Norma.uz

Техника хавфсизлиги учун ким масъул?

 

Корхонамизда ходимлардан биронтасига техника хавфсизлиги ва меҳнатнинг муҳофаза қилинишига риоя этилишини назорат қилиш мажбуриятини юклаш керак. Корхонада техника хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси қандай амалга оширилади? Ушбу мажбуриятларни электрик зиммасига юклаш мумкинми? Масъул ижрочи ТХ ва ММ бўйича ишларни бажаришга тегишли рухсатнома олиши керакми?

Л.Итолмасова,

МЧЖ ҚК юристи.

 

– Корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасига оид асосий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун ҳисобланади.

Унинг 2-моддасига мувофиқ, меҳнатни муҳофаза қилиш – бу тегишли қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида амал қилувчи, инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат-саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена ва даволаш-профилактика тадбирлари ҳамда воситалари тизимидан иборат.

Корхоналарда меҳнатнинг муҳофаза қилиниши Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 15.09.2014 йилдаги 263-сон қарорига 1-илова) ҳамда ушбу соҳани тартибга солувчи бошқа стандартлар, қоидалар ва меъёрларнинг талабларига мувофиқ келувчи шарт-шароитларни яратиш йўли билан амалга оширилади.

Ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган корхоналарда махсус тайёргарликка эга шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони камроқ корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юкланади (Қонуннинг 14-моддаси 2-қисми).

Меҳнатни муҳофаза қилиш ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматларининг мутахассислари уларнинг хизмат вазифаларига тааллуқли бўлмаган ишларни бажаришга жалб этилишлари мумкин эмас (Қонуннинг 14-моддаси 5-қисми). Шу сабабли меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассиснинг мажбуриятларини бошқа ходимга юклаш тақиқланади.

Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича мутахассис малака сертификати бериш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 263-сон қарорига 2-илова) белгиланишича, иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи ташкилотнинг ходими сифатида ишлашни хоҳловчи жисмоний шахс Меҳнат вазирлиги берадиган малака сертификатини олиши керак.

Корхоналарда меҳнат муҳофазаси ходимларнинг ваколатли органлари (касаба уюшмалари) томонидан меҳнат муҳофазаси бўйича вакилни сайлаш йўли билан ҳам амалга оширилиши мумкин. Уни сайлаш тартиби Меҳнат муҳофазаси бўйича вакил тўғрисидаги низом (АВ томонидан 18.12.1995 йилда 196-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади. Меҳнат муҳофазаси бўйича вакил корхонанинг касаба уюшмаси ташкилоти умумий йиғилишида касаба уюшмаси раисининг ваколат муддатига ёки меҳнат жамоаси умумий йиғилишида (касаба уюшмаси ташкилоти бўлмаганда) у белгилайдиган муддатга, бироқ бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга очиқ овоз бериш йўли билан сайланади. Бунда шуни ёдда тутиш лозимки, корхонадаги меҳнат шароити ва муҳофаза қилиниши ҳолати учун жавобгарликни назарда тутувчи лавозимни эгаллаган шахс ёки меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ходимларидан бўлган шахс бундай вакил этиб сайланиши мумкин эмас.

 

Тимур Мўминов, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 20184 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика