Ходим мол-мулкнинг бузилишига сабабчи бўлди, унинг суммаси ўртача ойлик иш ҳақидан ошади. Бироқ у зарар суммасини қоплашга ихтиёрий равишда розилик бериб, уни иш ҳақидан ушлаб қолишлари ҳақида ариза ёзди.
Ходимнинг аризасига кўра унинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошадиган суммани зарарни қоплаш ҳисобига ушлаб қолишга ҳақлимизми? Ёки судга мурожаат қилишимиз шартми?
А.Сагдеева,
АЖ юристи.
– Ҳа, сиз бунга ҳақлисиз, чунки ходим розилик берган.
Иш берувчига зарар етказишда айбдорлигини тан олган ходим уни ихтиёрий равишда қисман ёки тўлиқ тўлаши мумкин (Меҳнат кодексининг 206-моддаси 1-қисми).
Умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан (100%гача), бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, – суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин (МКнинг 164-моддаси 1-қисми). Шу муносабат билан қонун чиқарувчи ходимнинг розилигисиз ушлаб қолинадиган энг кўп миқдорни белгилаган – у ходимнинг манфаатини кўзлаб ва унинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини қондириш учун етарли бўлган муайян иш ҳақи суммаси тўланишини таъминлаш учун унга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг 50%идан ортиб кетмаслиги лозим (МКнинг 164-моддаси 3-қисми).
Ходим ва иш берувчининг келишувига биноан зарарни тўлаш муддати кечиктириб қопланишига йўл қўйилади. Бундай ҳолда ходим иш берувчига тўлов муддатларини аниқ кўрсатиб зарарни қоплаш ҳақида ёзма мажбурият беради. Иш берувчининг розилиги билан ходим етказилган зарарни қоплаш учун унга баҳоси тенг мол-мулк бериши ёки бузилган мол-мулкни тузатиб бериши мумкин (МКнинг 206-моддаси 3 ва 4-қисмлари).
Агар зарарни ихтиёрий равишда тўлаш ҳақида ёзма мажбурият берган ходим меҳнатга оид муносабатларни бекор қилса ва зарарни тўлашдан бўйин товласа, қарзнинг узилмай қолган қисми нотариал идораларнинг ижро ҳужжатлари асосида ундирилади (МКнинг 206-моддаси 3-қисми).
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» эксперти.