Пойтахт автобусларининг ҳаракатланишини энди «My Tashkent» мобил иловаси орқали кузатиш мумкин.
Илова «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ томонидан ишлаб чиқилиб, ишга туширилди. Уни юклаб олган йўловчилар танланган йўналиш ҳақида деярли ҳамма нарсани – нафақат автобуснинг керакли бекатга келиш вақтини, балки унинг давлат рақами, автопарк рақами, ҳаракатланиш тезлиги ва бекатгача қолган масофани билиб олишлари мумкин. Шунингдек иловада керакли бекатда тушиш ёки ўз автобусини ўтказиб юбормаслик имконини берувчи хабарлаш тизими жорий этилган. Яратилган бекатлар каталоги танланган бекат орқали қайси маршрутлар ўтишини аниқлашда ёрдам беради. Қидирув функциясидан фойдаланиб, фақат автобуснинг давлат рақамини билган ёки қидирув сатрида бекат номини ёзган ҳолда уни топиш мумкин. Бундан ташқари, «Жойлашган жойи» тугмаси йўловчига энг яқин бекатларни кўриш имконини беради, тез кириш учун эса маршрутларни танланганлар рўйхатига қўшиб қўйиш мумкин. Иловани уяли алоқа телефонига «GooglePlay» орқали юклаб олиш мумкин.
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ (tshtx.uz) хабарига кўра.