Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 29 / Хўжалик юритиш қоидалари

Валюта тушумини сотиш шартми?

 

Биз микрофирма ҳисобланамиз. Импорт товарларини чакана сотиш билан шуғулланамиз. Вақти-вақти билан харидорлардан валюта терминали орқали валютадаги тушум тушади. Тушумдан валютани мажбурий сотмаймиз, чунки экспорт билан эмас, импорт билан шуғулланамиз. Бу ойда банк нимага асосан валютани сотмаслигимиз ҳақида тушунтириш хати ёзишимизни талаб қилмоқда. Биз уни сотишга мажбурмизми? Бу қайси меъёрий ҳужжатлар билан тасдиқланади?

Е.Майорова,

КК директори.

 

– Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибининг (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон қарорига 1-илова) 2-бандига мувофиқ, корхоналар мажбурий сотишни товарлар ва хизматлар экспортидан олинган хорижий валютадаги тушумдан амалга оширадилар.

«Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси ва Солиқ кодексининг 22-моддасига мувофиқ, товарларни экспорт қилиш Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан товарларни, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, қайта олиб кириш мажбуриятисиз олиб чиқиш ҳисобланади.

Корхонангиз ваколатли банкда олинган валюта терминали орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий валютага импорт товарини сотган. Тегишинча, мазкур ҳолда товарлар экспорт қилинмаган. Шу сабабли валюта тушумининг бир қисмини сотишга мажбур эмассиз.

Умумий қоидага кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча ҳисоб-китоблар миллий валютада амалга оширилади. Бу «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасида белгиланган. Бироқ ушбу моддада резидентларга хорижий валютадаги ҳисоб-китоблар бўйича операцияларни амалга оширишга рухсат берилган истисноли ҳолатлар келтирилган. Хусусан, улар томонидан резидентлар ҳамда норезидентлардан пластик тўлов ва кредит карточкалари бўйича тўловларни қабул қилишга рухсат берилган. Резидент юридик шахсларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги ваколатли банклардаги валюта ҳисобварақларида сақланадиган чет эл валютасидаги маблағлари улар томонидан мустақил равишда, бироқ қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланилади («Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг ­16-моддаси 2-қисми).

Банкка хат тайёрлаётганда ушбу жавобда кўрсатилган қонун ҳужжатларининг меъёрларига ҳавола қилишингиз мумкин.

 

Маълумот учун! Солиқ кодексининг 22-моддасига мувофиқ, ишларни (хизматларни) экспорт қилишишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) жойидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахси томонидан чет давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси учун ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш. Агар сиз Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий фуқарога муайян турдаги хизматларни кўрсатган ёки ишларни бажарган ва бунинг учун чет эл валютасида ҳақ олган бўлганингизда, сизга нисбатан Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибининг талаблари татбиқ этилган бўлар эди.

 

Тимур Мўминов, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1702 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика