Ёшим 23 да. Мудофаа бўлими бир ойлик хизматни ўташимни талаб қиляпти. Бироқ ота-онам пенсионер. Акам бор, лекин у Россияда яшайди, келмаганига 7 йилдан ошди. Мен бир ўзим ишлайман ва оиламга ёрдам бераман. Ҳарбий мажбурият ҳақидаги мақолада агар ота-она ишга лаёқатсиз бўлиб, оилани таъминлайдиган бошқа ўғли бўлмаса, муҳлат берилиши мумкинлиги ҳақида ўқиган эдим.
В.Киселёв,
муҳандис.
– Сиз муддатли ҳарбий хизматга ёки сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш учун қонуний асосга эга эмассиз. «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ, у туман (шаҳар) чақирув комиссиясининг қарори асосида:
оилавий шароитига кўра;
саломатлигига кўра;
ўқишни давом эттириши учун берилади.
Чақирилувчиларга муддатни оилавий шароитга кўра кечиктириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
1) чақирилувчининг ота-онаси меҳнатга қобилиятсиз* бўлиб, уларни боқиши шарт бўлган меҳнатга қобилиятли вояга етган бошқа ўғли бўлмаса;
2) чақирилувчининг меҳнатга қобилиятли ёлғиз онаси ёки отаси бўлиб, уларнинг қарамоғида 16 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ фарзанди бўлгани ҳолда меҳнатга қобилиятли вояга етган бошқа ўғли бўлмаса;
3) чақирув кунида чақирилувчининг туғишган ака-укаларидан бири муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бўлса;
4) чақирилувчининг онасиз тарбияланаётган вояга етмаган бир фарзанди бўлса;
5) чақирилувчининг I ёки II гуруҳ ногирон хотини ва вояга етмаган икки ва ундан ортиқ фарзанди бўлса.
Бироқ акангиз қаерда турганлиги ҳақида 3 йил мобайнида маълумот бўлмаса, Фуқаролик кодексининг 36-моддасига мувофиқ сиз уни вафот этган деб эълон қилиши ҳақида судга мурожаат қилишингиз мумкин. Агар суд ушбу талабни қондирса, сизда муддатни кечиктириш ҳуқуқи юзага келади.
Маҳкам Воҳидов,
юридик фанлар номзоди,
«Norma Online» эксперти.
*Меҳнат кодексининг 192-моддаси 3-қисмига мувофиқ, 16 ёшдан катта шахслар, агар улар шу ёшга тўлгунга қадар ногирон бўлиб қолган бўлсалар; 60 ёшга тўлган эркаклар ва 55 ёшга тўлган аёллар; белгиланган тартибда ногирон деб топилган шахслар меҳнатга қобилиятсиз деб ҳисобланади.