2016 йил 15 июлда Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари муҳокама қилинди ва республика Ҳукуматининг жорий йил 15 январдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари бажарилишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Мажлисда Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиёт ўсишининг юқори суръатлари, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини узлуксиз ошириш барқарор равишда сақланаётгани таъкидланди.
● Иқтисодиётни ислоҳ қилишни, таркибий ўзгартириш ва модернизация қилишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизга ўсишини таъминлади. Саноат ҳажмлари 6,7 фоизга ўсди. Қурилиш ишлари ҳажми 17,5 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажми 12,9 фоизга кўпайди. Давлат бюджети ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади.
● Молия-банк тизими барқарорлигини янада ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар банклар жами капиталининг 23,3 фоизга ва депозитларнинг 27,7 фоизга ўсишини таъминлади, бу иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларининг 26,2 фоизга кўпайишига кўмаклашди. Барча банк кредитларининг қарийб 80 фоизи инвестиция мақсадларига берилган узоқ муддатли кредитлардир.
● Йил бошидан буён 462,5 мингта янги иш ўринлари ташкил этилган бўлиб, уларнинг 276,7 мингтаси ёки 59,8 фоизи қишлоқ жойлардадир.
● Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмларини 11,8 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестициялар ва кредитларни 17,2 фоизга кўпайтириш таъминланди. Жами қиймати 1,9 миллиард АҚШ доллари бўлган 43 та ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди. Умумий қиймати 3,4 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 72 та янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бошланди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари 1,5 бараварга ошиши таъминланди.
● Йил бошидан буён илгари ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган қарийб 600 та корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, маҳсулотларнинг 208 та янги турларини экспорт қилиш ўзлаштирилди. Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишни кўпайтириш таъминланмоқда.
● Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида хусусий мулкка қарийб 267,5 миллиард сўм миқдорида инвестиция мажбуриятлари қабул қилган ҳолда 305 та давлат активлари сотилди. Ўтган даврда хорижий инвесторларга 30 та акциядорлик жамиятидаги улушлар сотилди. Устав фондларида давлат улушига эга бўлган акциядорлик жамиятлари сони 2015 йилнинг шу давридаги 374 та ўрнига 202 тагача қисқарди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар ва республика вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Республика Ҳукуматининг мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди, уларда 2016 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
ЎзА материали асосида.