Бюджетдан таъминланмайдиган ташкилот муассиси акциядорлик жамияти бўлса, унинг ходимларига разрядлар белгилаш шартми?
З.Исматова,
МЧЖнинг кадрлар бўлими бошлиғи.
– Вазирлар Маҳкамасининг «Меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткасини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (18.03.1996 йилдаги 103-сон) 3-бандига кўра, ЯТСни қўллаш барча бюджет ташкилотлари учун мажбурийдир. Шунингдек ходимларнинг тариф-малака разрядларини ЯТС асосида белгилаш ўз фаолиятини хўжалик ҳисоби асосида амалга оширувчи барча давлат ва давлат-акционерлик корхоналари ва ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади. Давлат органига бўйсунувчи, бироқ бюджетдан молияланмайдиган ташкилот хўжалик ҳисобидаги ташкилот деб эътироф этилади.
Мулкчиликнинг бошқа шаклларидаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларга ходимларнинг тариф-малака разрядларини ЯТС асосида белгилаш тавсия этилади.
Шу тариқа, агар корхонангиз бюджет ва хўжалик ҳисобидаги ташкилот ҳисобланмаса, муассис – АЖда эса давлат улуши бўлмаса, сиз иш ҳақи миқдорларини ҳисоблаш ва ходимларнинг разрядларини белгилаш асоси сифатида ЯТСни қўллашингиз мумкин, бироқ бунга мажбур эмассиз.
Тимур Мўминов, «Norma Online» эксперти.