган қолган тўловлар ўртача иш ҳақи ҳисоб-китобига киритилади.

Ўртача кунлик иш ҳақи 43,163 минг сўмни ((400 + 100 + 200 + 327,273 + 578,74 + 250) / 43) ташкил этади.

Курслардан ўтган 5 куни учун ходимга 215,815 минг сўм тўланади.

 

3-МИСОЛ. Ходим 3 ойлик малака ошириш курсларига юборилган. Ҳисоб даврида лавозим маоши 770 минг сўмни ташкил этган, юбилей муносабати билан моддий ёрдам – 500 минг сўм ҳам тўланган. Юбилей муносабати билан тўланган моддий ёрдамни ҳисобга олган ҳолда лавозим маошидан келиб чиқилса, ўртача ойлик иш ҳақи 1 020 минг сўмни ((770 + 770 + 500) / 2) ташкил этади. Ходимга курсларда ўқиётган 3 ой давомида ҳар ойда ушбу иш ҳақи ҳисобланади.

 

 

ДБАда қайта тайёрловдан ўтаётган ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи Президентнинг Фармонига биноан оширилганда, уни қайта ҳисоблаш лозимми?

О.М.

 

– Тариф ставкалари, лавозим маошлари оширилганда ўртача ойлик иш ҳақини қайта ҳисоблаш ҳолатлари 133-сон Тартибнинг 6-бандида белгиланган. Ходим меҳнат таътилида бўлганда, давлат ёки жамоат вазифаларини бажариш, 2 ойгача бўлган муддатда иш қидириш (меҳнат бўйича маҳаллий орган томонидан берилган маълумотномага мувофиқ 3 ой), шунингдек, касаллик даври ана шундай ҳоллар ҳисобланади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги шартларидаги корхоналар, ташкилотлар, муассасаларнинг ишлаган кунларига тўғри келган иш кунларининг амалдаги сони учун тўловлар қайта ҳисобланади.

Шу тариқа, ходимнинг ДБАда қайта тайёрловдан ўтган вақти учун ўртача ойлик иш ҳақини қайта ҳисоблаш керак эмас.

 

 

Ходима ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугагандан кейин 5 ой ўтгач бола 2 ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш нафақаси тўланишини сўраб мурожаат қилди. Корхона – хўжалик ҳисобида. У мазкур 5 ой учун нафақа тўлаши керакми?

С.П.

 

– Бола 2 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун нафақа тайинлаш учун мурожаат қилинган ойдан, бироқ ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган кунидан олдин бўлмаган муддатдан онага (она ўрнини босувчи шахсларга) тайинланади (АВ томонидан 14.03.2002 йилда 1113-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом). Низомда ходима ўз хоҳишига кўра болани парвариш қилиш бўйича нафақа тайинланишини сўраб ўз вақтида мурожаат қилмаганда у ўтган давр учун тўланиши керак деган шарт назарда тутилмаган.

Шу тариқа, аёл ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаши билан болани парвариш қилиш бўйича нафақа тайинланишини сўраб дарҳол мурожаат қилмаган бўлса, унга нафақа мурожаат қилган ойидан бошлаб тайинланади.

 

 

Бола 2 ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш нафақасини тайинлаш ҳақида иш берувчининг ўзи қарор қабул қиладиган бўлса, уни тўлашни рад этиши мумкинми?

Н.М.

 

Иш берувчи бола 2 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун нафақа тўлашни рад этишга ҳақли эмас, сабаби унинг тўланиши МКнинг 234-моддаси билан кафолатланган. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлларнинг хоҳишига кўра, уларга бола 2 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланади. Бу даврда уларнинг иш жойи (лавозими) сақланади, таътил даври эса меҳнат стажига, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади.

Ишлаётган оналарга болани 2 ёшга тўлгунгача парвариш қилиш бўйича нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби юқорида кўрсатилган Низом билан белгиланган.

 

«Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.

Прочитано: 1635 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2018-03-12 17:39:17, Гость_Ойбек:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика