Norma.uz

Сертификат ва кафолат: муддатлар мос келганда

 

Корхонамиз Россияда ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни сотиш учун импорт қилди. Ишлаб чиқарувчи завод тасдиқлаган кафолат муддати 3 йилни ташкил этиб, унинг муддати ҳали ўтмаган бўлса ҳам, уларга 1 йил амал қилиш муддатига эга бўлган ЎзР мувофиқлик сертификатини олдик. «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги ЎзР Қонуни талабларига кўра, сертификатнинг амал қилиш муддати ўтганда тадбиркорларга турли тижорат хатти-ҳаракатларини амалга ошириш (реклама қилиш, сотиш, қайта расмийлаштириш, ўзганинг фойдасига воз кечиш ва ҳ.к.) тақиқланади. Сертификатлаштириш органлари ўз идоравий ҳужжатларига, яъни ЎзР Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилмаган O’zDSt 973:2012 ЎзР ММС стандартига ҳавола қилиб, илгари берилган мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддатини узайтиришдан бош тортмоқдалар. Сертификатлаштириш органлари фаолиятини тартибга солувчи барча қонун ҳужжатларига биноан, четдан олиб келинаётган маҳсулотларга мувофиқлик сертификати уларнинг яроқлилик муддатига (кафолатли муддатига), яроқлилик муддати (кафолатли муддати)  бўлмаган маҳсулотларга – амал қилиш муддатини кўрсатмасдан, кўплаб ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун – 3 йилга берилишига қарамай, шундай қиляптилар.

Маҳсулот ҳали сотилмаган бўлса, сертификатлаштириш органлари амалдаги қонун ҳужжатларига кўра мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддатини узайтиришга мажбурмилар?

А.Саратикова,

бош бухгалтер.

 

– Сизнинг ҳолатда сертификатлаштириш органлари сизга 1 йиллик амал қилиш муддатига эга бўлган мувофиқлик сертификатини тақдим этиб, қонунга зид иш қилганлар.

Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 6.07.2004 йилдаги 318-сон қарорига 1-илова) 26-бандига мувофиқ, четдан олиб келинаётган маҳсулотларга мувофиқлик сертификати уларнинг яроқлилик муддатига (маҳсулот яроқлилигининг кафолатли муддатига), яроқлилик муддатига (маҳсулот яроқлилигининг кафолатли муддатига) эга бўлмаган маҳсулотларга эса – амал қилиш муддати кўрсатилмасдан, кўплаб ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун – 3 йилга берилади. Ишлаб чиқарувчи заводнинг кафолатли муддати 3 йил эканлиги эътиборга олиниб, мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати ҳам 3 йилни ташкил этиши керак эди.

«Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ, агар сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган ёки унинг амал қилиши тўхтатиб қўйилган (бекор қилинган) бўлса, мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотлар Ўзбекистон ҳудудида реализация қилиниши мумкин эмас. Афсуски, қонун ҳужжатларида мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш тартиби назарда тутилмаган. Унинг амал қилиш муддати тугагач, ариза берувчи янги сертификат олиш учун тегишли органларга мурожаат қилиши шарт.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг ­16-моддасига биноан, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши шарт. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда, юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади. Қонуннинг юқоридаги нормасига кўра Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низом сертификатлаштириш органларининг идоравий ҳужжатларига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлади. Шу сабабли идоравий ҳужжатлар нормалари ва қоидаларидан қатъи назар, автотранспорт воситаларига мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати камида 3 йилни ташкил этиши керак.

Сизга ушбу жавобда баён этилган қонун ҳужжатлари нормаларини кўрсатган ҳолда мувофиқлик сертификатингизнинг амал қилиш муддатини 3 йилга ўзгартиришни илтимос қилиб, бевосита «Ўзстандарт» агентлигига ёзма равишда мурожаат қилишингизни тавсия этаман.

 

Тимур Мўминов,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1789 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика