Ходимимизнинг меҳнат дафтарчаси саҳифалари тугаб қолди, унга навбатдаги ёзувни қайд этиш керак. Меҳнат дафтарчасига қўшимча варақ олиш учун хат билан меҳнат биржасига мурожаат қилдим. Менга айни пайтда қўшимча варақ йўқ, янги меҳнат дафтарчасини олиб, биринчи варағини йиртиб олиш, иккинчи варағида эса «Қўшимча варақ» деб ёзиб, келгусида фойдаланиш керак дея ёзма жавоб бердилар.
Меҳнат дафтарчаси тўлганда ундаги ёзувларни қўшимча варақда эмас, балки янги меҳнат дафтарчасида давом эттириш тўғрими?
Т.Хмирова.
– Йўқ, бу ҳуқуққа зид.
Қонун ҳужжатларида қўшимча варақ бланкасини меҳнат дафтарчаси бланкаси билан алмаштириш назарда тутилмаган. Қўшимча варақни расмийлаштириш ва ҳисобга олишда Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқномага (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган) амал қилиш зарур.
Меҳнат дафтарчасининг тегишли бўлимларидаги ҳамма бетлари тўлиб қолган тақдирда унга келгусида ёзувларни қайд этиш учун қўшимча варақлар юргизилади (Йўриқноманинг II бўлими 5-банди).
Амалиётда эса кўпгина ташкилотлар бандликка кўмаклашиш марказлари ҳар доим ҳам уларни қўшимча варақлар билан ўз вақтида таъминламасликлари сабабли меҳнат дафтарчалари бланкаларини юритишга мажбур бўладилар.
Сабаби меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини бериши шарт (МКнинг 108, 275-моддалари).
Бироқ меҳнат дафтарчаси қатъий ҳисобдаги ҳужжат ҳисобланиши, уни нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш ЖКнинг 227-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка олиб келишини назарда тутиш лозим.
Шу сабабли иш берувчилар ишга қабул қилиш чоғида ходимнинг меҳнат дафтарчаси тўлганлигига эътибор қаратишлари ва унга қўшимча варақ олиш учун олдиндан буюртманома беришлари даркор.
Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.