Norma.uz

Қонунда назарда тутилган кафолатлар

 

Тошкентда Ўзбекистон Пенсионерлари уюшмаси съезди бўлиб ўтди. Йиғилганлар Уюшма бажараётган иш тўғрисидаги ҳисоботни тингладилар, шунингдек ташкилий масалаларни кўриб чиқдилар.

 

Уюшма раиси Қ.Набиев қайд этганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар пенсионерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, фахрийлар ва улуғ ёшдаги кишиларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоялашга йўналтирилган бўлиб, уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаолликларини оширишларини рағбатлантиради.

Пенсионерлар – Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари ва боқувчисини йўқотган кекса кишилар ҳақидаги ғамхўрлик амалда намоён бўлмоқда. Улар даволаниш ва саломатликларини тиклаш учун Тошкент ва вилоятлардаги санаторий-соғломлаштириш комплексларига йўлланмоқдалар. Кекса ёшдаги кишилар мунтазам тиббий кўрикдан ўтказилмоқдалар, уларга моддий ва маънавий кўмак берилмоқда.

– Уюшмамиз аъзолари – ижтимоий ёрдамга муҳтож фахрийлар ва кекса ёшдаги кишиларга мунтазам ёрдам берилмоқда, – дейди Уюшма раисининг биринчи ўринбосари Х.Дўстмуродов. – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ушбу йўналишдаги иш миқёси янада кенгайди. Ҳомийлар кўмагида ижтимоий ёрдамга муҳтож кўплаб пенсионерлар учун коммунал хизматлар ҳақи тўланди. Бундай мисолларни кўп келтириш мумкин. Аслида, мамлакатимиз Конституциясининг 39-моддасида мустаҳкамлаб қўйилганидек, ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга. Бу ёлғиз қариялар, пенсионерлар ва ногиронларга ижтимоий ёрдам бериш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

 

ЎзА хабарига кўра.

 

Маълумот учун!

2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб энг кам:

√ иш ҳақи – ойига 172 240 сўм;

√ ёшга доир пенсиялар – ойига 336 880 сўм;

√ болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 336 880 сўм;

√ зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 206 720 сўм миқдорида белгиланди.

 

 

Мутахассис тушунтиради

 

Ишловчи пенсионерлар пенсияси

 

Асосий пенсиясига минималини (Низомнинг 159-банди 2-хатбошиси, ВМнинг 11.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова) ҳам қўшиш имконини қўлга киритган кўплаб пенсионерлар меҳнат фаолиятига қайтдилар. Шу муносабат билан таҳририятимизга фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича иш бажарадиган пенсионерлар билан муносабатлар қандай тартибга солиниши ҳақидаги саволлар келиб тушмоқда. Ўқувчиларнинг саволларига ЎзР МВ ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаев жавоб беради.

 

ВАЗИЯТ. Реструктуризация ва ишлар ҳажми камайганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бўйича ишловчи пенсионерни ишдан бўшатгач, ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан ошмайдиган ҳақ тўлаш шарти билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида иш бажариш учун уни яна ишга қабул қилдилар. Пенсия жамғармаси бўлимида пенсияни ишловчи пенсионер каби 50% миқдорида олиши кераклигини айтдилар. Бироқ корхона бухгалтери иш жойи бўйича пенсия тўлиқ тўланиши керак деб ҳисоблайди.

 

– Афсуски, шунга ўхшаш вазиятлар ҳали учраб турибди. Тарафлар ўртасида тушунмовчиликлар юзага келмаслиги учун пенсионер билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани расмийлаштириш чоғида иш берувчи ёки пенсионернинг ўзи Пенсия жамғармаси бўлимига қандай ҳужжатларни тақдим этиши керак?

– Аввало пенсионер ишдан бўшагач, ПЖ бўлимига қуйидаги ҳужжатларни албатта тақдим этиши керак:

√ меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхаси;

√ билдиришномага меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ рақами ва санаси кўрсатилган хабарнома;

√ меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;

√ пенсия тўланган давр тўғрисидаги ахборот.

Пенсионер билан ФҲШ тузганда ташкилот ФҲШ нусхаси ва ташкилот тўғрисидаги барча зарур реквизитлари кўрсатилган маълумотларни тақдим этган ҳолда ПЖ бўлимини бу ҳақда хабардор қилиб қўйиши шарт.

 

– ФҲШ бўйича муайян иш бажарувчи пенсионерни ишловчи пенсионерлар сирасига киритиш мумкинми?

– Ҳа, албатта. Зеро меҳнат шартномасини ёки предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномани тузган ҳолда иш ва (ёки) бошқа фаолиятни амалга оширувчи, бу даврда мажбурий давлат ижтимоий суғуртасини тўлаши лозим бўлган пенсионерлар ишловчи пенсионерлар деб ҳисобланади (Солиқ кодексининг 172-моддаси).

Шуни қайд этиб ўтаманки, барча ишловчи пенсионерларга, қандай шартнома (меҳнат ёки ФҲШ) бўйича ишлашларидан қатъи назар, тўланиши лозим бўлган пенсия тўловлари иш жойидан фақат нақд шаклда берилади (2.02.2017 йилдаги ПҚ-2753-сон қарор).

 

– Пенсионер билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома 1 ойга ҳам, бундан узоқроқ вақтга ҳам тузилиши мумкин. Тўлиқ пенсияни сақлаб қолишнинг асосий шарти – ойлик ҳақ белгиланган минимумдан ошмаслиги лозим. Буни тўғри тушундимми?

– Ҳа, тўғри. Бироқ, шуни назарда тутиш лозимки, бажарилаётган иш корхона штат бирлиги доирасида амалга оширилмаслиги керак. Штатдаги лавозимга ФҲШни расмийлаштириш ҳолатлари учраб туради. Чунончи, тиббиёт муассасаси санитаркаси лавозимига ФҲШ расмийлаштирилган, аслида қонун ҳужжатларига мувофиқ меҳнат шартномаси расмийлаштирилади.

 

– Пенсионерга ФҲШ бўйича ишлаш даврида пенсия тўлиқ эмас, балки хато равишда 50% тўланган бўлса, олинмай қолган миқдорини оладими? Агар ололса, бундай тўловлар қандай амалга оширилади?

– Ҳа, у пенсиянинг олинмай қолган суммасини олиши мумкин. Бу ҳолда корхонанинг Пенсия жамғармасидан кейинги ойга маблағлар олиш учун электрон талабномасига жорий пенсия билан бирга олинмай қолган сумма киритилиши лозим. Шунингдек Ф-25 билдиришномасига ўзгартиришлар киритилиши учун пенсияни расмийлаштирган Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилиш зарур.

 

Алла Ромашко.

 

 

Расмий жавоб

 

Прописка – талаб этилмайди

 

Вафот этган бувимнинг пенсиясини олиш ҳуқуқига эгаманми? У алоҳида яшарди, бироқ доим унга ғамхўрлик қилганмиз, касал бўлганда қараганмиз. Эшитишимча, бундай ҳолларда фақат пенсионер билан пропискада бўлган қариндошларга пенсия тўланар экан.

К.М.

 

– Бувингиз вафотидан кейин ойлик пенсия олишни назарда тутаётган бўлсангиз, сиз бундай ҳуқуққа эга эмассиз. Фақат пенсионер вафот этган ой учун олинмай қолган пенсия суммаси, унинг вафотигача ушбу ойнинг кунлари учун айрим оила аъзоларигагина тўланади.

Бу ҳолда вафот этган бувингизнинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилишингиз мумкин. Вафот этиш муносабати билан олинмай қолган пенсия суммалари* мерос таркибига киритилмасдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиган шахслар доирасига тегишли оила аъзоларига тўланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 2, 19-моддалари). Ота-онаси, эри (хотини), шунингдек пенсионер вафот этган кунда у билан бирга яшаган оила аъзолари, улар юқорида кўрсатилган шахслар доирасига кирмаган тақдирда ҳам ушбу суммаларни олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Вафот этган пенсионернинг оила аъзолари яшаш жойи бўйича пропискаси талаб этилмайди. Оила аъзоларининг пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турганлиги ҳолати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан олинган маълумотлар асосида белгиланади.

Кўрсатиб ўтилган сумма, унинг учун пенсионер вафот этгандан сўнг 60 кундан кечикмай мурожаат қилинган тақдирда тўланади (252-сон Низомнинг 175-банди).

 

*«Норма маслаҳатчи»нинг 19.09.2017 йилдаги 38 (635)-сонидаги «Пенсия иши» сонида олинмай қолган пенсияни тўлаш ҳолатлари тўғрисида янада батафсил сўз юритилган.

 

 

Маълумот учун!

Боқувчисини йўқотганлик муносабати билан пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР фарзандликка олинганда уларнинг ушбу ҳуқуқлари САҚЛАНИБ ҚОЛАДИ.

 

 

Қонун ҳужжатларига мувофиқ

 

Қайнонам соғлиғи туфайли ҳар доим ҳам бировнинг ёрдамисиз эшикни очолмайди. Пенсияни уйига олиб келиб берадилар. У стационарда ҳам кўп бўлади. Пенсия олишга ишончнома расмийлаштиришим мумкинми? Агар мумкин бўлса, у нотариус орқали расмийлаштирилиши керакми ёки эркин шаклда маҳалла қўмитасида тасдиқлатса бўладими?

Л.Софрина. Тошкент ш.

 

Ҳа, ишончнома расмийлаштиришингиз мумкин. Бироқ у қонун ҳужжатларига мувофиқ нотариус томонидан тасдиқланган бўлиши керак.

Агар илгари ишончнома берган шахс яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига бир йилда камида 1 марта келиб, пенсия олиш ҳуқуқини тасдиқлаши керак бўлган бўлса, ҳозир киритилган ўзгартиришларга мувофиқ (ВМнинг 27.06.2017 йилдаги 429-сон қарори) у ПЖнинг исталган бўлимига келиши мумкин. Пенсионернинг келиши имконияти мавжуд бўлмаганда (масалан, соғлиғи туфайли, даволаш муассасаларида, шу жумладан руҳий касаллар учун стационар даволанишда бўлганда), ПЖ бўлимлари ходимлари тайинланган пенсияга бўлган ҳуқуқни тасдиқлаш учун пенсионер турган жойга чиқишлари мумкин.

Ишончнома пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилотнинг бўлинмасида сақланади. Бунда ташкилот ишонч билдирилган шахс томонидан ишончнома тақдим этилган санадан бошлаб 10 кун муддатда ПЖнинг тегишли бўлимига ушбу ташкилот бўлинмасининг асосий муҳри ва раҳбарнинг имзоси билан тасдиқланган ишончнома нусхасини юбориши шарт (252-сон Низомнинг 160-банди).

 

 

Тугатувчиларга пенсия

 

Амаким – III гуруҳ ногирони, бироқ унга ногиронлик пенсиясини беришни рад этдилар. Шу қонунийми?

Замонов. Жиззах вилояти.

 

– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга (15-модда) кўра, ногиронлик пенсиялари I ва II гуруҳ ногиронларига тайинланади. Шу сабабли амакингизга пенсиянинг бу турини тайинлашни рад этганлар.

Бироқ у Чернобиль ҳалокати оқибатида III гуруҳ ногиронлигини олган бўлса, пенсия тўланиши назарда тутилган (252-сон Низомнинг 163-банди).

 

 

Бошқа имтиёз

 

Вилоятдаги ОИТСга қарши курашиш марказида ишлайман. Бундай марказларда ишловчиларнинг иш стажи икки баравар миқдорда ҳисоблаб чиқарилиши ҳақида яқинда газетада ўқиб қолдим. Шу тўғрими?

О.Нурланова.

 

– Афсуски, йўқ. Иш стажини икки ҳисса баробарида имтиёзли тарзда қўшиб ҳисоблаш ҳуқуқидан фойдаланувчи шахслар тоифасига моховхоналарда, вабога қарши муассасаларда, иммунодефицит вируси билан касалланган шахслар даволанадиган юқумли касалликлар муассасаларида ишловчи ходимлар киради («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 38-моддаси «г» банди).

Республика ОИТСга қарши курашиш маркази ва унинг минтақавий марказлари ҳамда иммунодефицит вируси билан касалланган шахслар даволанадиган юқумли касалликлар муассасалари алоҳида-алоҳида соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобланади.

ОИТСга қарши курашиш марказларида ишловчиларга кўрсатилган ишларда қишлоқ жойларда камида 25 йиллик ва шаҳарларда камида 30 йиллик махсус стажи бўлганда умумий белгиланган ёшдан 5 йил олдин пенсияга чиқиш кўринишидаги бошқа имтиёз берилади (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган 3-сон Рўйхатнинг VIII қисми «б» банди).

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР МВ ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг

пенсияларни тайинлаш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи.

 

 

Буни билган маъқул

 

Иш стажига эга бўлмаган кекса ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тўғрисида

 

Қуйидаги нафақалар тайинланади:

√ ёшга доир;

√ ногиронлик бўйича (болаликдан ногиронлар бундан мустасно);

√ боқувчисини йўқотганлик муносабати билан.

Нафақа тайинлашни сўраб уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб исталган вақтда, бирор муддат билан чекланмаган ҳолда мурожаат этиш мумкин.

 

Ёшга доир

Иш стажига эга бўлмаган ва ёшга доир пенсия тайинланиши учун етарли иш стажига эга бўлмаган:

√ эркакларга – 65 ёшга тўлганда;

√ аёлларга – 60 ёшга тўлганда тайинланади.

Иш стажига эга бўлмаганларга нафақа меҳнатга лаёқатли балоғатга етган фарзандлари, қариндошлари ёки Оила кодексига мувофиқ уларни боқиш мажбуриятига эга бўлган бошқа шахслар бўлмаганда тайинланади.

Пенсия жамғармаси бўлими фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ўтказган текширувда қариндошлари моддий жиҳатдан ночор аҳволдалиги далили аниқланса, ёшга доир нафақа тайинланиши мумкин.

 

Ҳақ тўланадиган иш бажарадиган ёки бошқа даромад манбаига эга бўлганларга (алимент ёки стипендия олинишидан ташқари) ёшга доир

НАФАҚА ТАЙИНЛАНМАЙДИ.

Ногиронлик бўйича

Ёшидан қатъи назар, иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронларига нафақа тайинланади ва тўланади.

Меҳнат фаолиятига лаёқатлилиги чекланганлиги даражасини аниқлаш учун (меҳнат лаёқати доимий ёки узоқ вақт йўқотилганда) тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) Пенсия жамғармаси бўлимларининг йўлланмаларига мувофиқ тиббий кўрикдан ўтказадилар.

 

 

Ишловчи ёки бошқа тирикчилик манбаларга эга бўлган (алимент ёки стипендия олинишидан ташқари) I ва II гуруҳ ногиронларига

НАФАҚА ТАЙИНЛАНМАЙДИ.

 

 

Боқувчисини йўқотганлик муносабати билан

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг қарамоғида бўлган меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари нафақа олиш ҳуқуқига эга.

Вафот этган шахснинг оила аъзоларига нафақа миқдори у олган ёки олишга ҳақли бўлган нафақага фоиз нисбатида белгиланади:

а) оиланинг уч нафар ва ундан ортиқ меҳнатга лаёқатсиз аъзосига – нафақанинг 100%и;

б) оиланинг икки нафар меҳнатга лаёқатсиз аъзосига – нафақанинг 75%и;

в) оиланинг бир нафар меҳнатга лаёқатсиз аъзосига – нафақанинг 50%и.

 

НАФАҚАЛАР барча зарур ҳужжатлар мавжуд бўлганда МУРОЖААТ ҚИЛИНГАН КУНДАН тайинланади.

 

Нафақалар ҳар ойда Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан белгиланган муддатларда, бироқ жорий тўлов ойидан кечиктирмай тўланади. Улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончнома бўйича тўланиши мумкин.

