Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 26 / Сизнинг ҳуқуқингиз

Хусусий мулк ҳуқуқида

 

Мен ва фарзандларим отамдан мерос қолган ва бузилиши керак бўлган уйда пропискадан ўтганмиз.

1. Биз пропискадан ўтган, бироқ мулкдори ҳисобланмаган мерос қолган уй бузилганда бизга бошқа турар жой бериладими?

2. Мулкимда онамнинг вафотидан кейин сотиб олган яна битта квартирам борлиги бунга тўсқинлик қилмайдими?

О.Горбунова.

 

 

1

Ҳа, берилади.

Ер участкалари давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда, мазкур фуқароларга, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга уларнинг танлови бўйича, уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги, барча қулайликлари бўлган, аввалгисига тенг қимматли бошқа турар жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўланади (УЖКнинг 27-моддаси).

Бундан ташқари, уй эгаси ва унинг оила аъзолари компенсациянинг бошқа турларини ҳам танлаш ҳуқуқига эга:

1) бузилаётган уй (квартира), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлиқ ҳажмда тўланиши;

2) якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси олиш, шунингдек ер участкасини ўзлаштириш даврига 3 йилгача муддат билан ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой олиб, бузилаётган уйларнинг (квартираларнинг), иморатларнинг, иншоотларнинг ва кўчириб ташланган дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бозор қийматлари ўртасидаги фарқлар тўлиқ ҳажмда қопланиши;

3) бузилиши лозим бўлган уйлар, иморатлар ҳамда иншоотлар кўчирилиши ва янги жойда тикланиши;

4) янги жойда тенг қимматли уйлар, иморатлар барпо этилиши ҳамда уларга мулк қилиб берилиши. Бунда кўчириб ташланаётган дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда берилаётган ва олиб қўйилаётган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бозор қийматлари ўртасидаги фарқ пул билан тўлиқ ҳажмда қопланади (УЖКнинг 27, 28, 30, 31-моддалари).

Турар жой олиш учун бузилаётган уй (квартира) эгаси бўлажак бузиш тўғрисида билдиришнома олингандан кейин (бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай) бир ой муддатда оила аъзолари ёки бошқа биргаликда яшайдиган (рўйхатдан ўтган) шахслар билан келишган ҳолда тегишли туман (шаҳар) ҳокимлигига ўзига бузилган уй-жой ўрнига турар жой ажратиш тўғрисида ариза бериши керак, аризада оила таркиби, доимий яшайдиганлар сони, турар жой майдонининг ижтимоий нормасидан ортиқча қўшимча уй-жой майдони олиш учун имтиёзлар кўрсатилади (ВМнинг 29.05.2006 йилдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 4, 16-бандлари).

Кўрилаётган вазиятда юқоридаги нормага мувофиқ уй бузилиши муносабати билан компенсацияга бўлган ҳуқуқини талаб қила оладиган мулкдор мавжуд эмаслиги боис келгусида компенсация билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш мақсадида кўчмас мулк объектига мерос ва мулк ҳуқуқини расмийлаштириш масалаларини ҳал этишингизни қатъий тавсия этамиз.

 

2

Йўқ, тўсқинлик қилмайди.

Уйлар, квартиралар, уйнинг бир қисми, квартиранинг бир қисмига бўлган хусусий мулк миқдор, ўлчам ва қиймат жиҳатдан чекланмайди (УЖКнинг 11-моддаси 4-қисми).

Бузилаётган уй ёки квартира мулкдорининг мулкида бошқа турар жой бўлиши унинг оила аъзосини ёки унда доимий яшаётган бошқа шахсларни у ёки бу турдаги компенсацияни олиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

 

* * *

Қонун ҳужжатлари мазкур масалаларда мулкдор – жисмоний шахсдан кўра мулкдор – юридик шахс манфаатларини кўпроқ даражада ҳимоя қилади.

Мисол учун, юридик шахсга тегишли бўлган уй, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар ва иншоотлар компенсация тури, тўлов миқдори ва муддати у билан келишилгандан кейин бузилиши ёки кўчирилиши мумкин (97-сон Низомнинг 30, 37-бандлари).

Ушбу норма давлат томонидан кафолатланган барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза этилиши принципига мувофиқ эмас (Конституциянинг ­53-моддаси; «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси 2-қисми). Юридик шахсларни адолатли равишда юқоридаги ҳуқуқ билан таъминлаган ҳолда мазкур норма мулкдорлар – жисмоний шахсларни ундан асоссиз маҳрум қилади.

Конституция нормаларига бундай номувофиқликка йўл қўйиб бўлмайди, мазкур масалада кўчмас мулк мулкдорларининг иккала тоифаси – юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини тенглаштириш йўли билан бартараф этишни талаб қилади.

Шу мақсадда юқоридаги нормаларга тузатиш киритишни таклиф этамиз, уларда жисмоний шахсга тегишли бўлган кўчмас мулк фақат компенсация тури, тўлов миқдори ва муддати унинг мулкдори билан келишилгандан кейин бузилиши ёки кўчирилиши мумкинлигини назарда тутиш лозим.

 

Маҳкам Воҳидов,

юридик фанлар номзоди,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1764 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика