Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 51 / Хўжалик юритиш амалиётидан

Қарзни қайтариш: пул ўрнига автомобиль

 

Корхона Президентнинг 28.01.2009 йилдаги ПҚ-1050-сон қарорига мувофиқ ЯСТ тўлашдан озод қилинган. Жисмоний шахс 2017 йил 1 октябрда корхонага 32 000 000 сўм миқдорида фоизсиз қарз берган. Муассис 2017 йил 1 ноябрда қарз берувчига автомобилни мулк қилиб бериш йўли билан қарзни сўндириш ҳақида қарор қабул қилди. Автомобиль корхона балансида турибди (1 йилдан ортиқ). Автомобилнинг бошланғич қиймати – 46 989 247,4 сўм, жамғарилган эскириш – 12 969 032,29 сўм, автомобилни қайта баҳолаш сальдоси – 1 507 571,69 сўм.

1. Қарз берувчига автомобилни мулк қилиб бериш йўли билан қарзни қайтариш операциясини қандай расмийлаштириш лозим?

2. Ушбу операция нотариал тасдиқланадими? Нотариусга ва ДЙҲХХ органларига қандай ҳужжатларни тақдим этиш керак?

3. Бундай вазиятда қандай бухгалтерия проводкаларини тузиш зарур?

4. Корхонада ва жисмоний шахсда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?

Р.П.

 

1

Пул маблағлари билан олинган қарз айнан пул маблағлари кўринишида қарз берувчига қайтарилиши керак (ФКнинг 732-моддаси). 

Қарз берувчига автомобилни мулк қилиб бериш йўли билан қарзни қайтаришга қарор қилинган бўлса, тарафлар дастлабки қарз шартномаси шартлари қайта кўриб чиқилган мажбуриятни янгилаш келишувини тузишлари зарур (ФКнинг 347-моддаси).

 

2

Автомобилни бошқа шахсга ўтказиш операциялари нотариал тасдиқланиши лозим (АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 102-банди).

Автотранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимни жисмоний ва юридик шахс ўртасида нотариал тасдиқлашда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

√ юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари;

√ юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома;

√ мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (транспорт воситасини қайд қилиш гувоҳномаси);

√ юридик шахс ваколатли органининг автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги ҳужжати (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо);

√ вакилнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат (ишончнома);

√ қолдиқ баланс қиймати тўғрисида маълумотнома;

√ юридик шахснинг соф активлари ҳақида маълумотнома;

√ мулкдорнинг розилиги (агар юридик шахсга автомототранспорт воситаси оператив бошқарув ҳуқуқи асосида тегишли бўлса);

√ давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (тўлов топшириқномаси, квитанция);

√ тарафлар ўртасида ҳисоб-китоб қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ҳисоб-китоб кечиктирилган ҳоллар бундан мустасно) (Йўриқноманинг 117-банди).

Автомобиллар ДЙҲХХ органларида албатта рўйхатдан ўтказилиши лозим. Автомобилни ДЙҲХХ органларида давлат рўйхатидан ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатлар зарур (Низомнинг 16-банди, ВМнинг 31.08.2017 йилдаги 683-сон қарорига 1-илова):

√ автомототранспорт воситаси эгаси ёки унинг вакилининг белгиланган намунадаги аризаси;

√ автомототранспорт воситаси эгасининг ёки унинг вакили шахсини тасдиқловчи ҳужжат;

√ автомототранспорт воситасининг аввалги эгасига берилган автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома;

√ автомототранспорт воситасига бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжат;

√ Республика йўл жамғармасига белгиланган миқдордаги йиғимларни тўлаганлик тўғрисида ва ДЙҲХХ органларининг рўйхатга олиш билан боғлиқ хизматларини тўлаганлик ҳақидаги банк тўлов ҳужжати (йиғимлар ва тўловлардан озод этилган шахслар бундан мустасно).

 

3

Қарзни сўндириш ҳисобига автомобилнинг чиқиб кетишига доир операцияларнинг бухгалтерия ҳисоби қуйидагича бўлади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Сумма, сўм

 

Қарздан фойдаланганлик учун МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича корхона олган даромадлардан ЯСТ ҳисобланди (32 000 000 х 14% х 31 х 5% / 365)

 

9820-«Фойдадан ҳисобланган бошқа солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича харажатлар»

 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)»

 

19 024,66

 

ПҚ-1050-сон қарорга мувофиқ солиқ солишдан озод қилиш натижасида бўшаган маблағлар суммалари акс эттирилди

 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)»

 

8840-«Мақсадли фойдаланадиган солиқ имтиёзлари»

 

19 024,66

 

Қарзни сўндириш ҳисобига автомобиль берилди

 

6820-«Қисқа муддатли қарзлар»

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

32 000 000

 

Автомобилнинг бошланғич қиймати ҳисобдан чиқарилди

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

0160-«Транспорт воситалари»

 

46 989 247,4

 

Ҳисобланган амортизация суммаси ҳисобдан чиқарилди

 

0260-«Транспорт воситаларининг эскириши»

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

12 969 032,29

 

Қайта баҳолаш сальдоси ҳисобдан чиқарилди

 

8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

1 507 571,69

 

Қарзни сўндириш ҳисобига автомобилни беришдан зарар акс эттирилди

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

512 643,42

 

 

 

4

Асосий воситалар зарар билан чиқиб кетганда қарздор корхонада солиқ солинадиган даромад бўлмайди.

Бироқ унда фоизсиз қарздан фойдаланишдан олинган даромад юзага келади. У олиш кунидаги МБнинг қайта молиялаштириш ставкасида ҳисобланади ва 380 493,15 сўмга (32 000 000 х 14% х 31 / 365) тенг. Корхона Президентнинг 28.01.2009 йилдаги ПҚ-1050-сон қарорига мувофиқ ЯСТ бўйича мақсадли имтиёзга эга. Ҳисобланган ЯСТ суммаси 19 024,66 сўм (380 493,15 х 5%) бюджетга тўланмайди, балки 8840-«Мақсадли фойдаланадиган солиқ имтиёзлари» счётида акс эттирилади.

Қарз берувчи жисмоний шахсда ушбу битим юзасидан солиқ солинадиган даромадлар юзага келмайди.

 

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1716 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика