Norma.uz

Бировникини сотманг

 

Ишнинг моҳияти

1-МЧЖ (сотувчи) ва ХФ (харидор) 2015 йил июлда 100 млн сўмлик ускунанинг олди-сотди шартномасини туздилар. Шартнома шартларига кўра харидор у имзоланган кундан бошлаб 3 банк куни давомида шартнома умумий суммасининг 50%ини олдиндан тўлаши, қолган қисмини эса ускуна берилган кундан (яъни 10.09.2015 йилдан) бошлаб 40 календарь кун давомида тўлаши керак эди. Сотувчи олдиндан тўлов келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни давомида ускунани бериши шарт эди. Шартномада назарда тутилган муддатда харидор 50 фоизлик олдиндан тўловни тўлади. Сотувчи ҳам 2015 йил июлда ускунани ўз вақтида топширди.

2015 йил сентябрь ойининг бошида якуний тўлов муддати келганлиги муносабати билан сотувчи харидордан қолган 50 млн сўмни ўтказишни талаб қилди. Бироқ у ҳисоб-китоб қилиш имкони йўқлигини важ қилиб, рад жавоби берди. 1-МЧЖ билан ҳисоб-китоб қилиш учун у ҳатто 2-МЧЖга ускунани бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб юборган эди. Бироқ олдиндан тўловнинг атиги 20 млн сўмини олган харидор қарзни бўлиб-бўлиб тўлашни илтимос қилди.

Харидорнинг важ-далилларига қўшилмаган сотувчи 2015 йил октябрда ускунани қайтариш, 5 млн сўм пеня, 1 432 640 сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини тўлаш даъвоси билан хўжалик судига мурожаат қилди.

Даъво предмети бўйича мустақил талабларни қўймаган учинчи шахс сифатида 2-МЧЖ ишда иштирок этишга жалб қилинди.

 

Сотувчининг позицияси

– Биз харидор билан ускунани сотиш ҳақида шартнома туздик. Харидор олдиндан тўлов сифатида умумий сумманинг фақат 50%ини тўлади. Биз ускунани ўз вақтида бердик. Шартнома шартларига кўра харидор ускунани ўз эҳтиёжлари учун сотиб олаётган, тўла ҳисоб-китоб қилмагунча уни сотишга ҳақли эмас эди. Бироқ шартнома шартларини бузган ҳолда харидор биз билан келишмасдан туриб ускунани 2-МЧЖга сотган. Фуқаролик кодексининг 424-моддасига асосан биз берилган товарнинг ҳақи тўланмаганлиги сабабли харидордан уни қайтаришни талаб қилишга ҳақлимиз. Харидор ўз вақтида ҳақ тўламаганлиги учун шартномага кўра кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,5% миқдорида, бироқ шартнома умумий суммасининг 10%идан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлаши керак. Пеня миқдори 5 млн сўмни ташкил этади. Даъвони қондиришингизни сўраймиз.

 

Харидорнинг позицияси

– Биз ускунани ўз эҳтиёжларимиз учун сотиб олган, ундан ишлаб чиқаришда фойдаланмоқчи эдик. Бироқ хом ашё ва бутловчи буюмлар кечикканлиги сабабли ускунадан бевосита мақсадига кўра фойдалана олмай, сотувчи билан ҳисоб-китоб қилиш учун уни 2-МЧЖга сотдик. Олинган олдиндан тўловни (20 млн сўм) банк ДСИ қўйган инкассо топшириқномасига асосан ҳисобварақдан ҳисобдан чиқарди. Шу боис сотувчидан 3 ой муҳлат беришни сўрадик. Қарзни кечиктириб тўлаш имконини берувчи келишув битимини тузишни сўраймиз.

 

Учинчи шахснинг позицияси

– Биз тўғриликча ускунани сотиб олдик, олдиндан тўлов тўладик ва қолган суммани ҳам ўз вақтида тўлашни кўзлаб турган эдик. Биз шартномада белгиланган уни сотишга чеклов борлигидан бехабар эдик. Суд 2-МЧЖ инсофли сотиб олувчи эканлиги ва харидорнинг қарзни кечиктириб тўлаш имконини берувчи келишув битимини тузиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлашини эътиборга олишини сўраймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозлари, учинчи шахснинг фикрини тинглаб ва муҳокама қилиб, даъвогарнинг келишув битимини тузишдан бош тортганини эътиборга олиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил қилиб, сотувчининг ускунани қайтариш, умумий суммаси 5 млн сўмлик пеня, 1 432 640 сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини тўлаш даъвоси билан судга мурожаат қилишига сабабчи бўлган юқорида баён этилган далиллар тасдиғини топди.

ФКнинг 236, 260, 333 ва 424-моддаларига асосланган ҳолда биринчи инстанция суди даъво талабларини тўлиқ ҳажмда қондириш ҳақида қарор қабул қилди. Апелляция ва кассация инстанциялари судлари ушбу ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

Юрист шарҳи

ФКнинг 236-моддасида назарда тутилишича, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Олди-сотди шартномаси бўйича бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 386-моддаси).

ФКнинг 424-моддасига мувофиқ, олди-сотди шартномасида сотувчининг сотиб олувчига топширилган товарга мулк ҳуқуқи товар ҳақи тўлангунга ёки бошқа ҳолатлар юз бергунга қадар сақланиши назарда тутилган ҳолларда, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у товарнинг вазифасидан ва унинг хусусиятларидан келиб чиқмаса, сотиб олувчи мулк ҳуқуқи ўзига ўтгунча товарни ўзгага беришга ёки бошқача тарзда тасарруф этишга ҳақли эмас.

Топширилган товарнинг ҳақи олди-сотди шартномасида белгиланган муддатда тўланмаганда ёки мулк ҳуқуқи сотиб олувчига ўтадиган бошқа ҳолатлар юз бермаганда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотувчи сотиб олувчидан товарни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.

Юқорида келтирилган қоидалар харидор шартномага кўра сотувчи билан ҳисоб-китоб қилмай ускунани учинчи шахсга (2-МЧЖга) сотишга ҳақли эмаслигини исботлайди. Шу сабабли сотувчи ускунани қайтаришни талаб қилишга ҳақли эди.

ФКнинг 333-моддаси 1-қисмига мувофиқ, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради. Шартномада харидор ўз вақтида ҳақ тўламаганлиги учун кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,5% миқдорида, бироқ шартнома умумий суммасининг 10%идан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлаши назарда тутилган. Пеня миқдори 5 млн сўмни ташкил этади, у ҳисоб-китоб билан тасдиқланган ҳамда суд томонидан асосли ва тўғри ҳисоблаб чиқарилганлиги бобида текширилган. Шу сабабли сотувчининг пеняни ундириш талаби шартномага ва қонун ҳужжатларига асосланган.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда суд даъво талабларини тўлиқ ҳажмда қондириш ҳақида тўғри қарор қабул қилган.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, харидор якуний ҳисоб-китоб муддати келишидан аввал сотувчига тўлов муддатини ошириш назарда тутилган қўшимча битим тузишни таклиф этиши керак эди. Бундан ташқари, ФКда назарда тутилган мажбуриятларни ижро этиш ёки ижро этилишини таъминлаш усулларини (воз кечиш, кафиллик, гаров ва б.) ўзгартириш ҳақида сотувчи билан келишувга эришиши, қарз олиши ёхуд сотувчининг розилиги билан қарзни 2-МЧЖ ёки учинчи шахсларга ўтказиши мумкин эди.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

 

Прочитано: 1377 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика