Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 33 / Хўжалик юритиш қоидалари

Шартномага кўра амал қилинг

 

Инвестиция активлари (қимматли қоғозлар) эгаси 3 йилдан ортиқ вақтдан буён йўқ. Инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси Фуқаролик кодексининг 826-моддасига амал қилиб, бегона шахснинг манфаатларини кўзлаб (хусусан, кўрсатилган вазиятдаги шахснинг манфаатларини кўзлаб), унинг топшириғисиз (шартномасиз) ҳаракат қилишга ҳақлими?

Ш.Мирзахонов,

директор ўринбосари.

 

 

– Йўқ, ҳақли эмас. Инвестиция активлари ёки бошқа мулкни фақат тузилган шартномага асосан ишончли бошқариш мумкин.

Мол-мулкни ишончли бошқариш билан боғлиқ муносабатлар, Фуқаролик кодексининг айрим умумий нормаларидан ташқари, ФКнинг 49-боби билан тартибга солинади. Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси бўйича бир тараф (бошқарувнинг муассиси) иккинчи тарафга (ишончли бошқарувчига) мол-мулкини муайян муддатга ишончли бошқарувга топширади, иккинчи тараф эса ушбу мол-мулкни бошқарувнинг муассиси ёки у кўрсатган шахс (фойда олувчи) манфаатларини кўзлаб бошқариш мажбуриятини олади (ФКнинг 849-моддаси 1-қисми).

Ишончли бошқарувчи қонунда ва мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасида назарда тутилган доирада ишончли бошқаришга топширилган мол-мулкка нисбатан мулкдор ҳуқуқларини амалга оширади (ФКнинг 857-моддаси 1-қисми).

Инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиларига қўйиладиган асосий талаблар ва улар томонидан инвестиция активларини ишончли бошқариш амалга оширилиши Инвестиция активларининг ишончли бошқарувчилари тўғрисида низом (ВМнинг 19.04.2003 йилдаги 189-сон қарорига 3-илова) билан белгиланган.

Қонунда ва ишончли бошқарув шартномасида назарда тутилган доирада, ўз бошқарувига инвестиция активларини қабул қилган инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси уларга нисбатан мулкдорнинг барча ваколатларини амалга оширади (Низомнинг 10-банди), шу жумладан:

ўз тасарруфидаги тасдиқланган инвестиция активлари бўйича барча ҳуқуқларни мустақил равишда ва ўз номидан амалга оширади (акциялар, улушлар, пайлар) бўйича дивидендлар олиш ва облигациялар бўйича даромад олиш ҳуқуқи, хўжалик жамияти акциядори (қатнашчиси)нинг шахсий номулкий ҳуқуқлари, қимматли қоғозни қайтаришга тўловни талаб қилиш ҳуқуқи ва шу кабилар);

ўз тасарруфида бўлган инвестиция активларига нисбатан барча ҳуқуқларни мустақил равишда ва ўз номидан амалга оширади (қимматли қоғозларни ўзгага бериш, гаровга қўйиш, қимматли қоғозлар билан ҳар қандай битишувларни ёки амалий хатти-ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқи).

ФКнинг 826-моддасида бегона шахснинг манфаатини кўзлаб ҳаракат қилиш шартлари назарда тутилган. Унинг 1-қисмида айтилишича, манфаатдор шахсга ёки унинг мол-мулкига зарар етказилишининг олдини олиш, унинг мажбуриятларини бажариш ёки унинг қонунга зид бўлмаган бошқа манфаатларини кўзлаб, унинг топшириғисиз, бошқа кўрсатмасисиз ёки олдиндан ваъда берилган розилигисиз қилинган ҳаракатлар (бегона шахснинг манфаатини кўзлаб қилинган ҳаракатлар) очиқ кўриниб турган манфаат ёки фойдадан ҳамда манфаатдор шахснинг ҳақиқий ёки эҳтимол тутилган ниятларидан келиб чиқиб ҳамда ишнинг ҳолатларига кўра зарур ғамхўрлик ва эҳтиёткорлик билан қилинмоғи керак.

Шу тариқа, бегона шахснинг манфаатларини кўзлаб, унинг топшириғисиз қилинган ҳаракатлар шартномадан ташқари мажбуриятлар (шартномадан ташқари муносабатлар) сирасига киради.

Бинобарин, муассис билан инвестиция активларини (қимматли қоғозларни) ишончли бошқариш шартномасини тузган ишончли бошқарувчи бегона шахснинг манфаатларини кўзлаб, унинг топшириғисиз қилинадиган ҳаракатларни назарда тутувчи ФКнинг 826-моддаси ва унинг 47-бобидаги бошқа қоидаларга амал қилмаслиги керак.

 

Камол Музаффаров,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1973 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика