Ошпаз пенсияга чиқди. Мазкур корхонадаги умумий иш стажи 13 йилни ташкил этади. Унинг таъкидлашича, ишлаган ҳар бир йили учун компенсация олиши лозим. Аслида корхона унга фойдаланилмаган таътил учун компенсация, кўп йил ишлаганлиги учун қўшимча ҳақ, шунингдек ишдан бўшатиш чоғида тўланадиган нафақани тўлади.
Корхона ушбу ходимга яна қандай компенсация ёки қўшимча ҳақ тўлаши керак?
М.Саидаҳмедова.
– Меҳнат шартномаси МКнинг 100-моддаси 2-қисми 7-бандига кўра ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан бекор қилинаётганда унга қуйидагилар тўланади:
► барча иш кунлари, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинган кун учун иш ҳақи (МКнинг 110-моддаси);
► фойдаланилмаган йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсация (МКнинг 151-моддаси 1-қисми) – улар мавжуд бўлганда;
► огоҳлантириш муддати ўрнига 2 ой учун компенсация – ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан (МКнинг 102-моддаси 2-қисми);
► ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси (МКнинг 109-моддаси);
► ходим меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан унга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловлар.
Ходимнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тўловларга қўшимча суммаларни тўлаш ҳақидаги талаби фақат битта шарт билан қаноатлантирилади. Улар корхонадаги жамоа келишуви, жамоа шартномаси, бошқа локал ҳужжат ёхуд ходим билан тузилган меҳнат шартномасида назарда тутилган бўлиши керак.
Шу тариқа, меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда моддий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча кафолатлари масаласини аниқлаштириш учун корхонанинг локал ҳужжатлари билан танишиб чиқиш зарур.
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» етакчи эксперти.