Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси (ЎзБАМА) Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси билан ҳамкорликда 2017 йилнинг 28 ноябридан 1 декабригача «Молиявий ҳисобот–2017: 2016–2017 йилларда ХМҲС ва ХАСдаги долзарб ўзгартиришлар» мавзуида семинар ўтказди.
Унда 200 нафардан зиёд акциядорлик жамиятлари бухгалтерлари, аудиторлар, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси илмий-педагогик таркиби ва талабалари иштирок этдилар.
Семинарда «KPMG Audit» МЧЖ АЖ, «Ernst & Young» МЧЖ, «Deloitte va Touche» МЧЖ ва «PwC» МЧЖ аудиторлик ташкилотларининг етакчи мутахассислари маъруза қилдилар.
«KPMG Audit» МЧЖ АЖ бош директори Санжарбек Саидов аудиторлик фикри ифодаланиши юзасидан қайта кўриб чиқилган халқаро аудит стандартлари, ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисоботга, хусусан, ХАС 700, ХАС 260, ХАС 570, ХАС 705, ХАС 706, ХАС 720 га қўйилаётган янги талаблар, шунингдек ўзгартиришсиз қолган ХАС 701 билан уларнинг ўзаро алоқадорлиги ҳақида семинар иштирокчиларини батафсил хабардор қилди.
ЎзБАМА Кенгаши раиси Миновар Тўлахўжаева «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририга мувофиқ 1-сон БҲМС «Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот»га ўзгартиришлар киритиш заруратини шарҳлаб берди.
«Ernst & Young» МЧЖ мутахассислари Маҳбуба Одилова ва Дилдора Рустамова молиявий дастаклар ҳисоби билан боғлиқ долзарб масалаларни ёритдилар. Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари бўйича Кенгаш (ХМҲСК – IASB) 2014 йил июлда ХМҲС 9 «Молиявий дастаклар»нинг якуний версиясини чиқарди. ХМҲС 9 ХМҲС 39 ўрнини босади ва 2018 йил 1 январдан молиявий ҳисоботлар учун самарали бўлади. Илгарироқ қўлланишига ҳам йўл қўйилади. Янги Стандарт мақсади – молиявий дастаклар ҳисоби юритилишини соддалаштириш ҳамда яқин йилларда жаҳонда юз берган молиявий инқирозлар мобайнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш. ХМҲС 9 билан ХМҲС 39 ўртасидаги асосий фарқлар ҳам айтиб ўтилди.
«Deloitte va Touche» МЧЖ мутахассислари Анвар Ҳожи-Аҳмедов ва Чингиз Бобоев ўз чиқишларида ХМҲСга ўтиш масалалари, жорий этиш ва янги қоидаларга мослашишдаги мураккабликлар ҳақида сўз юритдилар. Умуман олганда халқаро стандартлар бўйича ҳисобот тайёрлашнинг 2 та асосий усулини ажратиб кўрсатиш мумкин: конверсия (параллель ҳисоб юритиш усули) ва трансформация (БҲМС бўйича тайёрланган ҳисоботдаги ҳисоб ахборотларини қайта гуруҳлаш ва моддаларига тузатиш киритиш йўли билан ҳисоботларни ХМҲСга мувофиқ тузиш жараёни).
«PwC» МЧЖ мутахассислари Шоҳрух Бўтаев ва Низомиддин Хўжабеков семинар иштирокчиларини ХМҲС (IFRS) 15 «Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум» ва ХБҲС (IAS) 18 «Тушум»ни амалда қўллаш хусусиятлари билан таништирдилар. Уларнинг маълум қилишича, ХМҲС (IFRS) 15 – янги стандарт бўлиб, 2018 йил 1 январдан қўлланиши мажбурий. ХМҲС (IAS) 18 «Тушум» ва ХМҲС (IAS) 11 «Қурилиш учун шартномалар» («Пудрат шартномалари») шу даврдан бошлаб амал қилмай қўяди. ХМҲС 15 харидор билан тузилган шартнома шартларидаги тушум ва пул оқимларининг хусусияти, миқдори, вақт бўйича тақсимланиши ва аниқланмаганлиги ҳақидаги, молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар учун фойдали ахборотни акс эттиришда ташкилот қўллаши лозим бўлган принципларни белгилайди.
Ўз ахборотимиз.