Олувчига ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин унинг томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган нафақа пули уни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги 12 ойдан ошмаган давр учун бир йўла тўланади.

Нафақа олувчига берилиши керак бўлган ва унинг вафоти муносабати билан олинмай қолган нафақа суммаси мерос таркибига киритилмайди ва ота-онаси, эри (хотини), шунингдек нафақа олувчи вафот этган кунда у билан бирга яшаган оила аъзоларига тўланади.

Нафақа:

√ оила аъзолари сони (боқувчисини йўқотганлик муносабати билан);

√ қонун ҳужжатларига мувофиқ нафақа миқдори ўзгарганда қайта ҳисобланади.

 

 

Бевосита мулоқот

 

Алоҳида ҳолат

 

Юқори турувчи ташкилотга тушунтириш беришни сўраб ёки шикоят билан мурожаат қилган ҳар бир киши айни унинг ҳолати алоҳида эътиборга молик деб ҳисоблайди. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармасининг пенсия ва нафақалар тайинланишини таҳлил ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Абдурашид Исмоилов билан айрим ана шундай ҳолатлар хусусида суҳбатлашамиз.

– Якунланиб бораётган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидаги мурожаатлар ва шикоятлар сон жиҳатидан аввалги йилларнинг худди шу давридагига қараганда фарқланадими?

– Фикримча, фарқланади. Йилнинг биринчи ярмида аҳолидан саволлар айниқса кўп келиб тушди. Бу бевосита шахсий қабулларга ҳам, ёзма шикоятларга ҳам тегишли. Шу ўринда айтиш жоизки, уларнинг ҳаммасида муайян масала кўтарилган деб ҳам бўлмайди. Бироқ ҳар битта мурожаатга жавоб бериш бурчимиз.

 

– Таҳририятимизга стажни тасдиқлаш юзасидан кўп савол келиб тушади. Бу масалалар амалиётда қандай ҳал этилмоқда? Ишлаб топилган стажни йўқотмасликнинг имкони борми? Одатда, иш даврлари иш ҳақи, суғурта бадаллари тўланганлиги ҳақидаги маълумотномалар ва бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак, бироқ маълумотларни ҳар доим ҳам архивдан топиб бўлмайди.

– Афсуски, кўпгина кичик ва хусусий корхоналар, бошқа ташкилотлар турли сабабларга кўра (масъулиятсизлик, фавқулодда ҳолат) уларда ишлаган шахслар тўғрисидаги маълумотларни архивга топширмаганлар. Тегишинча, уларга пенсияни ҳисоблаб чиқариш чоғида архив ҳужжатлари билан тасдиқланмаган стажнинг бир қисми тушиб қолади. Бундай ҳолларда ариза билан судга мурожаат қилиш зарур (252-сон Низомнинг 56, 58, 74-бандлари). Стажнинг алоҳида даврларини Пенсия жамғармаси комиссияси ҳисобга қабул қилмаганлиги тўғрисидаги қарори бунга асос бўлади. Аксарият ҳолларда суд ижобий қарор чиқариб, стаж ҳисобга олинади.

Кўпчилик хорижда ишлаб, ушбу даврларда суғурта бадалларини тўламаганлиги учун ўз вақтида стаж йўқотган. Ҳозир ана шундай имконият берилди. 2016 йилдан бошлаб Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда суғурта бадаллари тўлаш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси кенгайтирилди. Улар чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахслар, солиқ агенти ҳисобланмаган иш берувчидан даромад олувчи ходимлар, шунингдек деҳқон хўжалиги аъзоларидир.

Низомда (ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова) белгиланган тартибга биноан суғурта бадаллари тўланади. Кетиш олдидан зарур ҳужжатларни расмийлаштириш учун яшаш жойидаги ПЖ бўлими ва ДСИга мурожаат қилишни тавсия этаман. Ана шунда ватанга қайтгандан кейин 3 ой давомида бадаллар – ишланган ҳар ой учун 1 ЭКИҲ тўлаши мумкин бўлади.

Дарвоқе, якка тартибдаги тадбиркорлар суғурта бадалларини тўлаши масалалари юзасидан бизга мурожаатлар келиб тушган. Кишилар 1 ЭКИҲдан ортиқ тўлаш мумкин эмас деган фикрда бўлганлар. Аксинча, тўлов суммаси чекланмайди. Пенсия миқдори Пенсия жамғармасига ушбу суғурта бадаллари ва иш стажи давомийлигига боғлиқ бўлади. Бадаллар қанча кўп бўлса, пенсия ҳам кўпаяверади.

 

– Стажни тасдиқлаш билан боғлиқ муаммолар пенсия ҳисоблаб чиқарилишида акс этмоқда. Ушбу мавзу юзасидан саволлар пенсионерлар энг кўп берадиган саволлар сирасига кирадими?

– Ҳа, албатта. «Бировнинг» пенсияси доим адолатсиз даражада юқоридек туюлади. Бир қолипга солиш мумкин бўлган шикоятлар кўп – «қўшнимнинг пенсияси кўпроқ, ваҳоланки, стажимиз ҳам, маошимиз ҳам бир хил эди...».

Табиийки, пенсия ҳақидаги маълумотларни учинчи шахсларга ошкор қилишга ҳақли эмасмиз. Шу сабабли фақат ариза берувчининг пенсия иши юзасидан тушунтириш берамиз.

Пенсия миқдорига нафақат стаж, иш ҳақи, балки ҳақ тўланмайдиган таътилларда бўлганлик, касаллик сабабли ишга чиқмаганлик ҳам таъсир кўрсатади. Масалан, 2008 йилгача касаллик даврида суғурта бадаллари тўланмаган. Бу даврлар стажга қўшилмайди. Меҳнат дафтарчасида бу ҳақдаги маълумотлар кўрсатилмайди. Шу сабабли меҳнат фаолиятининг барча ҳолатларини аниқлаш мақсадида тасдиқловчи маълумотномалар талаб этилади.

Пенсия миқдори тўғри ҳисобланганлигини яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимларида ҳам текшириш мумкин. Унинг ходимлари пенсиялар тайинлаш масалалари юзасидан тушунтириш ва маълумотлар беришлари, шунингдек зарур ҳужжатларни олишда кўмаклашишлари шарт («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 43-моддаси 6-қисми).  

Шуниси қизиқки, кишилар саволлар, муаммолар билан мурожаат қилибгина қолмай, балки ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга доир қўшимчаларни ҳам таклиф қиладилар. Уларнинг ҳар бири қонун чиқарувчилар эътиборига етказилади.

Масалан, нафақат меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар (Қонуннинг 42-моддаси), балки Қонуннинг 37-моддасидан келиб чиқилса, суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотномалар ҳам стажни тасдиқловчи далил бўлиб хизмат қилиши керак.

 

Алла Ромашко.

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

Маҳалла қарор қабул қилади

 

Уйимизда кўп болали кам таъминланган оила яшайди. Фақат отаси доимий ишда ишлайди. Улар муайян ижтимоий нафақа олишга ҳақлими?

А.Егорова.

 

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи – посёлка, қишлоқ ва овул, шунингдек шаҳарларнинг маҳаллалари фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) ёки бундай қарорларни қабул қилиш учун фуқаролар йиғини томонидан ваколат берилган комиссия томонидан қабул қилинади.

Қуйидагилар ушбу нафақа ва моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эга:

√ ота-онасининг иккисини ҳам йўқотган, болалар тарбияси билан эса қариндошлар шуғулланаётган оилалар;

√ ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар;

√ 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёллар (бева эрлар);

√ ногирон боласи (болалари) бўлган оилалар;

√ болани (болаларни) тўлиқ бўлмаган оилада тарбиялаётган оналар (оталар). Бунда боланинг амалда тўлиқ бўлмаган оилада она (ота) томонидан тарбияланишини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи белгилайди;

ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш марказларида ҳисобда турган оилалар;

√ ёлғиз пенсионерлар.

Болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа эса – 12 ойга тайинланади, бироқ бола 2 ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги керак (Низом, ВМнинг 15.02.2013 йилдаги 44-сон қарорига 1-илова).

 

Маълумот учун!

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун ИШ ҲАҚИГА қонун ҳужжатларига мувофиқ СУҒУРТА БАДАЛЛАРИ ҲИСОБЛАНАДИГАН меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча ДАРОМАДЛАР киритилади.

 

 

P.S.

 

Ўзингизни текширинг

 

Газетамизнинг қанчалик зийрак ўқувчиси эканлигингизни текшириб кўрадиган вақт келди. Мабодо ниманидир эслолмай қолсангиз, хижолат бўлманг. «Норма маслаҳатчи»ни очиб, билимларингизни такрорлаб олишга доимо имкон бор. Омад ёр бўлсин!

 

1. Болаликдан ногиронлик бўйича нафақани олиш учун қачондан мурожаат қилса бўлади?

а   Ногирон фарзанд туғилган заҳотиёқ.

б   Ногирон фарзанд 8 ёшга етгач.

в   Ногирон фарзанд 3 ёшга етгач.

 

2. Ишлайдиган пенсионерларга суғурта бадаллари қайтариб бериладими?

а   Ҳа, пенсия тайинлангандан кейин ишлайдиган ҳар бир пенсионернинг ШЖБПҲга зарур тўловлар ўтказиб берилади.

б   Суғурта бадаллари ундирилмайди.

в   Ишлайдиган пенсионерлар суғурта бадалларини қонун ҳужжатларига биноан тўлайдилар.

 

3. Пенсияни ҳисоблашда болалар парваришининг қайси даври стажга киритилади?

а   Ҳар бола 3 ёшга тўлгунга қадар уларни парваришлаш бўйича таътилда бўлинган вақт.

б   Фақат бир боласи 3 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш бўйича таътилда бўлинган вақт.

в   Бир боласи 3 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш бўйича таътилда бўлинган вақт, лекин умумий ҳисобда 3 йилдан ошмаган давр.

 

4. Олинмаган пенсия қайси давр учун тўланади?

а   6 ой учун.

б   12 ойдан кўп булмаган давр учун.

в   3 йил учун.

 

 

5. Ишлайдиган пенсионерга иш жойи бўйича пенсия тўлаш учун нима асос бўлади?

а   Меҳнат дафтарчасидаги ёзувдан нусха.

б   Пенсионернинг аризаси.

в   Ф-25 топшириқномаси.

 

 

6. Собиқ СССР ҳудудида эга бўлинган меҳнат стажи қайси давр учун ҳисобга олинади?

а   Стаж 1993 йилнинг 13 мартигача ҳисобга олинади.

б   Меҳнат дафтарчаси ва архив маълумотномаларидаги ёзувлар билан тасдиқланган ҳар қандай стаж ҳисобга олинади.

в   Йўқ, ҳисобга олинмайди.

 

 

Тўғри жавоблар: 1а, 2в, 3в, 4б, 5в, 6а.

 

Натижалар

 

Ҳар бир тўғри жавоб учун – 1 балл.

 

Сизнинг натижангиз:

 

6 балл – аъло даражали натижа. Сиз пенсия таъминоти масалаларини яхши тушунасиз.

3-5 баллар – кўп нарсани билар экансиз. Билимларингиз янада юқори бўлиши учун «Норма маслаҳатчи»ни ўқинг ва ҳуқуқ соҳасидаги янгиликлардан доимо бохабар бўлиб туринг.

1-2 баллар – афсус, сиз жуда кам билимга эгасиз. Эсдан чиқарманг, билим – куч демак. Куч-қувват айниқса пенсия ёшида сизга асқотиб қолади. «Норма маслаҳатчи» билан бирга бўлишга ҳаракат қилинг, шунда яхши натижани қўлга киритасиз.

 

Диққат! Ушбу саволларга батафсил жавоблар «Норма маслаҳатчи» газетасининг 15.08.2017 йилдаги 33 (630), 19.09.2017 йилдаги 38 (635) ва 17.10.2017 йилдаги 42 (639)-сонларида чоп этилган.

 

Мавзувий сонни мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 1706 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика