Ишлаб чиқариш корхонаси валюта тушумининг 50%ини мажбурий сотгандан кейин банкдаги ўз ҳисобрақамидан қолган 50% валютани нақд ёки нақд пулсиз кўринишда олишга ҳақли бўладими?
Л.Тусканова.
– Фуқаролик кодексининг 773-моддаси 3-қисмида қайд этилишича, мижознинг банкдаги ҳисобварақда турган пул маблағлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нақд пул шаклида олиниши мумкин.
Юқорида тилга олинган моддада ҳавола қилинган қонун ҳужжатларидан бири Ваколатли банклар томонидан хорижий валютадаги ҳисобварақларни юритиш тартиби (АВ томонидан 22.10.1998 йилда 511-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳисобланади.
Тартибга кўра, резидент – юридик шахсларнинг чет эл валютасидаги маблағлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатли банкларда очилган валюта ҳисобварақларида сақланади ва улар ушбу маблағлардан қонунчиликка мувофиқ ҳолда мустақил равишда фойдаланадилар.
Валюта ҳисобварақларидаги маблағлар ҳисобварақ эгасининг топшириғига кўра қуйидаги мақсадлар учун ишлатилиши мумкин:
жорий халқаро операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ тўловлар бўйича ўтказилиши;
чет эл валютасидаги операциялар бўйича банкнинг воситачилик ҳақини, ходимларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига хизмат сафарига жўнатилиши билан боғлиқ харажатларни (шу жумладан, нақд пул шаклида) тўлаш, шу жумладан қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда авиачипталарни сотиб олиш учун;
кредитлар, қарз маблағлари, фоизлар ва бошқа даромадлар тўлови учун;
қонунчиликда белгиланган тартибда юридик шахсларнинг устав фонди (устав капитали)ни шакллантиришга доир харажатлар тўловини ўтказиш учун;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ваколатли банклар орқали сотиш учун;
қонунчиликда белгиланган ҳолларда носавдо тусидаги тўловлар бўйича ўтказилиши;
ҳисобварақ эгасининг Ўзбекистон Республикаси бошқа банкларида очилган ҳисобварақларига ўтказиш учун;
қонунчиликда белгиланган бошқа мақсадлар учун.
Юқоридагилардан кўринганидек, қонун ҳужжатларида нақд валюта фақат юридик шахснинг ходими хорижга хизмат сафарига юборилган ҳолларда берилиши назарда тутилган.
Ушбу масала Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 19.11.2015 йилда 2730-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади.
Шу тариқа, корхона валюта тушумининг 50%ини мажбурий сотгандан кейин валюта маблағларининг қолдиғини фақат қонун ҳужжатларининг юқорида кўрсатилган меъёрлари доирасида тасарруф этиши мумкин.
Маҳкам Воҳидов,
юридик фанлар номзоди,
«Norma Online» эксперти.