Агар ходим вахта усулида 15 кун ишласа, у йиллик ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқига эга бўладими? Қандай таътил бериш керак: вахталар орасида дам олишдан фойдалангандан кейинми ёки бу даврлар бир-бирига қўшилиши мумкинми?
Г.Фаридова.
– Ходимларга 15 иш кунидан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий таътил берилади (Меҳнат кодексининг 134-моддаси). Ходим биринчи иш йили учун таътилдан иш берувчида 6 ой узлуксиз ишлагандан кейин фойдаланиши мумкин. Тарафларнинг келишувига кўра ходимга йиллик асосий таътил ундан олдинроқ ҳам берилиши мумкин (МКнинг 143-моддаси).
Вахта усулидаги ишларда банд бўлган ходимларга йиллик таътил дам олиш кунларидан (отгуллардан) фойдалангандан кейин берилади.
Таътиллар жадвалини вахта усулида ишловчиларнинг иш жадвалини ҳисобга олиб тузиш зарур.
Бунда ходимнинг йиллик таътили у ишлайдиган жамоа вахталар орасида дам оладиган кунларда тугаса, ходимга унинг розилиги билан вахта бошлангунга қадар бошқа иш ёки иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши мумкин (АВ томонидан 28.11.1998 йилда 551-сон билан рўйхатдан ўтказилган Олисда жойлашган ва ўта муҳим объектларда қурилиш-монтаж ишларини бажаришнинг вахта усули тўғрисидаги низомнинг 7.1–7.5-бандлари). Ушбу қарорларнинг ҳар бирини раҳбарият билан олдиндан келишиш зарур.
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» эксперти.