Ходим сменали иш вақти режимида ишласа, ишдан бўшатиш чоғида 2 ҳафталик муддат қандай ҳисоблаб чиқарилади – календарь ёки иш сменаларининг 2 ҳафтасими?
Л.Е.
– Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш тўғрисида огоҳлантиришнинг икки ҳафталик муддати, у иш вақтининг қандай режимида ишлашидан қатъи назар, барча ходимлар учун белгиланган.
Ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, 2 ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса, ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт (МКнинг 99-моддаси 1-қисми).
Меҳнат кодекси меҳнат ҳуқуқлари ва бурчларининг вужудга келиши ёки бекор бўлиши билан боғлайдиган муддатнинг ўтиши унинг бошланиши белгиланган календарь куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Башарти муддатнинг сўнгги куни ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади (МКнинг 13-моддаси).
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» етакчи эксперти.