Компаниямизда қушларни кузатиш учун 2–3 ва ундан ортиқ кунга саҳрога хизмат сафарига чиқадиган экологлар бор. У ерда керакли жойга келган ва кетганларини хизмат сафари варағида белгилайдиган ҳеч ким йўқ.
Агар хизмат сафари варағида келган ва кетганликни тасдиқловчи одам бўлмаса, хизмат сафарини ҳужжатларда қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин?
Ж.Латипов.
– Саволда кўрсатилган фаолият турини ходимларга дала устамасини тўлаган ҳолда дала шароитларидаги иш сифатида расмийлаштирган маъқул. Уни тўлаш тартиби Дала шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга дала устамаси тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 2.07.2012 йилдаги 190-сон қарори билан тасдиқланган) билан белгиланган.
Ўз ходимларига дала устамаси тўлаш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар рўйхати мансублиги бўйича вазирликлар ва идоралар томонидан, вазирликлар ва идоралар таркибига кирмайдиган ташкилотлар (корхоналар) томонидан эса – мустақил равишда (Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда) тасдиқланади.
Ходимлар дала ишларига юборилиши ҳақида ташкилот бўйича буйруқ чиқарилади. Дала ишларига юборилаётган ходимларга одатда режа-топшириқ берилади, улар унинг бажарилгани ҳақида ҳисобот беришлари керак. Бунда дала устамасининг сарфланган суммалари ҳақида ҳисобот талаб этилмайди.
Ишлар бажариладиган жойгача (саҳродаги) транспортда кузатишга келсак, уни корхона ҳисобига расмийлаштириш зарур (Солиқ кодексининг 145-моддаси 1-банди).
Агар транспорт кузатувини чет транспорт ташкилоти бажараётган бўлса, ҳаммаси – йўналиш варағи, ҳисобварақ-фактура, бажарилган ишлар далолатномаси шартномага кўра расмийлаштирилади.
Агар корхона ўз транспортига эга бўлса, бу ҳолда дала ишларига юбориш тўғрисидаги буйруққа ҳайдовчини ҳам киритиш зарур.
Ходимлар дала ишларига ўз транспортида чиққанда улар билан компенсация тўлаган ҳолда шахсий автомобилларидан хизмат мақсадларида фойдаланиш шартномасини тузиш лозим.
Агар ташкилотда бундай сафарлар хизмат сафарлари сифатида расмийлаштирилса, барча ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 29.08.2003 йилда 1268-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ расмийлаштириш лозим.
Ходим ташкилотга эмас, балки режа-топшириқ ва хизмат сафари гувоҳномасига кўра муайян туман (вилоят), қўриқхона ҳудудига хизмат сафарига юборилганлиги сабабли келган ва кетганлиги ҳақидаги белгини туман (вилоят), қўриқхона маъмуриятида қайд этиш мумкин. Бундай тартиб ҳам ташкилотнинг локал ҳужжатлари ва ҳисоб сиёсатида мустаҳкамлаб қўйилган бўлиши керак.
Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими,
Наталья Гришутина, «Norma Online» эксперти.