Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозлари, солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси ҳамда Давлат бюджети лойиҳаси муҳокама қилинди.
Мажлисда ҳудудларнинг реал имкониятларидан келиб чиқиб, ечимини кутаётган мавжуд муаммоларни ва жойлардаги ишларнинг ҳақиқий ҳолатини ўрганган ҳолда ишлаб чиқилган келгуси йил мамлакатнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозлари, бюджет даромадлари ва харажатлари параметрлари бўйича ёндашув ва таклифлар ҳар томонлама ва чуқур муҳокама қилинди.
2018 йилда солиқ ва бюджет сиёсатини такомиллаштиришга, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга ва бюджетлараро муносабатларни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттириш назарда тутилмоқда.
2018 йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида солиқ юкини янада қисқартириш, солиқ ва мажбурий тўловлар миқдорини камайтириш, маҳаллий бюджетлар даромад базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг мустақиллигини ошириш, маблағлардан оқилона фойдаланиш ва бюджетга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш, жумладан:
● фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқларини бирлаштириш орқали умумий базавий ставкани 15,5%дан 14,5%гача камайтириш;
● Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси, Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига ажратмаларни ягона тўловга – давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга бирлаштириш орқали умумий ставкани 3,5%дан 3,2%гача камайтириш, бу, ўз навбатида, хўжалик юритувчи субъектлар тасарруфида қарийб 411 млрд сўм маблағ қолдириш имконини бериши;
● жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ юки даражасини фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган ҳисобрақамларига ажратмалар миқдорини 1%дан 2%гача ошириш ҳисобига камайтириш ва бу фуқароларнинг жамғармаларини умуман 450 млрд сўмдан кўпроққа ошириш;
● якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқнинг аҳоли тадбиркорлик фаоллигини оширишга қаратилган ставкасини ўртача 30%га пасайтириш;
● ҳудудлар хусусиятлари ва фаолият кўрсатиш жойи ҳисобга олинган ҳолда, маҳаллий ҳокимият органларига жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва қатъий белгиланган солиқлар бўйича белгиланган базавий ставкаларга нисбатан 0,7–1,3 гача камайтирувчи ва кўпайтирувчи коэффициентларни қўллаш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда.
Мажлис иштирокчиларининг эътибори, шунингдек, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, даромад захираларини аниқлаш, маҳаллий бюджетларнинг мустақиллигини янада ошириш, иқтисодиётни қўллаб-қувватлашни таъминлаш, инфляция даражасини кўзда тутилган параметрлар доирасида сақлашни ҳамда қабул қилинган давлат дастурларини ва Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқлари сўзсиз молиялаштирилишини назарда тутувчи бюджет сиёсати доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга қаратилди.
2018 йилда ҳам ўтган йиллардаги каби ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари устуворлиги сақлаб қолинади. Хусусан, ижтимоий соҳани молиялаштириш учун 34,7 трлн сўм маблағ йўналтириш назарда тутилмоқда.
Давлат бюджетини ЯИМга нисбатан 0,02% миқдорида профицит билан тасдиқлаш таклиф этилмоқда.
Мажлисда кун тартибидаги масалалар муҳокамаси доирасида бир қатор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳисоботлари эшитилди.
13 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ҳукумат томонидан тақдим этилган 2018 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳасини, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини қўллаб-қувватладилар. Лойиҳа Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланди.
ЎзА материали асосида.