МЧЖда тижорат агенти лавозимида ишлайман. Ўз хоҳишимга кўра 2017 йил 30 ноябрдан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида иш берувчи номига ариза бердим.
Шароитим ўзгариб, ишдан бўшамасликка қарор қилганим сабабли 2017 йил 29 ноябрда аризамни қайтариб олмоқчи бўлдим.
Бироқ кадрлар бўлимида аризамни қайтаришдан бош тортиб, 30 ноябрдан меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисидаги буйруқ чиқарилгани, ўрнимга эса штатлари қисқартирилмоқчи бўлган бошқа бўлимдан ходим ўтказилишини айтдилар.
Бу вазиятда ким ҳақли?
А.С.
– Иш берувчининг сизга нисбатан хатти-ҳаракатларида меҳнат тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузиш аломатлари мавжуд.
Ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, 2 ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир.
Бунда МКнинг 99-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ёки тарафларнинг келишуви бўйича белгиланган огоҳлантириш муддати давомида ходим берган аризани қайтариб олишга ҳақлидир.
Бундай ҳолда ишдан бўшатиш амалга оширилмайди, ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги ариза ўз кучини йўқотади. Меҳнат шартномасини шу аризага мувофиқ бекор қилишга йўл қўйилмайди, сабаби меҳнат муносабатлари давом этмоқда (МКнинг 99-моддаси).
Шу тариқа, кўриб чиқилаётган вазиятда ходим меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани қайтариб олиш ҳуқуқидан фойдаланган.
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» етакчи эксперти.