Бизнинг умумбелгиланган солиқларни тўловчи ташкилотимиз ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш фаолияти билан шуғулланади. Ходимлар сони 43 нафарни ташкил этади. Президентнинг 27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорининг 26-бандига асосан Президентнинг 17.04.2006 йилдаги ПҚ-325-сон қарорининг 7-бандида 35-иловага мувофиқ рўйхат бўйича хизматлар кўрсатаётган микрофирмалар ва кичик корхоналар учун белгиланган фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзларнинг амал қилиши 2020 йилнинг 1 январига қадар узайтирилган.
ПҚ-325-сон қарорда назарда тутилган фойда солиғи бўйича солиқ имтиёзи бизнинг корхонамизга татбиқ этиладими?
О.Темиров,
ўқув корхонаси бош бухгалтери.
– Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сон қарорининг 26-бандига асосан Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида 2006–2010 йилларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг (17.04.2006 йилдаги ПҚ-325-сон) 7-бандида 35-иловага мувофиқ рўйхат бўйича хизматлар кўрсатаётган микрофирмалар ва кичик корхоналар учун белгиланган фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзларнинг амал қилиши 2020 йилнинг 1 январига қадар узайтирилган. Башарти имтиёзлар назарда тутилган хизматлар турларини кўрсатишдан тушум умумий тушум ҳажмининг 80%и ва ундан ортиғини ташкил этса, мазкур имтиёзлар микрофирма ва кичик корхоналарнинг барча даромадларига татбиқ этилади.
Хусусан, юқорида қайд этилган солиқ имтиёзи татбиқ этиладиган Рўйхатнинг таркибига таълим соҳасидаги хизматлар киритилган.
Демак, Президентимизнинг 17.04.2006 йилдаги ПҚ-325-сон қарорига асосан автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш мактаблари 2020 йил 1 январгача фойда солиғини тўлашдан озод қилинади.
Ғуломжон Тўлаганов,
«Norma Online» етакчи эксперти.