Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 51 / Ислоҳот одимлари

Солиқ тўловчиларнинг ўз мажбуриятларини бажаришларини рағбатлантириш: халқаро тажриба

 

Маълумки, Ҳаракатлар стратегиясида1 белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида республика Президенти томонидан «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони2 қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжат билан тасдиқланган Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажарадиган ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

 

Ҳар қандай давлат бошқаруви фаолиятида солиқларнинг аҳамияти жуда муҳим ҳисобланади. Солиқлар давлат ғазнасини тўлдиришда асосий манба бўлиб, уларнинг узлуксиз келиб тушиши давлатнинг иқтисодий хавфсизлиги, барқарор ривожланишини таъминлайди. Зеро, дунё мамлакатларининг барчасида давлат бюджетининг даромади солиқлар ва мажбурий тўловлар орқали шаклланади. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети даромадларини шакллантиришда солиқларнинг улуши 94%ни ташкил этади3. Бу эса, ўз навбатида, солиқларнинг ихтиёрий ва ўз вақтида тўланиши давлат учун қанчалик аҳамиятли эканлигини кўрсатади.

Мамлакатимиз Конституцияси ва Солиқ кодексида солиқ тўловчилар қонун ҳужжатларида белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашга мажбур эканликлари белгиланган. Яъни бу императив норма. Аммо ҳар ким ҳам ўз мулкини, ­яъни олган даромадининг бир қисмини давлатга ихтиёрий топширишни хоҳлайвермайди. Натижада солиқ тўлашдан қочиш ёки уларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларини вужудга келтиради. Бу, аслида, солиқ тўловчининг солиқ саводхонлиги пастлиги, ижтимоий масъулиятни ҳис этмаслиги ёки унинг тўланаётган солиқлар қандай мақсадларга сарфланишини тўла англамаслигидан келиб чиқадиган масаладир.

Солиқ тўловчилар томонидан ўз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий ижро этишлари ва солиқларни ўз вақтида тўлашларини таъминлаш мақсадида жаҳон амалиётида турли рағбатлантирувчи усул ва чоралардан фойдаланилади.

 

Лотереялар ташкил этиш ва турли ютуқлар орқали рағбатлантириш

Солиқ тўловчиларни ўз мажбуриятларини бажаришга рағбатлантириш мақсадида совғалар бериш ёки лотерея ўйинларини ташкил этиш дастлаб 1950 йилларда Тайванда, кейинчалик 1990 йилларда Хитойда бошланди. Ҳозирги пайтда ҚҚС лотереяси Словакия, Мальта, Руминия ва Португалия каби Европа давлатларида қўллаб келинмоқда. Бундай лотереянинг асосий мазмуни ҚҚС қўшилган товар ёки хизматларни сотиб олувчи мижознинг давлат томонидан ташкил этиладиган лотереяда иштирок этишидан иборатдир. Бунда ҚҚС тўланганини билдирувчи ҳар бир квитанция ёки чек лотерея билети сифатида ўйналади.

Шу орқали мижозлар савдо нуқталарида харид чекларини сўрашга рағбатлантирилган ва беихтиёр давлат лотереясида қатнашиб, пул мукофотларини ютиб олиш имкониятига эга бўлганлар. 1951 йилда Тайванда ташкил этилган лотерея ўйинидан йиғилган солиқлар суммаси анча ҳайратланарли – у лотерея ўтказилмаган йилга нисбатан 76%ни ташкил этган.

Жанубий Кореяда ҳам шунга ўхшаш лотерея тизими ўтган асрнинг 90-йилларида ташкил этилган. Кейинчалик эса бу «кредит карталардан фойдаланганлик учун чегирмалар тизими»га айлантирилган. Яъни бунда нақд пул айланмасини камайтириш мақсадида кредит карточкалар орқали харид қилган мижозларга даромад солиғини тўлашда чегирмалар тақдим этилади. Бу бизнинг мамлакатдаги банк пластик карточкалари орқали савдони амалга оширган тадбиркорлик субъектларига бериладиган имтиёзга ўхшайди.

 

Имтиёзли кредитлар тақдим этиш орқали рағбатлантириш

Масалан, Шри-Ланканинг Ички даромадлар бошқармаси солиқ мажбуриятларини тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширган солиқ тўловчиларга рағбатлантирув сифатида махсус карточкалар тақдим этади ва солиқ тўловчилар ушбу карточкалар орқали Цейлон Халқ банкидан автомобиллар ёки офис жиҳозларини лизингга олишда имтиёзли фоизлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.

 

Солиқ тўловларининг бир қисмини солиқ тўловчининг хоҳиши бўйича тасарруф этишга имконият яратиш

Моддий рағбатлантиришдан ташқари номоддий рағбатлантириш усуллари ҳам қўллаб келинади. Масалан, 2006 йилдан бошлаб Испаниянинг даромад солиғи тўғрисидаги қонунига кўра солиқ тўловчилар даромад солиғини тўлалигича тўлаган солиқ тўловчиларга солиқ суммасининг ­0,7%ини хайрия мақсадларига йўналтиришлари мумкин бўлади. Бу хайрия солиқ тўловчининг истагига кўра католик черковига, хайрия ташкилотларига ёки давлатга ўтказилиши мумкин. Бу билан солиқ тўловчи солиқ тўлаш орқали нафақат ўзининг иқтисодий мажбуриятини бажараётгани, балки хайрия мақсадларида иштирок этиб, эзгу ишларда қатнашаётганидан мамнун бўлади.

«The Economist» журналининг 2016 йилги сонларидан бирида Японияда жисмоний шахсларнинг даромад солиғини тўлаш чизмаси (hometown tax scheme) келтирилган. Унга кўра жисмоний шахс ўзи тўлаган солиқнинг маълум қисмини ўз танлови бўйича тасарруф эта олиши, масалан, шаҳар ёки аҳоли пункти ҳисобига ўтказиши мумкиндир. Яъни ўзи туғилиб ўсган ёки таълим олган шаҳар бюджетига солиқ суммасининг бир қисмини ўтказиш орқали бевосита мазкур ҳудуд ривожланиши учун ўз ҳиссасини қўшган ҳисобланади.

Кўрсатиб ўтилган номоддий рағбатлантириш усуллари, яъни солиқ тўловчиларга ўзи тўлаган солиқ суммасининг маълум қисмини ўз хоҳишига кўра сарфлаш имкониятининг тақдим этилиши солиқ тўловчиларнинг ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаришга ундашда катта роль ўйнаши кўп олимлар томонидан эътироф этилган. Чунки улар нафақат давлат, балки жамиятга ҳам ёрдам бераётганларини чуқур ҳис этадилар.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, ўз солиқ мажбуриятларини вақтида ва тўлалигича тўлаб бораётган инсофли солиқ тўловчиларни моддий ва номоддий рағбатлантиришни назарда тутувчи қоидаларни солиқ қонунчилигига киритиш, шубҳасизки, давлат бюджетига солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тушумини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

 

Ихтиёржон ТЎРАБОЕВ,

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси.

 


1Президентнинг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармони (7.02.2017 йилдаги ПФ-4947-сон) билан тасдиқланган.

218.07.2017 йилдаги ПФ-5116-сон.

3Ш.Джуманиязов, Г.Эрназаров. Давлат бюджети даромадларини шакллантиришда солиқ тушумларининг таҳлили. http://www.biznes-daily.uz/ru/birjaexpert/37744-davlat-byudjti-daromadlarini-shakllantirish.

Прочитано: 1836 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика