Корхона ходими билан тузилган меҳнат шартномаси унинг ташаббусига кўра бекор қилинмоқда. У иш вақтида 4 турдаги таътилдан фойдаланган: йиллик асосий таътил – 15 иш куни (МКнинг 134-моддаси); қўшимча таътил – меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган иш учун бериладиган 12 иш куни (МКнинг 137-моддаси); қўшимча (ижтимоий) таътил – 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бор аёл сифатида 3 кун (МКнинг 232-моддаси); бир марталик таътил – корхонада 15 йилдан ортиқ ишлаган меҳнат фахрийси сифатида 1 кун (ушбу имтиёз тармоқ келишуви ва жамоа шартномасида назарда тутилган).
Меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда қандай таътиллар учун компенсация тўлашимиз керак?
А.Сагдеева.
– Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт (МКнинг 108, 110-моддалари). Агар меҳнат шартномаси бекор қилинган пайтга келиб ходим жорий иш йили учун ёки бир неча йил учун йиллик меҳнат таътилларидан фойдаланмаган бўлса, унга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади (МКнинг 151, 275-моддалари). Бунда меҳнат шартномасини бекор қилиш сабаби аҳамиятга эга бўлмайди.
Умумий қоидага кўра йиллик асосий таътиллар – 15 иш кунидан ортиқча қўшимча таътиллар берилади (МКнинг 134-моддаси). Яъни йиллик ҳақ тўланадиган таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар асосий йиллик таътилга қўшилади (МКнинг 140-моддаси).
Қўшимча таътил – айрим ходимларга белгиланган асосий таътилдан ташқари бериладиган меҳнат таътили тури. Уни бериш муддати ва тартиби меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасининг шартларида белгиланади (МКнинг 136-моддаси).
Шу тариқа, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади (МКнинг 151-моддаси 1-қисми, 275-моддаси 2-қисми).
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» етакчи эксперти.