Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларни тергов қилиш кўпинча қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Агар жиноят содир этилган бўлса, ғайриҳуқуқий ҳаракатнинг тўлиқ манзарасини акс эттириш учун ҳар доим ҳам молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш далолатномалари етарли бўлавермайди. Кўп ҳолларда дастлабки тергов органлари суд-иқтисодий экспертизаларни ўтказиш ташаббускори бўладилар. Бундай тадқиқотлардан мақсад – судда кўрилаётган иш бўйича далилларни талаб қиладиган ҳолатларни аниқлаш, бунинг устига экспертизани ўтказиш пайтида эксперт унинг олдига қўйилмаган, бироқ ишга алоқаси бўлган масалаларни ёритиши мумкин.
Автотранспортда йўловчилар ташишни ташкил этиш бўйича тендер ўтказиш учун масъул бўлган мансабдор шахсга нисбатан очилган жиноят иши бунга кўргазмали мисол бўла олади. Юз берган воқеага ойдинлик киритиш учун прокуратура суд-иқтисодий экспертизани тайинлади.
Ҳуқуқни бузган ҳолда расмийлаштирилган
Мутахассислар кўриб чиқиши керак бўлган биринчи масала:
2013 йилда ва 2014 йилнинг биринчи чорагида тендер танловларини ўтказиш чоғида Шаҳар атрофида, шаҳарлараро (вилоятлар ичида, вилоятлараро) ва халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги низом1 талабларига риоя этилганми, ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилганми?
Ушбу саволга жавоб бериш учун экспертлар туман ҳокимининг Йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссиясининг аввалги таркибини бекор қилиш ва янги таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорлари ксеронусхаларини талаб қилиб олдилар. Уларга 2013–2014 йилларда ўтказилган тендер танловлари якунлари бўйича Комиссия йиғилишларининг унинг аъзолари фамилиялари кўрсатилиб, имзолари билан тасдиқланган баённомалари ҳам тақдим этилди. Тендер комиссияси аъзоларининг тасдиқланган рўйхатлари йиғилишлар баённомаларидаги Комиссия таркибларида кўрсатилган шахслар рўйхати билан солиштирилганда номувофиқликлар аниқланди. Бу эса Шаҳар атрофи ва шаҳарлараро – вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссияси тўғрисидаги намунавий низом2 билан белгиланган талабларни бузишдир.
Тадқиқот ўтказиш учун тақдим этилган «АVТО+» газетаси тахламларини таҳлил қилиб, экспертлар Йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссияси ОАВда тендерлар ўтказиш тўғрисида эълонлар берганлигини аниқладилар. Уларнинг ҳаммаси тендер ўтказишга камида 30 кун қолганда чоп этилган, бу ҳолат Низомнинг 7-банди талабларига мувофиқ келади. Уларда тендер предмети, асосий шартлар, уни ўтказиш тартиби, вақти, жойи, шу жумладан иштирокчилар томонидан ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби кўрсатилган.
Тендерда иштирок этиш учун одатда тўлдирилиши зарур бланкалар кўринишидаги ҳужжатлар пакети солинган конверт, шунингдек тендерда иштирок этиш учун тўплаш ва рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиш керак бўлган ҳужжатлар рўйхати берилади. Экспертизага берилган, тендер ҳужжатлари солинган конвертларни таҳлил қилиб, экспертлар баъзи ҳолларда бланкалар лозим тарзда тўлдирилмаганлигини, бошқаларида эса Низомда назарда тутилган тендер ҳужжатларининг зарур пакети тўлиқ шакллантирилмаганлигини аниқладилар.
Чунончи, айрим таклифларда иштирокчи тўғрисидаги маълумотлар шакллари, ташишни амалга ошириш ҳуқуқига лицензия, ташиш учун таклиф қилинаётган автомобилларга лицензия карточкалари ва ҳатто транспорт воситаларининг техник паспортлари ва техник кўрикдан ўтказилганлиги далолатномалари йўқ эди. Ахир, ҳар бир транспорт воситаси якка тартибда кўрикдан ўтказилиб, ижобий хулоса берилган, йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳудудий бошқармаси муҳри билан тасдиқланган белгиланган намунадаги далолатноманинг мавжудлиги танлов иштирокчилари учун мажбурий шарт ҳисобланади.
Ҳужжатларни тадқиқ қилганда экспертлар Низом талабларига номувофиқликнинг яна 2 ҳолатини аниқладилар. Тендер таклифлари пакетларининг бирида 2 та турли ташкилот тақдим этилган, уларнинг иштирокчи тўғрисидаги маълумотларида эса битта рақамли биргина машина кўрсатилган. Бошқасида эса – тендер ўтказиш пайтида лицензия карточкаларининг амал қилиши тугаган эди. Шу тариқа, тадқиқ этиш учун тақдим этилган тендер ҳужжатларида камчилик ва ҳуқуқбузарликлар аниқланган, буни экспертлар ўз хулосаларида батафсил кўрсатдилар.
Тендерда ютиб чиқилди. Истеъмолчи эса – ютқазди...
Ойдинлаштиришни талаб қиладиган иккинчи масала:
Тендер иштирокчилари томонидан Низом талабларига мувофиқ тақдим этилган тендер ҳужжатлари пакетлари тўлиқ шакллантирилганми?
Вазиятни ўрганиб, экспертлар яна Низом талабларидан четга чиқилганини аниқладилар. Чунончи, Низомнинг 15-бандида танлов таклифларига қандай кўрсаткичлар ва ахборот киритилиши кераклиги санаб ўтилган. Бунинг устига, «тендер таклифларининг барча бандлари бўйича иштирокчи тўлиқ ва батафсил ахборот тақдим этиши шартлиги» алоҳида қайд этилган, бу эса воқеликка мувофиқ эмас эди.
Тушунтиришни талаб этувчи учинчи масала:
Тендер ўтказиш пайтида тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган ҳақиқатдаги маълумотларни (йўловчиларни автотранспортда ташишга лицензия, транспорт воситаси кўрикдан ўтказилганлиги далолатномаси ва давлат автомобиль рақамлари қонуний берилганлигини) текшириш керакми? Ушбу маълумотларнинг тўғрилиги учун ким жавоб беради?
Экспертлар ҳужжатларда кўрсатилган ҳақиқатдаги материалларнинг Комиссия томонидан текширилиши зарурлиги ёки мажбурийлигини белгилаш, шунингдек ушбу маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгар шахсларни аниқлаш ҳам уларнинг ваколатларига кирмаслиги хусусида якдил фикрга келдилар. Бундай текшириш Низомда ҳам назарда тутилмаган.
Ва ниҳоят, қуйидаги саволга жавоб бериш керак эди:
Тендер ҳужжатлари таркибида тендерда иштирок этиш учун таклиф этилаётган автомашиналар эгалари билан уларнинг ижарачилари ўртасида тузилган ижара шартномаларини тақдим этиш лозимми?
Ушбу масала бўйича экспертлар қуйидагиларни таъкидладилар. Низомга кўра лицензия тақдим этиш талаб қилинади. Бунда тендер ўтказиш чоғида таклиф этилаётган автомашиналар эгалари билан уларни ижарага олган шахслар ўртасида тузилган ижара шартномасини тақдим этиш назарда тутилмаган. Низомнинг мазкур меъёридан ижара шартномасисиз лицензия карточкаларининг берилмаслиги келиб чиқади. Бинобарин, лицензия карточкасининг берилиши автомашинага доир ижара шартномасининг мавжудлигини тасдиқлайди.
Мазкур тендер йўловчи йўналишларида кишиларни ташиш ҳуқуқини олиш мақсадида ўтказилган. Экспертларнинг хулосаси қандай ҳуқуқбузарликлар тендер танловида ютиб чиқиш имкониятидан маҳрум этишини кўрсатди. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган талабларга риоя этмаслик нафақат автотранспортнинг шикастланиши, балки, янада даҳшатлиси, кишиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавф остига қўйилишига олиб келади. Кўрсатилган ҳолатда жиноят иши очилди. Унинг қандай якун топиши – суднинг ҳуқуқи ва иқтисодчи экспертнинг ваколатига кирмайди. Фақат ноқонуний равишда тендерда «ютиб чиққан» компаниялар мазкур хизмат турини кўрсатиш ҳуқуқини бой берганликларини тахмин қилиш мумкин. Яширин иш эртами-кечми фош бўлади, суд экспертлари бундай сирларни очишда сезиларли роль ўйнайдилар.
Эльвира Медзвецкая, ЎзР Адлия вазирлиги ҳузуридаги
РСЭМ суд-иқтисодий экспертиза бўлимининг етакчи эксперти.
1Вазирлар Маҳкамасининг 29.07.1999 йилдаги 368-сон қарорига 2-илова.
2368-сон ВМҚга 3-илова.