Анъанавий равишда Янги йил арафасида кўплаб ташкилотлар ўз ходимлари ва уларнинг фарзандларига, бизнес бўйича ҳамкорлари ва пенсионерларга янги йил совғаларини туҳфа қиладилар. Совғалар уларни берувчига ҳам, олувчига ҳам қувонч бахш этиши шубҳасиз. Совға олиш ва бериш ҳаммага, шу жумладан бош бухгалтерга ҳам хуш ёқади. Бироқ унда уларнинг ҳисобини юритиш билан боғлиқ қўшимча ташвишлар ҳам юзага келади.
Бугунги мақоламиз мавзуси – Янги йил совғаларининг ҳисобини юритиш ва ҳужжатлар билан расмийлаштиришда қандай қилиб хатоларга йўл қўймаслик, қандай солиқлар ва бадалларни ҳисоблаш зарурлиги ҳақида.
СОВҒАЛАР БЕРИЛИШИНИ ҲУЖЖАТЛАР БИЛАН РАСМИЙЛАШТИРИНГ
Ходимлар ва уларнинг фарзандларини Янги йил билан қутлаб, уларга совғалар туҳфа этган иш берувчи баъзида ушбу тадбирни лозим даражада расмийлаштиришни унутиб қўяди. Товар-моддий бойликлар совға сифатида берилганини тасдиқловчи ҳужжатларнинг бўлмаслиги ёмон оқибатга олиб келиши мумкин. Ҳисобда реализация қилинмаган деб қайд этилган товарларнинг омборда бўлмаслиги товарларни реализация қилишдан тушган тушумни яшириш деб баҳоланади ва тушум яширилган суммасининг 20%и миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (Cолиқ кодексининг 114-моддаси).
Шу сабабли иш берувчининг ходимларни ва уларнинг фарзандларини табриклаш истагини биринчи навбатда ҳужжатлар билан расмийлаштириш зарур.
Бунинг учун:
1) совға бериладиган шахслар рўйхати тузилади. Ушбу рўйхат асосида харид қилиниши зарур бўлган совғалар миқдори аниқланади;
2) иш берувчининг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, ҳар бир совғанинг нархи ва уларнинг умумий қиймати аниқланади. Шу ернинг ўзида уларни етказиб берувчини белгилаб олиш мумкин. Кўпгина савдо ташкилотлари Янги йилга тайёр совға тўпламларини таклиф этадилар;
3) янги йил совғаларини харид қилиш тўғрисида ташкилот раҳбарининг буйруғи чиқарилади. Буйруқда уларни харид қилишга пул маблағларининг қанча суммаси ажратилиши қайд этилади. Буйруқ билан совғаларни харид қилиш ва тарқатиш учун масъул шахс ҳам тайинланади;
4) совғаларни корпоратив пластик карточка воситасида ҳам харид қилиш мумкин. Бу ҳолда совғаларни харид қилиш учун масъул этиб тайинланган шахс товар-моддий бойликларни харид қилиш далолатномасини бухгалтерияга тақдим этиши ҳамда унга терминаллар чеклари, ҳисобварақ-фактуралар, юкхатлар ва сотувчилар берган бошқа ҳужжатларни илова қилиши шарт;
5) ишлаб чиқариш корхоналари ўз маҳсулотларидан, савдо ташкилотлари эса – қайта сотиш мақсадида харид қилинган товарлардан совға сифатида фойдаланишлари мумкин. Бу ҳолда буйруқ билан омбордаги бойликларнинг зарур миқдорини ажратиш ва уларни масъул шахсга топшириш ҳақида фармойиш берилиши лозим.
Маҳсулотлар ва товарлар талабнома-юкхат (М-11 шакли) расмийлаштирган ҳолда омбордан берилади. Ҳужжат 2 нусхада тузилади, уни моддий жавобгар шахслар: тегишинча топширувчи ва олувчи имзолайди. Бир нусхаси омборда қолади ва бойликларни ҳисобдан чиқариш учун асос бўлиб хизмат қилади, иккинчиси ТМБ ҳаракати ҳисобини юритиши учун бухгалтерияга топширилади;
6) совғаларнинг берилиши қайднома билан расмийлаштирилади, ходимлар уларни олганликлари тўғрисида унга имзо чекишлари лозим. Қайдномада совға сифатида берилган бойликлар миқдори ва қиймати ҳақидаги маълумотлар бўлиши керак;
7) ўз ходимларидан ташқари, ташкилот ўзида ишламайдиган шахсларни ҳам Янги йил байрами билан табриклаб, уларга совға бериши мумкин. Масалан, амалий ҳамкорлари, ўз муассислари (жисмоний шахслар), собиқ ходимлари бўлмиш пенсионерлар шулар жумласидандир. Бундай шахслар рўйхати ҳам буйруққа илова қилиниши лозим. Қайдномага имзо чекишларини илтимос қилмаслик учун уларга тақдим этилган совғалар ҳақидаги маълумотларни (миқдори ва қиймати) моддий жавобгар шахснинг ҳисоботида акс эттириш мумкин;
8) байрам тадбирлари якунига етгач, совғаларни харид қилиш ва тарқатиш учун моддий жавобгар шахс бухгалтерияга ҳисобот (эркин шаклда) тақдим этиши ҳамда унга совғаларни харид қилиш ва топшириш билан боғлиқ барча ҳужжатларни илова қилиши шарт. Ушбу ҳужжатлар асосида бухгалтер совғаларни корхона балансидан ҳисобдан чиқаради, уларнинг қиймати эса ходимнинг жами даромадига киритилади.
СОВҒА ҚИЙМАТИНИ ХОДИМНИНГ ДАРОМАДИГА КИРИТИНГ
Совғаларни ходимлар ва уларнинг фарзандларига тарқатган бухгалтерлар баъзида уларнинг қийматини ходимнинг даромади сифатида ҳисобга олиш кераклигини унутиб қўядилар. Ходим учун у (шу жумладан фарзандлари учун) олган совғалар қиймати ЖШДС солинадиган, моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 2-банди).
Совғаларни бериш чоғида расмийлаштирилган тарқатиш қайдномаси асосида бухгалтер совғалар қийматини ҳар бир ходимнинг жами даромадига киритиши зарур. Ходим ҳам, унинг фарзандлари ҳам совғалар олган бўлса, ушбу ходимга ва фарзандларига берилган совғаларнинг умумий қиймати унинг даромадига киритилади.
ИМТИЁЗНИ ТЎҒРИ ҚЎЛЛАНГ
Одатда, бухгалтерлар ЭКИҲнинг 6 баравари миқдоригача бўлган қийматдаги совғаларга ЖШДС солинмаслигини биладилар (Солиқ кодексининг 179-моддаси 14-банди). Бироқ кўпинча ушбу имтиёзни қўллаш чоғида хатога йўл қўйилади. Шу сабабли қуйидагиларни билиш лозим:
1) имтиёз суммасини ҳисоблашда ходимга йил давомида берилган барча совғаларнинг суммар қийматини ҳисобга олинг.
Масалан, ходима ва унинг фарзандларига Янги йил совғалари берилди. Бундан ташқари, у иш берувчидан 8 мартда совға олган. Имтиёзли суммани аниқлаш чоғида ходима ҳисобот йилида олган, шу жумладан унинг фарзандларига берилган барча совғаларнинг қиймати ҳисобга олинади. ЭКИҲнинг 6 баравари доирасидаги суммага ЖШДС солинмайди. Ушбу суммадан ошадиган барча суммага солиқ солиниши зарур;
2) ЖШДС бўйича имтиёзни ҳисоблаб чиқариш учун совғалар берилган пайтда амал қилаётганидан (2017 йил 1 декабрдан бошлаб ЭКИҲ – 172 240 сўм) эмас, балки 2017 йил 1 январь ҳолатига кўра белгиланган ЭКИҲдан (149 775 сўм) келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади. 2017 йилда ЖШДС солинмайдиган совғалар қиймати 898 650 сўмни (6 х 149 775) ташкил этади;
3) имтиёз фақат ташкилот ходимлари, ишламайдиган пенсионерлар ва меҳнат лаёқатини йўқотган, илгари ушбу ташкилот ходимлари бўлган шахслар, шунингдек вафот этган ходимнинг оила аъзоларига нисбатан қўлланади.
ЧИПТА – СОВҒА ЭМАС
Айрим ташкилотлар Янги йил совғалари сифатида ходимлар ва уларнинг фарзандларига концертлар, театр томошалари, Янги йил арчасига чипталар берадилар. Бунда чипталарга совға сифатида қарайдилар, унинг қийматига нисбатан ЭКИҲнинг 6 баравари миқдорида ЖШДС бўйича имтиёз қўлланади.
Аслида бундай чипта – уни тақдим этувчида ташкилот – чипта эмитентининг профессионал фаолияти предмети бўлган хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Ходимлар учун чипталар қиймати юридик шахс томонидан унга бошқа ташкилот тақдим этадиган хизматлар ҳақининг жисмоний шахс манфаатларини кўзлаб тўлаши натижасида олган моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 1-банди).
Шу сабабли ходимларга совға қилинган чипталарга нисбатан Солиқ кодексининг 179-моддаси 14-бандида назарда тутилган ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаб бўлмайди.
ХОДИМ БЎЛМАГАН ШАХСЛАРДАН СОЛИҚЛАР
Ташкилотда ишламайдиган шахсларга (муассислар, амалий ҳамкорлар ва бошқалар) Янги йил совғаларини тақдим этган бухгалтерлар уларга солиқ солишни ёддан чиқарадилар. Ходим бўлмаган шахслар учун совғалар қиймати ҳам ЖШДС солинадиган моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 2-банди). Шу сабабли ташкилот билан меҳнат муносабатларида бўлмаган шахсларга совғаларни топширганда солиқ солишда уларнинг қийматини ҳисобга олиш зарур.
Мазкур ҳурматга сазовор кишилардан совғаларнинг қийматидан солиқни тўлашни сўраш одобдан бўлмайди, байрам кайфиятига рахна солади. Шунга қарамай, бюджетга ЖШДСни тўлаш зарур.
Амалиётда бундай ҳолларда ҳадя берувчи ташкилотлар ушбу мажбуриятларни зиммаларига олиб, солиқни ўз ҳисобларидан тўлайдилар. Ташкилотингиз ана шундай қарор қабул қилган бўлса, бухгалтер бундай тўловга солиқ солишнинг қуйидаги хусусиятларини инобатга олиши лозим:
● совға тақдим этилган шахслар ДСИга бориб, декларация топширмасликлари учун ЖШДСни энг юқори ставкани қўллаган ҳолда ҳисоблаб чиқариш керак бўлади. Солиқ ушлаб қолинмади ёки шкала бўйича ҳисобланди, дейлик. Бу ҳолда ташкилот ДСИга асосий бўлмаган иш жойидан даромад олган шахслар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши шарт. Уларнинг эса ўз навбатида йил якунларига кўра жами йиллик даромад тўғрисида декларация тақдим этишларига тўғри келади;
● ташкилот жисмоний шахс учун тўлаган солиқ унинг учун ҳам моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 1-қисми 1, 6-бандлари). Бунда ташкилот ўз ҳисобидан тўлаган ЖШДС суммасига солиқ органи солиқни қўшиб ҳисоблаши хатари мавжуд.
Масалан, ташкилот ўз муассисини (жисмоний шахс) Янги йил билан табриклаб, унга қиймати 500 000 сўмлик совға тақдим этди. Уни ортиқча оворагарчиликлардан халос қилиш мақсадида ташкилот совға қийматидан ЖШДСни ўз ҳисобидан тўлашга қарор қилди.
Бу ҳолда ЖШДС энг юқори – 23%лик ставкада ҳисобланади. Ноль даражали ставкада солиқ солинадиган даромад чегирилмасдан, совғанинг бутун қийматига солиқ солинади.
Совға қийматидан ЖШДС 115 000 сўмни (500 000 х 23%) ташкил этади.
Жисмоний шахс учун солиқ суммасини ташкилот тўлаганлиги сабабли унга ҳам солиқ солиш зарур. Жисмоний шахс учун тўлов қийматидан ЖШДС 26 450 сўмни (115 000 х 23%) ташкил этади.
Солиқ кодекси талабларидан келиб чиқилса, пировард натижада тўлов суммаси нолга тенг бўлмагунча, ушбу ва кейин ҳисобланган солиқ суммаларидан ЖШДС тўланиши шарт.
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,
«Norma Online» эксперти.