Ўзбекистон Банклар ассоциациясида мамлакатимиздаги етакчи тижорат банклари, аудиторлик ташкилотлари ва таълим муассасалари иштирокида «Молиявий ҳисобот ва аудит халқаро стандартлари: қонун ҳужжатлари, жорий этиш амалиёти ва муаммолари» мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбир республика Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича қўмитаси, Марказий банк, Ўзбекистон Банклар ассоциацияси, «Ривожланиш стратегияси» маркази ва Ўзбекистон Аудиторлар палатаси ҳамкорлигида ўтказилди.
Анжуманда сўзга чиққан уларнинг вакиллари Президентнинг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиш, жаҳон интеграция жараёнларида фаол иштирок этишга доир муҳим вазифалар қўйилганини қайд этдилар.
Анжуманда хорижий инвесторлар ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни мамлакатимиз иқтисодиётига кенг жалб этиш, эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил этиш, етакчи хорижий институтлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, давлат маблағлари сарфланиши ҳақидаги маълумотларнинг очиқ-ойдинлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Уларнинг амалга оширилиши мамлакатимизда умумқабул қилинган замонавий нормалар ва стандартларни, шу жумладан ХМҲС ва ХАСни босқичма-босқич жорий этиш юзасидан тегишли ишлар бажарилишини тақозо этади.
Мамлакатимизда миллий иқтисодиётга мослаштирилган халқаро молиявий ҳисобот стандартларига ўтиш йўли танланган. Унда халқаро стандартларга мувофиқ келувчи бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилиши назарда тутилади.
Анжуманда сўзга чиққан «JPA International» аудиторлик ташкилотлари халқаро тармоғи президенти Жак Потдевен (Франция), «Содружество» ассоциацияси» аудиторларнинг ўзини ўзи бошқариш ташкилоти (ЎБТ) бош директори О.Носова (Россия) ва бошқа нуфузли халқаро экспертлар халқаро молиявий ҳисобот стандартлари ва аудитнинг тўлақонли жорий этилиши мазкур стандартларнинг моҳияти ва аҳамиятини чуқур ўрганишни, уларнинг услубий жиҳатларини оқилона қўллашни, миллий стандартларни мумкин қадар халқаро стандартларга мослаштиришни, етакчи хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришни, амалиётчи мутахассислар ва илмий тадқиқотчилар хорижда стажировка ўташини ташкил этиш, шунингдек амалиётчи бухгалтерларни сертификатлаш ишини йўлга қўйишни талаб қилишини алоҳида қайд этдилар.
6 декабрда Ўзбекистон Аудиторлар палатасининг кузатув кенгаши раиси Неъматулла Каримов ва «Россия Аудиторлар иттифоқи» ЎБТ бошқаруви раиси Людмила Козлова иккала мамлакат ҳудудида бухгалтерия, аудиторлик ва бошқа турдош касбларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни имзоладилар.
Ўзбекистон Аудиторлар палатаси Черногория билан ҳам шунга ўхшаш икки томонлама Битим тузди. Уни Черногория Бухгалтерлар ва аудиторлар институти ижрочи директори Раде Счекич имзолади.
Мазкур битимлардан мақсад – илғор хориж тажрибасидан фойдаланиш чоғида халқаро молиявий ҳисобот стандартлари ва аудитни миллий ҳисоб тизимига жорий этиш.
Ўз ахборотимиз.